Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун: Kun.uz’нинг ҳуқуқий таҳлили
Маълумки, жорий йилнинг 6 апрелидан «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонуни кучга кирди. Қонун Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 15 мартда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2018 йил 29 мартда маъқулланган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қонунни 2018 йил 5 апрель куни имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон махсус хизмати аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 2 ноябрдаги «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қарори асосида фаолият кўрсатиб келган. Бу қарорнинг иккинчи бандида Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги низом тасдиқланган эди.
Янги қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун 9 боб ва 48 моддадан иборат.
Биринчи навбатда, мазкур қонуннинг 5-моддасига эътибор қаратайлик. Моддада Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) нинг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
- давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатларига ҳамда хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;
Бу мазкур қонуннинг 5-моддасидан парча эди. Модданинг мазмунига эътибор беринг — давлат органлари ва бошқа ташкилотларда коррупция ҳолатларига қарши курашиш. Умуман олганда, ДХХ давлат органларида коррупция ҳолатларига қарши курашиши тушунарли, чунки ташкилот давлат хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.
Хўш, «бошқа ташкилотларда» дейилганда нима назарда тутилмоқда?
Фуқаролик кодексига қараймиз. Ушбу кодекснинг 39-моддасида ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Фуқаролик кодексининг 40-моддасида фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган (тижоратчи ташкилот) ёки фойда олишни ана шундай мақсад қилиб олмаган ташкилот (тижоратчи бўлмаган ташкилот) юридик шахс бўлиши мумкин, деб ёзилган.
Бундан келиб чиқадики, ДХХ нафақат давлат органларида, балки тижорат ва нотижорат ташкилотларида ҳам коррупцияга қарши курашади.
«Бошқа[лар]» термини ўз-ўзидан, кўриб чиқилаётган ижтимоий муносабатларини тартибга солиш соҳасида ҳуқуқий бўшлиқ мавжудлиги билан боғлиқ коррупцион омилга ишора қилади. Бу мулоҳаза шунингдек «бошқа[лар]» терминининг жисмоний ва юридик шахсларга, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, ҳужжатлар, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ваколатлари, шунингдек, ижтимоий муносабатларнинг бошқа исталган элементларига нисбатан қўлланилиши ҳолатларига ҳам тааллуқлидир.
Бу ҳолатда эътиборингизни «коррупция» тушунчасига қаратишни истар эдим. Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунига кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий фойда олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай фойдани қонунга хилоф равишда тақдим этиш демакдир.
Бироз ортга қайтамиз. Худди шундай ҳолат ДХХ ҳақидаги қонуннинг асосий тушунчаларида ҳам кўзга ташланади, яъни, қонуннинг 4-моддасида белгиланишича, давлат хавфсизлиги — Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумининг, суверенитетининг, ҳудудий яхлитлигининг ва бошқа давлат манфаатларининг ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланишини ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари рўёбга чиқарилишини таъминлайди. Давлат хавфсизлигини таъминлаш билан айнан ДХХ шуғулланиши мантиқан тўғри. Бундан келиб чиқадики, ДХХнинг эҳтимолий ноинсоф ходими давлатнинг бошқа манфаатларини ҳимоя қилишни рўкач қилиб, жойларда ўз ваколатларини кенгайтириши мумкин. Давлатнинг бошқа манфаатларини ҳимоя қила туриб, ДХХнинг айрим эҳтимолий ноинсоф ходимлари фермерлар ёки ишбилармонларга зуғум ўтказишмасмикин?
Яна бир мисол. 23-моддада ДХХнинг ҳуқуқлари келтирилади. Қайд қилинишича, ДХХ мансабдор шахслар ва фуқаролардан тезкор-қидирув, қидирув ҳамда бошқа тадбирлар, терговга қадар текширишлар ва тергов ҳаракатлари ўтказиладиган жойларни тарк этишни талаб қилишга ҳақли. Бу ҳолатда «бошқа» термини ДХХга исталган тадбирни ўтказиш имконини бермоқда. Умуман олганда, тадбир дея ҳар қандай нарсани номлаш мумкин. Шу модданинг ўзида Давлат хавфсизлик хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин, дейилган. Агар оддий тилга ўгирилса, ДХХ исталган нарсасини қилиши ва бу унинг ҳуқуқи эканлигини қайд этиши мумкин. Боз устига, қонунчиликка мувофиқ тарзда. Қайси қонунчиликка? Яна ҳеч ким билмайдиган ҳавола нормалари, шундай эмасми?
Умуман олганда, «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунида 63 марта «бошқа» сўзи учрайди. Танқид қилиш ниятида эмасмиз, лекин факт фактлигича қолади.
Давом этамиз. Қонуннинг 5-моддасига кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирларининг сақланишини назорат қилиш ДХХнинг иши ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 10 моддадан иборат қонун Олий Кенгаш томонидан 1993 йилда қабул қилинган ва ўшандан буён ҳеч қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган. Қонунчилардан аллақачон «махфийлик» даражаси ва «хизматда фойдаланиш учун» тушунчасига аниқлик киритиш талаб этилади. Айнан шундагина ДХХ қонунчиликка кўра нима давлат сири эканлигини аниқ билади. Умуман олганда, шундай амалиёт юзага келганки, барча ҳужжатлар гўёки «махфий» саналиб, собиқ МХХ Ўзбекистоннинг деярли барча ташкилотларида жамики ахборот алмашинувини ўз назоратига олган эди. Интернетда иш юритиш бўйича йўриқномалар жуда кўп, лекин қонун ижодкорларимиз бу муносабатларни тартибга солувчи ягона ҳужжатни эълон қилишлари учун фурсат етди, деб ўйлаймиз.
14-модда. Бу моддада Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ушбу хизматнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда техник воситалардан, шу жумладан, аудио, фото ва видео қайд этиш, криптография воситаларидан ҳамда бошқа махсус воситалардан фойдаланиши мумкинлиги қайд этилган. Қайси бошқа воситалар ҳақида сўз бораётганини бизга қоронғу, лекин асосий масала шундаки, ДХХ ходимлари техник воситалардан қачон ва қаерда фойдаланишлари мумкин? Кимнидир «жосус» деб қарор қилишган бўлишса, унинг қўнғироқлари эшитила бошланадими? Кимдир соқолини ўстирди, эҳтимолий «террорчи», унинг уйига камера қўйишадими? Умид қиламизки, тизимда бу каби вазифаларни бажаришнинг аниқ механизмлари мавжуд. «Мумкин» термини ҳақида қуйироқда гаплашамиз.
21-моддада қайд этилишича, Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Давлат хавфсизлик хизматига давлат хавфсизлигини таъминлашга доир вазифаларни бажаришда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт. Яна барчаси ДХХ ходимининг ўз ишига виждонан ёндашувига боғлиқ бўлиб қолмоқда. «Шарт» термини шунчаки оддий сўз эмас. Мажбуриятни бажармаслик жавобгарликни келтириб чиқаради. Боз устига, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қандай ваколатларга эга? Умид қиламизки, кимдир ДХХга рад жавобини берса, у шарт бўлса-да, «кўмаклашмагани учун» жазоланадиган ҳолатларга дуч келмаймиз.
Давлат хавфсизлик хизматига кўмаклашиш. 31-моддада белгиланишича, Давлат хавфсизлик хизмати зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда айрим шахсларни ошкора ва ноошкора асосда, шу жумладан штатдан ташқари ходимлар сифатида кўмаклашишга жалб этиши мумкин. Биргина «мумкин» сўзининг ўзи коррупциоген шароитлар яратувчи термин ҳисобланади. Ушбу омилнинг коррупциявийлиги шунда кўзга ташланадики, бу давлатнинг ваколатли шахсига ўз ихтиёрига кўра рухсатни тақсимлаш, ҳуқуқларни амалга ошириш ҳақида қарор чиқариш ёки чиқармаслик имкониятини тақдим этади ва ўз навбатида бу коррупцион характердаги хатти-харакатларни содир этишга ундайди. Бу модда «фақат унинг розилиги билан» жумлалари билан тўлдирилса мақсадга мувофиқ бўларди.
33-моддада қайд этилишича, Давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этиш учун Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ҳаракатдаги резервда ҳарбий хизматда қолдирилган ҳолда давлат органларига ва бошқа ташкилотларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча хизмат сафарига юборилиши мумкин. Бу давлатимиз ҳамон «кураторлар»ни қўллаш амалиётидан воз кечмаганини билдиради. Қонун ижодкорларимиз кураторлар давлат органлари ва бошқа ташкилотларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат сафарига юборилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Қизиқ, бу қандай тартиб? Ва у қайси қонунда белгиланган?
Энди қонунга кўра, лицензиялашни амалга ошириш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш чоғида ДХХ лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилганлигини текшириш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.
Қонуннинг 29-моддасида қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг тезкор тадбирлар кўрувчи махсус гуруҳлари руҳан бардошли, юксак ахлоқ-ирода хислатларига, махсус тайёргарликка эга бўлган, соғлиғининг ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг махсус жанговар бўлинмаларидаги хизматга яроқли шахслар орасидан тузилади. Ажойиб мезонлар, бироқ нега қонун ижодкорларимиз ДХХнинг бошқа ходимлари ҳам шунга ўхшаш мезонга асосан танланишини белгилашмаган?
Танқид қилиш фикридан йироқмиз. Бу холисона ҳуқуқий таҳлил. Биз — Ўзбекистон аҳолисига яхши бўлиши учун барча нарсани қилишга интиламиз. Бу деталлар ҳисобга олинадими-йўқми, номаълум. Қонун қабул қилинишидан аввал жамоатчилик муҳокамасига қўйилмагани таассуфли. Эҳтимол, жамоатчилик ўз мулоҳаза ва таклифларини берар эди. Умид қиламизки, қонун ижодкорлари барча деталларни инобатга олишади ва келгусида шундай тушунмовчиликларга йўл қўйишмайди.
Улуғбек Акбаров,
Kun.uz’нинг мустақил эксперти
Мавзуга оид
19:56 / 15.10.2024
Қадимий олтин тангаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди
09:11 / 21.03.2024
ИИВ департаменти тузилмасида Стратегик таҳлил маркази ташкил этилади
21:24 / 26.05.2023
Ўзбекистонлик йигит Украинадаги урушда ҳалок бўлди
15:47 / 31.07.2022