Ўзбекистон | 11:55 / 27.03.2018
11376
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттирмоқчи

Ўзбекистон то Ҳирот шаҳрига қадар чўзилган темир йўл лойиҳасини давом эттиришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири 27 март куни ташкиллаштирилган Тошкент шаҳридаги анжумандан хабар берди.

«​Биз 2002 йилдан буён Афғонистонга электр энергияси етказиб бермоқдамиз. Сурхон-Пули-Хумри янги электр тармоғининг ишга туширилиши билан Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин ортади.

Биз биргаликда яна бир стратегик лойиҳани амалга ошириш таклифини илгари сурмоқдамиз. Бу ўзбек мутахассислари томонидан қурилган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш лойиҳасидир.

Бу лойиҳа Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун аниқ ва амалий ҳисса бўлиб қўшилади, янги иш ўринлари яратади ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширади»​, деб фикр билдирган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг айтишича, трансафғон транспорт-коммуникация лойиҳалари бўйича ишларнинг шу каби катта аҳамиятга эга бўлган «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон» ва «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» каби бошқа минтақавий лойиҳалар билан узвий боғлиқ ҳолда бошлангани Шимолдан Жанубгача ҳамда Шарқдан Ғарбгача бўлган барча йўналишларда қитъалараро транспорт коридорларини энг қисқа йўллар билан ривожлантириш учун зарур шароитлар яратади.

Мавзуга оид