Жаҳон | 20:18 / 23.04.2018
4603
2 дақиқада ўқилади

Париждаги терактлар ташкилотчиларидан бири Салоҳ Абдусалом 20 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: AP Photo / Michel Euler

2015 йилда Парижда содир этилган терактларнинг тирик қолган охирги ташкилотчиси Салоҳ Абдусалом 2016 йилда Бельгия пойтахтида уни ушламоқчи бўлган полициячиларга қуролли қаршилик кўрсатгани учун Брюссель суди томонидан 20 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

“Суд судланувчи Салоҳ Абдусалом ва унинг шериги Суфиён Айарини полиция ходимларига қуролли қаршилик кўрсатиш ва уларнинг ҳаётига суиқасд қилишда айбдор деб топди. Суд айбланувчиларни 20 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди”, деб айтилган жазо ҳукмида.

Абдусаломнинг ўзи суд жараёнида иштирок этишдан бош тортгани сабабли судда бўлмаган. У ҳозир Париждаги терактларда иштирок этиш айблови билан Франциядаги турмада сақланмоқда. Судда унинг бельгиялик адвокати Свен Мари иштирок этган.

Судланувчиларга, шунингдек, 12 минг доллар жарима солинган. 

Айни вақтда Абдусалом жазони қаерда ўташи номаълум, чунки у Париждаги терактлар иши бўйича айбланувчи сифатида ўтмоқда. 

Париж ва Сен-Денидаги терактлар 2015 йил 13 ноябрда содир этилган. Террорчилар бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳужумларни амалга оширган: Сен-Денидаги Stade de France стадионидаги портлашлар, бир нечта ресторанларда одамларни ўққа тутиш, Le Bataclan концерт залидаги хунрезлик. Терактлардан умумий ҳисобда 130 киши ҳалок бўлган, 350 дан кўпроқ киши жароҳат олган.

Абдусалом 7 террорчидан бири бўлган, унинг худкуш камари ишламай қолган ёки унинг ўзи охирги лаҳзада портловчи қурилмани ҳаракатга келтирмаган. У қўлга олингунгача Брюсселда дўстлариникида яшириниб юрган.

2016 йил мартда полиция унинг яширинган жойини аниқлаган. У жойлашган квартира штурм қилинганда полиция қуролли қаршиликка дуч келган. Квартирадаги 3 террорчи автоматлар билан қарши ҳужум олиб борган. Улардан бири йўқ қилинган, бироқ Абдусалом ва унинг шериги қочишга муваффақ бўлган. Бироқ 3 кун ўтгач полиция қочоқларни топиб, уни қўлга олган.

Мавзуга оид