Жамият | 13:49 / 05.04.2018
18927
2 дақиқада ўқилади

“Дўстлик” чегара божхона комплексида тақиқланган маҳсулот тўхтатиб қолинди

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш ва лазерли нур тарқатгичларни ноқонуний ишлатишнинг олдини олиш мақсадида бу каби маҳсулотларни четдан олиб кириш ва сотиш тақиқланган.

Аммо айрим шахслар лазерли нур тарқатгичларни қайта сотиш йўли билан мўмай даромад орттириш мақсадида қонунбузарликка қўл урмоқда, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Яқинда Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона комплексига Қирғизистондан кириб келган фуқаро, 1988 йилда туғилган М.И.нинг қўл юклари рентген аппарати ёрдамида кўздан кечирилганда шу каби қонунбузарлик фош этилди.

Натижада, ушбу аёлнинг ёнида божхона ходимларининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган қиймати 2 040 000 сўмлик, хорижда ишлаб чиқарилган жами 408 дона лазерли нур тарқатувчи маҳсулотлар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 22719-моддасига мувофиқ иқтисодий сиёсат чоралари ва бошқа чекловлар қўлланиладиган товарларни ана шу чоралар ва чекловларни қўлланишнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиш, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, агар жиноят аломатлари бўлмаса, фуқароларга товарларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, мазкур Кодекснинг 116-1-моддаси талабларига  мувофиқ ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида ҳаво кемасига лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш — ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

Мавзуга оид