Спорт | 11:20 / 01.04.2018
11767
2 дақиқада ўқилади

Поветкин - Жошуа жанги шу йилиёқ ўтказилиши мумкин

Фото: Спорт Экспресс

Россиялик боксчи Александр Поветкин ҳамда 3та чемпионлик камарига эга буюк британиялик боксчи Энтони Жошуа ўртасида 2018 йил кузида жанг ўтказилиш мумкин. Бу ҳақда ТАСС «Мир бокса» компанияси раҳбари Андрей Рябинскийга асосланган ҳолда хабар тарқатди.

1 апрелга ўтар кечаси Кардиффдаги бокс оқшомида Поветкин британиялик Дэвид Прайсни бешинчи раундда нокаутга учратди. Жошуа эса шу аренада янги зеландиялик Жозеф Паркерга қарши 12 раундлик жангда ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозониб, WBA Super, IBO ва IBF камарларини ҳимоя қилди ҳамда WBO камарига эга чиқди.

«Биз Жошуанинг промоутери Эдди Ҳирн билан бўлғуси режаларни муҳокама қилдик. Кейинги жанг Поветкин ва Жошуа ўртасида кечиши ҳақида гаплашдик. Аммо ҳозирча шартнома имзоланмаган, бу ҳақда аниқ гап айтишга ҳали эрта. Биз бу жангни йил охирига, балки кузга ўтказишни режалаштирмоқдамиз», деган Рябинский.

Поветкин ҳозирда WBA Super камари учун Жошуага мажбурий даъвогар бўлиб турибди. Айни вақтда 38 ёшда бўлган россиялик профессионал боксда 34 ғалаба (24 нокаут) ва бир мағлубият қайд этган.

Жошуа эса 21 жангда 21 ғалабага эришган - 20та жангда нокаут билан.

Мавзуга оид