Фан-техника | 23:53 / 31.03.2018
14061
2 дақиқада ўқилади

Фан табиатдан ўрганмоқда: Камераларга кўринмас камуфляж яратилди

Фото: ScienceNewsline

Одамлар ниқобланиш технологиясини қадимдан ўзлаштириб келганлар ва улар яратган камуфляж қанчалик мукаммал бўлса, уларнинг ҳарбий кампаниялари шунчалик муваффақиятли кечган. Ўшандан бери технологиялар анча илғорилаб кетган: бу соҳада охирги ҳақиқатан аҳамиятли натижалардан бири Калифорния университети олимларининг ихтироси бўлди. Уларни бунга денгиз жонзотлари – калмарлар илҳомлантирган. Гап шундаки, калмарлар ўз териси ҳужайраларидаги пигмент эвазига тўқималарни деформация қилиб,  танаси рангини ўзгартира олади.  

Америкалик олимлар калмарнинг бу жиҳатини такрорлаш усулини топишди. Бунинг учун улар эластик полимер плёнка сиртини алюминий билан қоплашган. Бундай плёнка чўзилса, сиқилган ҳолатдагисидан кўпроқ инфрақизил нур акслантиради. Унинг бу хусусияти, албатта, объектни кўринмас қила олмайди, бироқ инфрақизил датчиклардан яшира олади. 

Олимлар ўз ихтироларини калмар шаклида кесиб олинган плёнкани иссиқ сиртга қўйиб синаб кўришди. Шакл қизиган ҳолатда камерада яхши кўринади, бироқ у совитилса, тасвир йўқолади. Олимлар бу технологияни қўллаб, яқин келажакда инсонни рақамли қурилмаларга кўринмас қила олувчи янги камуфляж яратишмоқчи.