Ўзбекистон | 16:26 / 11.04.2018
17668
3 дақиқада ўқилади

Тўртта қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда

Иллюстратив фото/additudemag

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор долзарб қонун лойиҳалари қуйи палатанинг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритиш учун тайёрланмоқда, деб ёзяпти “Халқ сўзи”.

Хусусан, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида Адлия вазирлиги томонидан президентнинг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишга киритишга ҳозирлик кўриляпти.

Маълумки, Фармонга асосан, жорий йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари президентнинг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Шунга кўра, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Қўмита ишчи гуруҳи йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси юзасидан сўзга чиқувчи масъул депутат белгилаб олинди ҳамда унинг муҳокамасига жалб этиладиган мутахассис ва экспертлар гуруҳи шакллантирилди.

Шунингдек, давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган яна бир қонун лойиҳасини ҳам Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритиш мўлжалланмоқда.

Ушбу ҳужжат билан тўртта Қонунга, жумладан, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ, Бюджет ҳамда Божхона кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Бундан кўзланган мақсад ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ҳамда молиялаштиришнинг янги тартибига амалдаги қонун ҳужжатларининг мувофиқлаштирилишини таъминлашдир.

Қўмита ушбу қонун лойиҳасини қуйи палатада кўриб чиқишда иштирок этиш учун экспертлар гуруҳини шакллантириб олди.

Мавзуга оид