Ўзбекистон | 10:02 / 03.04.2018
58015
4 дақиқада ўқилади

Минораи Калон “Ўлим минораси”ми?

Фото: Livejournal

Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”сида Чингизхон ҳақида шундай маълумот берилган: “Чингиз Мовароуннаҳрни босиб олди, Бухоро, Самарқанд, Термизни вайрон қилди... Аммо кейин Бухоро ва Самарқанд аҳолисини афв этиб, уларга тегмади ва Ироққа қайтиб кетди”. Бу китобда Чингизхон мазкур шаҳарларни нима сабабдан афв этгани ҳақида маълумот йўқ. 

Лекин бу ҳақда кўплаб тарихий манбаларда зикр этилган бир воқеа бор: 1220 йил мўғул қўшинлари Бухорои шарифга ёпирилиб киради. Ҳукмдорнинг буйруғи билан шаҳарни бир бошдан буза бошлайдилар. Шу жараёнда Чингизхон Арслон минорасини яқиндан келиб томоша қила бошлайди. Кутилмаганда, бошидаги тулки терисидан тикилган қалпоғи учиб кетиб, оти ҳуркиб орқага тисарилади. Шунда “Минора илоҳий экан, таъзим бажо келтирмаганим учун менга ғазаб қилди”, деган фикр унинг хаёлига келади. Шундан сўнг Чингизхон  бу муқаддас даргоҳни буздирмайди ва миноранинг шарофати билан шаҳарнинг марказий, жанубий ва ғарбий қисмлари омон қолади.

Минораи Калон Қорахонийларнинг сўнгги ҳукмдори бўлмиш Амир Арслонхон томонидан 1124-1127 йилларда қурдирилган. Унинг умумий баландлиги 50 метрга яқин. Минорага чиқиладиган зиналарнинг сони 104тани ташкил этади.

Қорахонийлар даврида масжид имомлари у ердаги аниқ қуёш соатига қараб, шаҳар аҳлини намозга даъват этиб турганлар. 

Минора тепасининг ёпиқ ўчоғидаги олов ўн метрлардан ошиқ баландликка кўтарилиб, гуриллаб ёниб, кечаси чор-атрофни ёритиб турган. Бухорои шарифга келаётган карвонлар адашмай йўл топиб келган бўлса, яқин атрофдаги маҳалла аҳли сайиллар уюштирган, болалар эса кечалари бемалол ўйнаб юришган. Масжидга намозга келаётганлар қиш-қировли кунларда фонус кўтариб юриш ташвишидан қутилишган.

Сайёҳлар Минора тепасига чиқиб, гўзал шаҳар ва ям-яшил дарахтлар билан қуршалган қишлоқ, дала-даштларни завқ билан томоша қилишган. 

Аммо 1920 йил 20 сентябрь кечаси Фрунзе бошлиқ босқинчилар Бухорои шарифни тўплардан ўққа тутиб, вайрон этишади. Арслон Минорасининг ҳам 7-8 жойини ўқ тешиб ўтади. Бу ҳам етмагандай кўчаларнинг қор ва ёмғир сувларини унинг тагига оқизиб қўядилар...

Бугунги кунда ноёб ёдгорлик намунаси бўлмиш Минораи калон Ўзбекистон жавоҳирларидан бири сифатида кўз қорачиғидай асраб-авайланмоқда. У сайёҳларнинг диққат марказидаги масканлардан саналади. 

Шу ўринда айтмасак бўлмайдиган бир гап: Айримлар бу тарихий бинони “Ўлим минораси” деб атайдилар. Бу ўта совуқ ва нотўғри талқиндир. Чунки тарихчиларнинг фикрича, бу минора ҳеч қачон қатл учун хизмат қилмаган. Тарихда амир ё хон бирор кишини минорадан ташлаб ўлимга маҳкум қилган эмас. Фақат бир ўринда ёзувчи Садриддин Айнийнинг ёзишича, вобкентлик Файзи Авлиё деган киши Бухорои шарифга келиб, маблағ топиб, ўз ҳамқишлоқларига кўмак бериб турган. Ҳатто у бир гал Минора тепасидаги амир байроғини ҳам ўғирлаб кетган экан. Амир бир неча бегуноҳ одамларни зиндонга солгач, Файзи Авлиё бўйин эгиб келиб, уларни озод этишни сўрайди. Бу мардлиги учун Амир унинг гуноҳидан ўтади. Аммо сарой аъёнлари бунга рози бўлмайдилар. Шунда Файзи Авлиё ўзининг ўз манфаати учун гуноҳга ботадиган ўғрилардан эмаслигини айтиб, ўзини шу минорадан ташлаган экан. 

Бу воқеанинг тарихий ҳақиқат ёки ёлғонлиги ҳам исботланмаган. Шундай экан, бу гўзал ва қадимий бино совуқ номлар билан аталмаслиги керак. 891 ёшлик қўҳна ва бетакрор Минораи Калонга “Бухоронинг гўзал Келинчаги”, “Бухорои шарифнинг гўзал Маликаси”, “Бухоро посбони” ёки “Арслон минораси” каби нафис исмлар эса, албатта, ярашади.
 

Мавзуга оид