Жаҳон | 13:23 / 27.04.2018
11978
2 дақиқада ўқилади

КХДР ва Жанубий Корея етакчиларининг музокаралари мавзуси маълум

Сеул маъмурияти расмий вакили Корея давлатлари раҳбарлари музокараларининг асосий мавзулари ҳақида маълумот берди.

Манба Корея ярим оролини ядросизлантириш, узоқ муддатли тинчлик ва Жануб ҳамда Шимол ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўналишлари бўйича «самимий мулоқот» ўтказилганини айтди.

Фото: AFP /Жанубий Корея матбуоти

КХДР ва Жанубий Корея етакчилари бир неча соат аввал демаркацион чизиқда учрашди. Ким Чен Ин мамлакатларни ажратиб турувчи чизиқдан ўтиб, жанубий томонга қадам қўйган КХДРнинг биринчи раҳбарига айланди.

Ким Чен Ин мулоқотнинг биринчи босқичидан сўнг кескинликка баҳрам беришга, Мун Чжэ Ин эса – давлатлар ўртасида темир йўл қатновини йўлга қўйишга чақирди.

Жанубий Корея маъмурияти вакилининг журналистларга хабар беришича, Кореялараро саммитнинг якуний баёноти устидаги иш давом этяпти.

«Ҳар икки томон қўшма декларацияни тузиш бўйича амалий мунозараларни давом эттиришга қарор қилди. Агарда баёнот бўлса, ҳар икки томон етакчиси уни имзолайди ва биргаликда эълон қилади», - дея айтиб ўтди у.

Фото: AFP /Жанубий Корея матбуоти

Бошқа бир брифингда Жанубий Корея маъмуриятининг яна бир вакили хабар беришича, қўшма декларация саммит расмий банкетига қадар қабул қилиниши мумкин. Аввалроқ, банкет соат 18:30 (Тошкент вақти билан 14:30)да бошланиши хабар берилганди.

 

Мавзуга оид