Жаҳон | 01:10 / 21.04.2018
9862
6 дақиқада ўқилади

Чиқиндининг баҳоси: биз фойдаланаётган буюмлар Ерга қандай зарар етказмоқда?

© REUTERS/Dinuka Liyanawatte

ТАСС Greenpeace билан ҳамкорликда одатий пластик буюмлардан воз кечиш атроф-муҳитга қандай ёрдам қилиши мумкинлигини эринмасдан ҳисоблаб чиқди.

Кўпчилигимиз пластик буюмлар атроф-муҳитга катта зиён етказишини, полиэтилен пакетлар — бало экани, пластик идишлардан ҳам тезроқ қутилиш кераклиги ҳақида кўп ва хўп эшитганмиз. Бироқ, барчамиз ўрганиб қолган бу буюмлардан воз кечиш айнан қандай қилиб Ерни сақлаб қолиши мумкинлиги бироз тушунарсиз. 22 апрель куни нишонланадиган Ер кунига ТАСС Greenpeace билан биргаликда бир саволни ўртага ташлади: бир инсоннинг кундалик маиший одатларидан воз кечиши Ерга нималар беради? Натижалар бизни ҳайратлантирди. Фақатгина фактлар ва қуруқ рақамларни келтирамиз.

Экосумка ва экохалта vs полиэтилен пакет

Полиэтилен пакет турмушимизнинг энг кўп қарғалган нарсаси бўлса ажаб эмас. Биз супермаркетга ё бозорга кирамиз, нарсалар харид қиламиз ва албатта уларни нимагадир солиш зарурияти туғилади. Супермаркетларда кўпинча 30Х60 см ўлчамдаги, 5 килогача юк кўтара оладиган пакет таклиф қилишади. Greenpeace маълумотларига кўра, ўртача россиялик инсон 1 йилда 181та пакет ишлатади, бу эса Россияда йилига 26,5 миллиард пакет ишлатилади, дегани. Бунча пакет билан Байкал кўлининг учдан бир қисми ёки Москва шаҳрини тўрт марта тўлиқ ёпиб чиқиш мумкин.

Пакетларнинг ишлатилиши Россияда ҳар йили 133 минг тонна пластик чиқиндихонага келиб тушишига сабаб бўлади. Агар ҳар бир россиялик дўконга экосумка билан борса чиқиндихоналарга йилига 133 минг тонна зарарли пластик келмайди, дегани.

Бундан ташқари, экосумкани ишлатиш Ернинг сув ресурсларини ҳам сақлашга хизмат қилади. 5 грамм оғирликдаги бир дона полиэтилен пакет ишлаб чиқариш учун 225 мл сув кетади. Бир йил давомида ишлатиладиган 181 дона пакет учун 40 литр сув кетади.

Экосумка (мева-сабзовотларни солиб кўтариш учун матодан тикилган халта) ҳам 5 грамм чиқади. Уни ишлаб чиқаришга ҳам 225 мл сув зарур бўлади. Экохалтани кийимлар билан бирга ювиш мумкин. Ўртача олганда кир ювиш машинаси 5 кг нарсалар учун 59 литр сув ишлатади. Экохалтани ювиш учун 60 мл сув кетади. Агар уни ҳар ҳафта, йилига 52 марта ювишга қарор қилинса ҳам бор-йўғи 3 литр сув керак бўлади. Хуллас, полиэтилен пакетлардан воз кечилса, 37 литр сув ҳам иқтисод бўлади.

Тамблер vs қаҳва учун бир марталик стакан

Тадқиқотларга кўра, россияликларнинг 78 фоизи қаҳва ичади. Тамблер деб аталувчи иссиқлик сақловчи кружка 1000 марта фойдаланишга мўлжалланган.

Агар қаҳвасевар инсон ҳар куни ўз кружкасида қаҳва ичса, йилига 365та бир марталик қоғоз стаканни иқтисод қилади. Бу 21 кг ёғоч, 339 л сув, 2,5 кг чиқит дегани.

Агар Россиядаги жами қаҳвасеварлар термокружкаларга ўтса, йилига 41 миллиард қоғоз стакандан воз кечилади. Бу эса 2,5 млн тонна ёғоч, 39 млрд литр сув тежалади, 292 минг тонна чиқинди эса чиқиндихонадан жой олмайди.

Фляга vs сув учун пластик идишлар

Россияда ўртача ҳар йили 40 литр қадоқланган сув ичади. Тадқиқотларга кўра сўралганларнинг 91,6 фоизи минерал сув ичади.

Россияда 147 миллион киши яшаши ҳисобга олинса, пластик идишга қадоқланган сувни 134,5 миллион киши харид қилади, улардан 44 миллиони ойига икки бор, 37 миллиони ҳафтасига икки бор харид қилади, қолган 53 миллион киши сувни ҳар куни истеъмол қилади.

Greenpeace ҳисоб-китобларига кўра, бир россиялик йилига ўртача 166 шиша сув харид қилади, умуман, Россияда йилига 24,3 миллиард пластик идиш сотиб олинади.

Агар ўртача идишнинг массаси 30 грамм деб олинса, йилига 166 дона идишда сув харид қилиб ичган одам, 5 кило чиқинди пайдо бўлишига сабаб бўлади, жамики россияликлар ичаётган сувдан ортиб қолаётган пластик чиқиндилар йилига 730 минг тоннани ташкил этади.

Мимикака vs пахта ўралган чўплар

Кўпчилик чўмилиб чиққанидан сўнг учига пахта ўралган пластик чўпдан қулоқларини тозалашда фойдаланади. Унинг ўрнига қоғоз чўплардан фойдаланиш мумкин, бироқ пахта нечоғлик органик модда бўлмасин, барибир уни етиштиришга сув талаб қилинади, шу сабабли Greenpeace бошқа муқобилларни танлашни тавсия этади. Масалан, бир марталик бамбук чўпчаларидан фойдаланишни. Бамбук чўпчалари ҳам пахта чўплари каби кўп функционалли. Уни ишлаб чиқаришга сув ресурслари талаб этилмайди, боз устига, бамбук табиатда чириб, из қолдирмайди. Иккинчидан, Шарқий Осиёда мимикака деб аталган буюмдан фойдаланиш мумкин. Бамбук чўпларидан фарқли ўлароқ, ундан кўп марта фойдаланиш мумкин.

Пластик тиш чўткаси ўрнини нима босади?

Пластик ишлатишда нималар кетишини юқорида кўриб чиқдик. Ўша чиримас материал, сув ва ҳ.к. Унинг муқобили ҳам бор. Россияда бамбукдан ясалган чўткаларини тавсия этишмоқда. У ҳам юқорида таъкидланганидек, биологик жиҳатдан емирилувчи модда. Бамбук етиштириш учун сув талаб этилмайди, минерал ўғитлар ва пестицидлардан ҳам фойдаланилмайди. Пластик тиш чўткасининг емирилиш даври бир неча асрларни ташкил этади, бамбук чўткаси эса ярим йилда табиат қаърига сингиб кетади.

Мавзуга оид