Жамият | 23:46 / 07.05.2018
35946
8 дақиқада ўқилади

“Ўш сори отландик...”. KUN.UZ’чиларнинг Қирғизистон сафари тафсилотлари (2- қисм)

Ўйлайманки, Қирғизистон сафарига бориб тўплаган маълумотларим сиз учун қизиқ бўлади. “Ўш сафарини иккинчисини қачон  ўқиймиз?”, - дея савол берган KUN.UZ мухлисларининг сўрови ўзимга ҳам қирғиз қаймоғидек ёққани бор гап.

Ишонинг, ёнимизда жойлашган давлатда икки кун юриш асносида бир жаҳон янгилик кашф қилдим. Мабодо, узоқроқ жойга бориб қолсам - шеърий достон ёзсам керак.

Қўшни мамлакатдаги сафаримиз тўғрисидаги мақоланинг 1- қисмида  чегара постидан ўтиш, Ўш шаҳар мэриясидаги қабул, ҳеч қандай ғоясиз турган Ленин ҳайкали, ўқитувчи ва тиббиётчиларнинг ўртача  маоши, деярли текин интернет ва шаҳар марказида Ўзбекистон томонидан туҳфа сифатида қурилаётган мактаб ҳақида суҳбатлашган эдик.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти аталмиш Ўш шаҳри ва вилояти ҳақидаги иккинчи мақоламиздан ҳам сизга  қизиқ бўлган ҳикоялар ўрин олган.

Мэрия ходимаси: “Қирғиз футболи ўзбек футболидан илгарилаб кетган..”

Ўтган гал айтиб ўтганимиздек, Ўш шаҳар мэрияси бизни шаҳар бўйлаб  ҳаракатланиш учун “Тойота” микроавтобуси билан таъминлади. Матбуот хизмати вакили бўлган икки ходим Жулдуз Аятиллаева ва Замира Ниязбековалар эса шаҳарни таништириш учун KUN.Uzчиларга бириктирилдилар.

Қиз бола бўлишига қарамай Жулдуз футболга жуда қизиқар экан. Йўл-йўлакай шу кунларда Ўшнинг “Алай” жамоаси Осиё кубоги баҳсларида “Истиқлол” клубига қарши учрашув ўтказишини бот-бот эсга соларди.  Янги бунёд этилган футбол академиясига боришни таклиф қилар экан: “Қирғизистон футболи сизларникидан олдинда...” деб ҳам қўйди. Бу ҳақда эса кейинроқ гаплашамиз.

Дарҳақиқат, шаҳар марказида бунёд этилган Момунов номидаги футбол академиясидаги шароитлар ҳавас қиладиган даражада. Бу ерда Қирғизистоннинг жанубий вилоятларидан 400 нафар футболчи бўлишни орзу қиладиган болалар келиб шуғулланишар экан. Академия интернат эмас, шунинг учун ётоқхонаси йўқ. Ўрганувчилар худди биздаги тўгараклармисол маълум кунларда келиб-кетиб шуғулланишади.

Биз учун қизиғи болалар билан шуғулланаётган мураббийлар орасида Бразилия давлатидан келган мутахассислар ҳам бор. Академия директори Руслан ака уларнинг машғулот ўтиш жараёни маҳаллий мураббийларникидан катта фарқ қилишини алоҳида таъкидлади. Академияда мавжуд майдонлар ҳолати, анжомлар, чет эллик мураббийларнинг болалар билан ўзгача кайфиятда меҳнат қилаётганини томоша қилдик. Академия директори: “Бразилиялик мураббийлар болаларга натижа учун футбол ўйнашни эмас, балки майдонда фикр юритишни ва энг аввало футболни севишни ўргатишар экан” деди.

Жулдузнинг “Қирғиз футболи ўзбек футболидан олдинда” деган гапига нисбатан бизнинг футболни савияси анча юқори эканлигини айтган муассаса директори, лекин  ФИФА рейтингида қирғиз футболи юқоридалигига тўхталди.

Интернетни титкиласак, ҳақиқатда ФИФАнинг 2018 йил апрель ойидаги рейтинг жадвалида Қирғизистон 75 ўринни, Ўзбекистон эса 81 поғонани банд қилиб турарди. Рейтингда ҳеч қўшнилардан пастда турмаган футболимиз озиб-ёзиб бир меҳмонга келганимизда уялтирганини қаранг! Бир томондан ҳозирда ўз футболимиздан мақтанадиган жойимиз ҳам йўқ.

Ўшда нечта телевидение бор?

Ўшни бежиз жанубий пойтахт дея атамайдилар. Вилоят аҳлини ахборот билан таъминлаш учун бешта телевидения, иккита радио ва олтита газета ишлаб турибди. “ЭлТР”, “ОшТВ”, “Ынтымак”, “Керемет”, “Башат” телевидениялари кўрсатувларини Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларида ҳам бемалол кузатиш мумкин.  Биз давлат томонидан молиялаштирилувчи “ЭлТР” ва “Ынтымак телерадиокомпанияларида бўлдик. Ҳамкасбларимиз ўзларидаги мавжуд шарт-шароитлар ва ижодий жараён билан таништирдилар. “Ынтымак” ўз кўрсатувларини ўзбек тилида ҳам олиб боради. Улар билан ҳамкорлик юзасидан келишиб ҳам олдик.

 Босма нашрлар сони олтита бўлиб, улардан бири “Ўш садоси” ижтимоий-сиёсий газетаси  ўзбек тилида чоп этилар экан.

Ҳар кўчада ўнтадан валюта айирбошлаш пунктлари ва қирғиз тилига катта эътибор самараси

Ўшда бизни ҳайрон қолдирган  яна бир жиҳат деярли барча гавжум кўчаларда валюта айирбошлаш шохобчалари мавжудлиги бўлди.

Саррофлик роса гуркираган. Кичик-кичик банкчалар гўё.. Балки, дўкон десам янада аниқроқ бўлар. Кўча тарафидаги эълонга  камида ўнта ўзга давлатнинг серхаридор пул бирликларининг бугунги курси ёзилган. Кирасиз, алмаштириб чиқиб кетаверасиз. Қорасув бозорида эса бутун бошли валюта айирбошлаш расталарини кўрдик.

Қўшни халқнинг ўз тилига бераётган эътибори эса таҳсинга лойиқ. Давлат идораларида бўлганимизда “Улутту улут қылган анын тили” сингари шиорларга кўзимиз тушганди. Кўча, хиёбон ва турли муассаларга бориб эса ушбу шиорларнинг ижросини кўрдик. Ўзбек тили ва қирғиз тили деярли бир хил бўлса-да, баъзи сўзларни ўхшашини топа олмай русча гапириб суҳбатдошимдан қирғизча жавоб олавердим. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозим, Қирғизистонда қирғиз тили давлат тили, рус тили эса расмий тил ҳисобланади. Давлат идораларида ишлайдиган ҳар бир ходим давлат тилидан мажбурий тарзда имтиҳондан ўтар экан.

Дўкон, кафе-ресторан, ташкилотлар рекламаси фақат давлат тилида. Ҳар бир реклама баннери матни шаҳар мэриясидаги комиссия хулосасидан сўнг илинар экан. Шунинг учун бўлса керак,  овоза қилувчи кўча битиклари имло хатоларисиз ёзилган. Ажнабий тилда ёзилган рекламалар деярли йўқ ҳисоби. Нима ҳам дердик, ўрганса бўладиган жиҳат...                               

Кўчалар покиза, таомлар бир хил, юк транспортида юк ташиш маданиятига ҳавас қилганимиз ҳақида

Ўш ошхоналаридаги таомлар деярли ўзимизники билан бир хил. Марказий Осиёга хос -шўрва, лағмон, сомса, палов ва кабобнинг барча турлари менюлардан жой олган. Қирғизча миллий салқин ичимлик “Шоро”ни боплашибди “азаматтер”. Айронга ўхшаш ичимликнинг ўз соябони, ичиш идишчалари ва савдо қилаётган кишининг халати бор экан. 

Кўчалар покиза, кўчанинг ҳар 50 метрида ахлат қутиларини жойлаштиришган. Хиёбонларида тамаки чекиб ерга улоқтирган кашандани, писта пўчоғини ерга ташлаётган кишини кўрмадик.                 

Яна билмадим-ку, лекин бизнинг шаҳар атрофи ва ичида юк машиналари билан боғлиқ ўта салбий бир жиҳат бор. Эътибор берган бўлсангиз, бизда юк машинасига ортилган шағал, тош, қум  ва тупроқ орқа прицепда очиқ ҳолда ташиб кетилаверади ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмайди. Ана шу маҳсулотлар йўлма-йўл тўкилади, кўча ифлос бўлади, яна орқада келаётган машинанинг олд ойнасига тош тегиб нохушликлар содир бўлади.

Аслида, ана шундай қурилиш материалларини ташиш жараёнида, албатта унинг устини махсус ёпинчиқ билан ўраб олиниши зарур. Ўш кўчаларида худди шундай ижобий ҳолатни кузатдик.   

P.S. Мана шу жойда Қурбонжон додҳо юртига сафар ҳақидаги иккинчи ҳикоямни тугатаман. Кейинги қисмда Бобур алқаб кўп сатрлар  ёзган Сулаймон тоғи ва Хитой моллари савдоси қизиётган Қорасув бозори ҳақида гаплашамиз. Шунингдек, видеолавҳа ва алоҳида фоторепортаж ҳам  кейинги сафарга қолди.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов.
Ахрорбек Ёқубжонов олган тасвирлар
 

Мавзуга оид