Жаҳон | 23:28 / 06.04.2018
22932
3 дақиқада ўқилади

Хитой расмийлари АҚШга: "Ҳеч қандай иккиланишсиз зарбага зарба билан жавоб берамиз"

Фото: Reuters

Америка томоннинг савдо соҳасидаги сўнгги баёнотлари Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирмоқда, бундай шароитларда икки томонлама музокараларни олиб боришнинг иложи йўқ, деди Хитой Тижорат вазирлиги вакили Гао Фэн жума куни.

"Хитой томон, АҚШнинг баъзи расмийлари шундай фикр (Пекин ва Вашингтон ўртасида савдо-сотиқ муаммолари бўйича музокаралар олиб борилаётгани) билдирганини таъкидлаганди, бироқ бу ҳақиқатдан йироқ. Сўнгги вақтларда икки мамлакат молия соҳаси расмий вакиллари ўртасида савдо-сотиқ масалалари бўйича ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаган", - деди Гао Фэн матбуот анжуманида. 

"АҚШ Хитой товарларига тўловларни 100 миллиард долларга оширишни таклиф қилди, Хитой ундан-да кескин жавоб қайтарди. Икки томонда бундай вазият кузатилаётган бир вақтда мазкур масала юзасидан қандайдир музокаралар олиб бориш мутлақо имконсиз бўлиб қолмоқда", - деди Гао Фэн. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ вазиятни нотўғри баҳолаган ва хато қарор қабул қилган. Қўшимча тўловлар Хитойнинг 1,3 минг турдаги маҳсулотига нисбатан жорий қилинган. 

Бунга жавобан Хитой Давлат кенгаши АҚШдан импорт қилинувчи 106 турдаги товар учун 25 фоиз қўшимча тўлов киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. Маҳсулотлар орасида самолётлар, автомобиллар, кимёвий маҳсулотлар ва бошқалар бор, 2017 йилда АҚШдан шу маҳсулотлар импорти 50 миллиард долларни ташкил қилди. Эълон қилинган чораларнинг кучга кириши АҚШнинг сўнгги қарорларига боғлиқ бўлади. 

"Агар АҚШ Хитой товарларига тўловни 100 миллиард долларга оширишини назарда тутувчи янги рўйхатни тақдим этса, ХХР томон бунга тайёр, биз ҳеч қандай иккиланишсиз зарбага зарба билан жавоб берамиз", - деди Гао Фан. 

Бундан аввал АҚШ Хитой маҳсулотларига нисбатан тўловларни 50 миллиард долларга ошириш ҳақида қарор қабул қилган эди. Бунга Хитой томоннинг Америка маҳсулотларига интеллектуал ҳуқуқни бузиши сабаб қилиб келтирилган. 

 

Мавзуга оид