Жаҳон | 02:52 / 24.04.2018
16629
2 дақиқада ўқилади

Торонтода микроавтобус йўловчилар устига ҳайдалди — тўққиз киши ҳалок бўлди

Фото: s0.rbk.ru

Канаданинг Торонто шаҳрида микроавтобуснинг пиёдалар ўтиш йўлкасига ҳайдалиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлган. Яна 16 киши турли даражадаги жароҳатлар олгани айтилмоқда. Машина нима сабабдан пиёдалар йўлкасига ҳайдалгани ҳозирча аниқ эмас. Полиция ушбу воқеани теракт деб баҳолашга шошилмай турибди.

Канаданинг Торонто шаҳрида микроавтобуснинг пиёдалар ўтиш йўлкасига ҳайдалиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлган яна 16 фуқаро тан жароҳати олган. Ушбу маълумотларни Торонто полицияси тарқатди. Машина рулида бўлган ҳайдовчи ушланган.

Илгарироқ, жабрланганлардан етти нафари Торонтодаги Sunnybrook шифохонасига олиб кетилгани хабар қилинаётган эди. 

Микроавтобуснинг пиёдалар йўлкасига ҳайдалиши сабабларини ҳозирча полиция аниқлай олгани йўқ. «Ҳозирча бунга асосий сабаб нима бўлгани ҳақида гапиришга жуда эрта», — деган журналистларга Торонто полицияси вакили Меган Грей. Канада жамоатчилик хавфсизлиги вазири Ралф Гудал полиция воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб бораётганини маълум қилди. У ҳам ушбу воқеани террорчилик акти дея баҳолашга ҳали жуда эрта эканлигини таъкидлаб ўтган.

Фото: twitter.com/TorontoPolice

Торонтода оқ тусли микроавтобус пиёдалар йўлкасига чиқиб, йўловчиларни уриб кетган. Фавқулодда ҳодиса шаҳарнинг Йонг-стрит ва Финч авеню кўчалари кесишмасида содир бўлган. Полиция ушбу хатти-ҳаракатни амалга оширган ҳайдовчини аллақачон ушлаган.

Полиция, шунингдек, воқеа жойи ўраб олингани, у ерда тезкор ҳаракатлар бир неча кун мобайнида олиб борилишини эълон қилган. Фавқулодда ҳодиса жойи томон элтувчи йўллар ҳам ёпилган, воқеа яқинидаги North York Centre метро бекати ҳам ишламаяпти.

Мавзуга оид