Жаҳон | 22:00 / 18.03.2018
6618
2 дақиқада ўқилади

Филиппин президенти қолган давлатларни Халқаро жиноят судидан чиқишга чақирди

Филиппин президенти Родриго Дутерте Халқаро жиноят судининг таъсис шартномаси ҳисобланувчи Рим мақомини имзолаган давлатларни келишувни бекор қилишга чақирди. У бу ҳақда Филиппин шимолидаги ҳарбий академия кадетлари олдидаги чиқишида айтиб ўтди.

“Мен шартномани имзолаган барча давлатларни Халқаро жиноят судини тарк этишга чақираман. Бу ҳужжатни ҳеч ким тайёрламаган, бу Европа Иттифоқи томонидан таклиф қилинган келишув”, деб айтган Дутерте.

Дутерте 14 март куни Рим мақоми ратификацияси қайтариб олинишини эълон қилган. Бунга Халқаро жиноят суди прокуратураси февралда Филиппиндаги вазиятни ўрганишни бошлаш қарорини қабул қилгандан кейин қарор қилинган. Суд прокурори Фату Бенсуданинг айтишича, 2016 йил 1 июлдан гиёҳванд моддалар тарқатилишига қарши кураш кампанияси билан боғлиқ амалга оширилган жиноятлар” таҳлил қилинади. Прокурор маълумотларига кўра, бу кураш давомида гиёҳванд модда қабул қилганлик ва сотганлик учун минг киши ўлдирилган, гап баъзи ҳолларда полиция амалиётлари давомида судсиз ва терговларсиз қатл этишлар ҳақида кетмоқда.

Мавзуга оид