Ўзбекистон | 20:19 / 29.03.2018
103100
3 дақиқада ўқилади

Собиқ МХХ бўлинмалари вазифалари нега асоссиз равишда кенгайиб кетганди?

Aрхив фото/«Тараққиёт стратегияси» маркази

Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати зиммасига миллий хавфсизликни таъминлашнинг барча жиҳатлари юклатиб қўйилгани мазкур идора бўлинмалари вазифаларини асоссиз кенгайишига олиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIV ялпи мажлисида нутқ сўзлаган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев шундай фикр билдирди.

Дадахўжаевнинг айтишича, «​Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»​ги Ўзбекистон Республикаси қонуни соҳа фаолиятини аниқ белгилаб беришдек муҳим вазифани ўташи белгиланган. Гап шундаки, ўтган давр ичида собиқ МХХ вазифа ва ваколатлари асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлувчи омиллардан бири - соҳа фаолиятини тартибга солувчи қонун мавжуд эмаслигида эди.

«Айни қабул қилинаётган қонун Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратади. Сир эмаски, сўнгги пайтгача МХХ органлари фаолияти ҳукумат томонидан, деярли 27 йил аввал тасдиқланган Низом асосида амалга ошириларди. Боз устига, мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар ижро этувчи ҳокимиятнинг яширин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан киритилганди. МХХ зиммасига миллий хавфсизликни таъминлашнинг барча жиҳатлари юклатиб қўйилгани мазкур идора бўлинмалари вазифаларини асоссиз равишда кенгайишига олиб келди. Уларга жамият ҳаётининг барча соҳалари ва давлат органлари фаолиятига аралашиш учун замин яратиб берди», дейди у.

Қўмита раиси қабул қилинаётган қонун хизматнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиб бериши, унинг халқ учун очиқлигини ва қулайлигини таъминлаши ҳақида фикр билдирди.

«Қонун Давлат хавфсизлик хизмати мақоми, ваколати, фаолиятдаги предметларини аниқ белгилаб беради», деб қўшимча қилди у.
Сенатнинг XIV ялпи мажлисида 78 нафар сенатор иштирок этган бўлиб, улардан 77 нафари ушбу қонунни ёқлаб овоз берди.

Ўзбекистон Республикаси президент Шавкат Мирзиёев ҳам Олий Мажлис аъзолари ва жамоатчиликка билдирган Мурожаатномасида ҳеч қайси тизим ўз ваколатидан чиқиб кетмаслиги, бири бошқасининг функцияларини такрорламаслиги ва ўзаро тийиб туриш тамойилини бузилишига йўл қўймаслик ҳақида гапириб ўтганди.

Мавзуга оид