Жамият | 13:35 / 07.05.2018
16433
10 дақиқада ўқилади

Қандай жамият фуқаролари фаровон яшашга ҳақли?

Замон шиддат билан ўзгариб бораяпти. Бу шиддатни Ер юзининг ҳар қайси бурчагида яшаётган инсон ҳис қилаётганини Интернет тармоқлари исботлаб турибди. Мана шу шиддатга ҳамоҳанг бўлиб яшаш — алоҳида мавзу.

Бугунги замонамизнинг ўзгариш шиддати шу даражадаки, кўз очиб юмгунча оралиқдаги дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар инсониятни, ер юзини муаммолар-у имкониятларга тўлдириб ташлаяпти. Оламшумул ўзгаришлар инсоният ҳаётини, унинг қарашларини лаҳзалар сайин ўзгариб туришига сабаб бўлаяпти.

Диёримиз сизнинг ва менинг аждод-у авлодларимизга бешик бўлган ва бўладиган мўътабар заминдир. Бу азиз юрт дунё тамаддунининг барча босқичлари кесишган чорраҳа ҳисобланади. Шундай экан бу диёр ривожланишга, ундаги фуқаролар эса бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришга ҳақлидирлар.

Фото: Pixabay

Фаровонлик — осмондан тушадиган ёки туғилганимизда ҳар биримизнинг қўлимизга йўлланма сифатида бериладиган мукофот эмас. Яхши ҳаёт ва фаровон турмушни бизларни ўзимиз, жамият фуқаролари — жамиятимиздаги муаммо ва камчиликларни ҳал қилиб бориш давомида яратамиз. Шунинг учун ҳам ушбу мақолада ўзбекистонликлар учун долзарб булган муаммолар кўлами тилга олинди ва ечим ахтаришга ҳаракат қилинди.

Мақоламни шу кундаги муаммолар ечими йўлида ёзилаётган мақолалар денгизидан бир томчи ўлароқ қабул қилгайсиз.

Муаммолар эса қалашиб ётибди: таълим-тарбияда, маорифда, соғлиқни сақлашда, ҳуқуқ муассасаларида, меҳнат билан бандликда, мафкурада ва бошқа-бошқа — жамиятни ривожлантирадиган ёки ботқоққа ботирадиган ячейкаларда.

Аммо бу ҳақда фақат бир одам гапиради, у қайғуради, у куюнади! Қолганлар эса, айнан мана шу муаммолар устида ўтирганлар — қарсак чаладилар, блокнотига бир нималарни ёзадилар, маъқуллайдилар, аммо бир оғиз муаммоларни айтмайдилар («одоб сақлайдилар», лекин бу «одоб сақлаш» фақат уларнинг ўзларининг фойдасига ишлашини биринчи синф ўқувчисининг ҳам ақли етади), қайтага уни яширишга ҳаракат қиладилар. Фақат давлат раҳбари айтганидан сўнггина пластинка ўзгаради, ниқоб алмашади, бош эгилади, кечирим сўралади ва ҳ.к. ва ш.к...

Нима учун ва қачонгача шундай ҳолат давом этади?

Мана шундай кўплаб ачинарли ҳолатларда миямда туғиладиган саволлар устида бош қотириб, қуйидаги узил-кесил бир тўхтамга келдим ва бу фикр мулоҳазаларимни сиз азизларимга улашгим келди.

Бундай саволларга битта жавоб: бизлар 25 йил давомида фақат қорнимизни ўйлаб яшадик. Иқтисод, иқтисод ва яна иқтисод, деб маънавиятни ва мафкурани аянчли аҳволга тушириб қўйдик. Фарзандимиз қаерга бориб бўлса ҳам, қай йўл билан бўлса ҳам пул топиб келса бўлди. Муҳими — у ўз аравасини ўзи тортса, бизга ташвиши тушмаса бас. Ўзимиз эса ишлаётган иш жойимизда қандай қилиб бўлса ҳам нафақага етиб олсак бўлди. Ишлаётган корхонамиздаги адолатсизликлар бизлар учун танганинг бошқа томони бўлиб келган.

Фото: Getty Images

Демак, юқоридаги каби муаммоларга 99 фоиз фуқароларимизнинг муносабати:

1. Сен менга тегма, мен сенга тегмайман.

2. Ўзингни бил, ўзгани қўй.

3. Шукур қилсанг-чи, ҳар қалай очингдан ўлмаяпсан-ку?!

4. «Катта»ларнинг ишига аралашма!

5. Мусулмончилик аста-секин (25 йил камлик қилади)

6. «Тошбақа учади, агар раҳбар айтган бўлса»

Токи халқимиз мана шу «мафкура»га собит экан ҳеч қандай муаммо ҳал бўлмайди.

Бир одамнинг тергаши ва танқиди ортидан ҳукумат вертикалидаги реакцияни гўёки денгиздаги кемани бир кучли довул у ёқдан бу ёққа силкитиб юбориши мумкин бўлган ҳолатга таққослаш мумкин. Лекин довул тингач, яна ҳар ким ўз ишида (қилмишида) давом этаверади.

Энди шуларни рўкач қилганларга қуйидагича жавоб айтилса ва одамларимизнинг ўзи қачонки мана шу тўғри релсга ўтишса жамият бирлашади ва ривожланади менимча.

Бандма банд жавоб:

1. Сенинг хатонг (порахўрлигинг, ўғрилигинг, муттаҳамлигинг ва бошқа иллатларинг) мен яшаётган жамиятнинг ривожига тўсиқ бўлади ва таназзулга учратади.

2. Бу миллат муаммоси, бутун халқнинг дарди! Ватанимни ва фарзандимни келажакдаги ўрни ва ҳаёти мана шу муаммоларнинг ечимига узвий боғлиқ.

3. Мен қорним учун эмас, қадрим учун яшашни истайман!

4. «Агар ҳақиқатни ёш бола сўзласа ҳам, ўша боланинг сўзларини қабул қилинглар» (Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларидан).

5. Келажак — бугунги ҳаракатнингҳосиласи.

Бирор бир долзарб муаммо кўтариб чиқилса-ю, унга аниқ ечим излаш ўрнига атрофдагиларни қўлларига мана шундай «хўрозқанд» (мусулмончилик аста-секин қабилида) тутқазилса, бора-бора ўша муаммо унутилади ва ундан баттари келади. Жамият эса ботқоққа ботади!

6. Бизнинг фожиамиз:

Халққа хизмат килиши керак бўлган раҳбарларимизнинг (энг юқоридагилардан бошлаб, оддий корхона бошлиғигача) халқнинг тақдирини ҳал қиладиган Худо даражасига чиқариб қўямиз. Алқисса, қарабсизки, кейин у кишиларни ўша жойдан на ўзлари тушгилари келади, на бизларни айюҳаннос солганимиз наф беради. Сабаби — вақт бой берилган бўлади. Атрофда фақат «буюк»чи маддоҳлар ва ўзгарувчан иккиюзламачилар қоладилар. Ҳақ сўзни айтганлар қочгани — қочиб қутулади, улгурмагани ёки қочишни истамагани — эсдалик хотиралари ёзиш учун материал тўплашга кетадилар... Индамай яшаётганларнинг сиртида (юзаки) гўёки ҳаммаси зўр, ичларида эса давлат сиёсатига нисбатан нафрат ортиб бораверади!

Келинг, мана шу йўлдан воз кечайлик, азизлар! Чунки бу йўлни нотўғри эканлигини, сукут сақлаш жиноят эканлигини кўрдик. Бунинг жабрини аксар ёшларимизни бугунги кундаги сарсон ва саргардон бўлиб ишсизлик ва умидсизликка тўла ҳаётларида ҳис қилаётганларини, бизлар учун энг азиз ва мукаррам бўлган, аммо хорижда ишлаётган мунис ва фаришта аёлларимизнинг ғамгин ва илтижоли нигоҳларида кўрмаслик, сўзларини эшитмаслик учун инсон кўр ва кар бўлиши лозим. Шундай экан, оқни қора, қорани эса оқ дейишнинг,жиноятни яширишнинг, иккиюзламачилик ва маддоҳликнинг ким учун фойдаси бор?! Сохта ватанпарварлар учунми? Улар каби бизлар ҳам мана шу юртни тенг ҳуқуқли аъзосимиз-ку?

Фото: Fotolia

Аслида, бундай бир одамга сиғиниш ғояси нисбатан ёш бўлган Марказий Осиё мамлакатлари учун табиий ҳолдек кўринади. Яъни, бу давлатларда ижтимоий онгни давлат раҳбари ва лидери белгилаб беради. Буни бизга қўшни бўлган давлатлар мисолида ҳам кузатиш мумкин. Эртага агар ўша давлатдаги раҳбар амалидан кетса — у амалдалиги вақтида айтган сўзлари, қилган ишларига салбий бўёқ чапланади. Ҳаттоки жамиятда рўй берган муаммолар сабабчиси қилиб кўрсатилади ва бошқа қандайдир жиноятлар ҳам, гарчи у қилмаган бўлса-да,унинг гарданига юкланади. Чунки ўша даврда бир одам гапирган, бир одамнинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлган. Қарабсизки, муаммолар яна ўша муаммолигича, ёпиғлик қозон ёпиқлигича қолаверади.

Бир одамнинг фикри билан яшайдиган жамиятда ҳеч қачон ҳур фикрлилик бўлмайди. Бундайлар таъқиб қилинади. Ҳур фикрлилик бўлмаган жамият эса ривожланмайди. Ривожланмаган давлатлар эса катта қарзлар гирдобида ўралашиб инқирозга учрайди, ижтимоий ва сиёсий ҳаёт барбод бўлади.

Ривожланган Европа давлатларида давлат ва ҳукумат раҳбарларининг бошқарувдаги алмашинуви натижасида айтарлик ўзгаришларни кўрмайсиз. Сабаби — жамият бошқаруви парламентда кўпчиликни ташкил этувчи партиялар қўлида бўлади. Ҳар қандай янги тайинланган президент мана шу кўппартиявийлик тизими билан муроса қилишга мажбур. У давлатни парламент қонунларини ижросини назорат қилиш билангина бошқаради.

Жамиятни парламент ва жамият институтлари ёрдамида, бор муаммоларни ва камчиликларни минбарлардан, матбуот ва телевидениедан рўйи-рост, очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ечимини излаш ва илдизига болта уриш натижасидагина жамият ривожланади, фуқароларни моддий ва маънавий фаровонлигига эришилади.

Инсон бу мўъжизавий дунёга бир маротаба саёҳат қилади, кейин нима бўлиши эса фақат Яратганга аён. Аммо, сиз билан биз мана шу теварак-атрофимиздаги воқеа ҳодисаларга ўз муносабатимизни одамийлик нуқтаи назаридан билдирмай яшасак, бу инсонийликка хиёнат бўлади. Сабаби — бизларга ер юзидаги жонзотларга ато этилган кўз ва қулоқдан ташқари, кўрганларимиз ва эшитганларимизни мушоҳадаси учун Яратган томонидан ОНГ берилган. Тўғри фикр ва тўғри хулоса билан яшаган жамият фуқароларигина фаровон яшашга ҳақлидирлар.

Ўзбекистонни келажакда эмас яқин кунларда, яқин ойларда, яқин йилда буюк қилишга ўз ҳиссангизни қўшинг!

Рост сўзлашни, пора бермасликни, пора олмасликни, коррупция (пул ювиш)ни кўрганингизда керакли жойга айтиш лозимлигини бугундан бошланг! Бефарқ яшаманг, азизлар! Зеро, бу миллат ва Ватан тақдири!

Абдумалик Фозилов.

Мавзуга оид