Спорт | 01:53 / 22.04.2018
12343
2 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича ёшлар ўртасида қитъа чемпионати: Дастлабки кундан уч ғалаба

Бугун Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати старт олди.

Ушбу мусобақада Осиё қитьасининг 30 дан ортиқ давлатларидан иштирокчилар ташриф буюриб, жами 220 нафар боксчи ёшлар олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш учун куч синашишади.

Кундузги кун дастуридан ўрин олган жангларда тўрт нафар терма жамоа аъзолари иштироки билан бошланди.

56 кг вазн тоифасида рингга чиққан Абдумалик Халаков мўғулистонлик Енкхтур Тегшжаргалдан устун келди.

69 кг вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Жаҳонгир Раҳмонов Чин ўлкаси вакили Тонг Ганг билан рақобатлашди. Мазкур беллашувда Жаҳонгир рақибини 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда эса Насиба Хайруллаева япониялик Сена Ириега қарши рингга кўтарилди. Кескин ва муросасиз баҳсда вазни 57 килограмм бўлган Насиба кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди

54 кг вазнда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Мафтуна Файзуллаева эса япониялик чарм қўлқоп устаси Сатсуки Йошизавани йирик ҳисобда мағлубиятга учратиб, ғалаба қозонди.

Шу тариқа Осиё чемпионатининг биринчи кунги баҳслари якунланди.

Эртага эса яна беш нафар вакилимиз рингга кўтарилади:

1. Камолмирзаев Содирбек - Лу Чиа Хао (Хитой Тайпейи)

2. Халаков Абдумалик – Аутуак Ямар (Филиппин)

3. Утегенов Ҳалимбек – Шаикен Талгат (Қозоғистон)

4. Холмуродов Самандар – Хан Жин Чол (КХДР)

5. Зиятов Рамазон – Қувончбек ўгли Умар (Қирғизистон) ракиблари билан ринга кутарилишади.

Таъкидлаб ўтиш керак, Ўзбекистон терма жамоаси 10 та вазн тоифасида йигитлар билан, 5 та вазн тоифасида қизлар билан мусобақага йўл олишган. Уларга 10 нафар мураббийлар, врач ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилишмоқда.

Мавзуга оид