Спорт | 12:16 / 08.05.2018
12740
7 дақиқада ўқилади

Венгер билан хайрлашув. АПЛда мавсум якунланмоқда

Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида Англия премьер-лигасида 37-тур учрашувлари ўтказилди. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини эслаб ўтади.

Арсеннинг кетиши

«Арсенал» - «Бёрнли» - 5:0 (2:0).
Голлар: Обамеянг, 14 (1:0). Ляказетт, 45+3 (2:0). Колашинац, 54 (3:0). Ивоби, 64 (4:0). Обамеянг, 75 (5:0).

1996 йилнинг 19 октябрида «Арсенал» «Ҳайбери»да «Ковентри» билан дуранг ўйнаганди, бу Арсен Венгер учун Лондондаги биринчи уй учрашув бўлганди. У охирги уй учрашувида жамоаси билан «Эмирейтс»да «Бёрнли»ни йирик ҳисобда мағлуб этди (5:0).

Шу куни бу натижа эмас, Венгернинг хайрлашув нутқи барчани тўлқинлантирди. «Арсенал» барибир Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолган, кейинги мавсумдан эса янги ҳаёт бошлаши керак бўлади. Якшанба куни «Арсенал» фанатлари кейинги ойлар давомида мураббийнинг истеъфосини талаб қилиб келишганини унутишди. Мухлисларнинг аксар қисми шу куни стадионга 22 йиллик мураббийга миннатдорчилик сўзлари битилган баннерлар ва плакатлар кўтариб келишди.

«Арсенал» футболчилари ҳам мураббийга дил сўзлари қолдиришганди. Клуб дўконида футболчиларнинг Венгерга қарата айтилган сўзлари ёзилган футболкалари сотувга қўйилди.

Франциялик мутахассисга фахрий йўлак ҳосил қилинди - у бу эътирофга лойиқ ҳам эди.

Ўйиндан кейин Венгер микрофонни қўлига олди ва мухлислар билан тўлган «Эмирейтс»да нутқ ирод қилди. У нутқини бошлашга қийналди - мухлислар узоқ вақт унинг номини қўшиқ қилиб айтиб туришганди. У биринчи навбатда шу кунларда шифохонага ётқизилган «МЮ»нинг собиқ устози сэр Алекс Фергюсонга соғлиқ тилади, шунингдек, ҳамиша «Арсенал» мухлиси бўлиб қолажагини билдирди ва деди: «Мен сизларни соғинаман». У ўзи билан хайрлашувга келган мухлис болакайга ўз галстугини ечиб берди.

Энди барчасига нуқта қўйилди. Раҳмат, Арсен!

«Челси» Чемпионлар лигасида ўйнамоқчи

«Челси» - «Ливерпуль» - 1:0 (1:0)
Гол: Жиру, 32 (1:0)

Энди Салоҳда голлари сонини ниҳоят 32тага етказиб  Премьер-лига рекордини янгилаш учун фақат битта ўйин қолди. «Ливерпуль» 38-тур учрашувини «Брайтон»га қарши ўтказади, аммо бу учрашувда Салоҳнинг гол уриши эмас, ғалаба қозониб, ЕЧЛ йўлланмасини нақ қилиш муҳимроқдир. «Челси» билан ўйиндаги мағлубиятдан кейин мерсисайдликлар устози Юрген Клопп ЕЧЛ йўлланмасини хавф остида қолдирди, айни вақтда бир ўйин кам ўтказган ҳолда «Челси» «Ливерпуль»га яқинлашиб олган, «Ливерпуль» 72 очко билан 3-ўринда, «Челси» 69 очко билан 5-ўринда жойлашган. Охирги 2 ўйинни «Ҳаддерсфилд»га қарши уйда ва «Ньюкасл»га қарши сафарда ўтказади.

«Манчестер Сити»: ўхшамаган байрам

«Манчестер Сити» - «Ҳаддерсфилд» - 0:0

«Ҳаддерсфилд»га қарши уй ўйинидан кейин Англиянинг янги чемпионига кубокни топшириш маросими режалаштирилганди. Шундай ҳам бўлди: «Манчестер Сити» боши узра кубокни кўтарди, аммо ўйин натижаси байрам кайфиятини бироз бузди. Лигада қолиш учун курашаётган «Ҳаддерсфилд» ғалабаси учун айрим букмекерлик идоралари 55га 1 нисбатда ставкалар қабул қилганди. Аммо ўйинда голсиз дуранг қайд этилди, ҳолбуки «шаҳарликлар» асосий таркибда майдонга тушишганди. Чемпионнинг очко йўқотиши шуни англатадики, агар жамоа 100лик довонни забт этишни истаса, қолган икки ўйинда очко йўқотилмаслиги керак - айни вақтда жамоа 94 очко тўплаган.

«МЮ» барча янгиларга ютқазди

«Брайтон» - «Манчестер Юнайтед» - 1:0 (0:0)
Гол: Гросс, 57 (1:0)

«Брайтон»дан учралган мағлубиятдан кейин Жозе Моуриньон журналистларга ҳужумга ўтди. «Сизлар нима учун ҳамиша Лукакуни ўйнатаверишимга қизиқармидингиз? Энди бу саволга жавлб бор». Бельгиялик футболчи Алексис Санчес каби бу учрашувда жароҳат туфайли иштирок эта олмади, бу йўқотишлар эса «Манчестер Юнайтед»га қимматга тушди. Рэшфорд ва Марсиял ўйинда асосий ҳужумчилар сифатида ҳаракат қилишди, улар икки кишилашиб, ўйин давомида атиги бир марта рақиб дарвозаси томон аниқ зарба бера олишди. Биринчи бўлим давомида «қизил иблислар» атиги бир марта рақиб жарима майдончасига тўпни олиб кира олишди. Иккинчи бўлимда ҳам «МЮ» ишончсиз ҳаракат қилди, финал ҳуштаги янграганида «Манчестер Юнайтед» учун ёқимсиз рекорд қайд этилди - бу жамоа мавсумнинг барча янги иштирокчиларига мағлуб бўлган АПЛ тарихидаги илк жамоага айланди («Брайтон», «Ньюкасл» ва «Ҳаддерсфилд»).

«Бёрнли» - Европа Лигасида қатнашади
«Сток Сити» - «Кристал Пэлас» - 1:2 (1:0)
Голлар: Шақири, 43 (1:0). Макартур, 68 (1:1). ван Анхолт, 86 (1:2).
«Эвертон» - «Саутҳемптон» - 1:1 (0:0).
Голлар: Редмонд, 56 (0:1). Дэйвис, 90+6 (1:1). Четлатиш: Йосида (Саутҳемптон), 85.

Чемпионатни тарк этадиган илк жамоа - «Сток Сити» бўлди. «Вест Бромвич» эса ҳамон имконият сақлаб қолмоқда. Март ойида Алан Пардю истеъфога чиқарилгач, жамоа 3 марта ғалаба қозонди ва 2 дурангга эришди. Шанба куни «Саутҳемптон» ўз ўйинида ғалаба қозониб, «хавфли ҳудуд»дан узоқлашиб кетиши мумкин эди, аммо «Эвертон» қўшимча дақиқаларда ҳисобни тенглаштирди. Бу дуранг туфайли шу турда «Арсенал»дан йирик ҳисобда мағлуб бўлган «Бёрнли»га еттинчи ўринни кафолатлади - Шон Дайч шогирдлари кейинги мавсумда Европа Лигасида иштирок этади. Бу клуб премьер-лигада иккинчи мавсумда иштирок этмоқда ва еврокубокларга йўлланма олмоқда. «Бёрнли» устози эса мавсумнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун даъвогарлар қаторида: Шон Дайч («Бёрнли»), Пеп Гвардиола («Манчестер Сити»), Юрген Клопп («Ливерпуль»), Рой Ҳожсон («Кристал Пэлас»), Рафаэль Бенитес («Ньюкасл») ва Крис Ҳьютон («Брайтон»).

Турнинг қолган ўйинлари
«Уотфорд» - «Ньюкасл Юнайтед» - 2:1 (2:0).
Голлар: Перейра, 2 (1:0). Грэй, 28 (2:0). Перес, 55 (2:1).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Дини (Уотфорд), 39 (дарвозабон).
«Вест Бромвич Альбион» - «Тоттенҳэм Ҳотспур» - 1:0 (0:0).
Гол: Ливермор, 90+2 (1:0).
«Борнмут» - «Суонси» - 1:0 (1:0).
Гол: Фрэйзер, 37 (1:0).
«Лестер» - «Вест Ҳэм Юнайтед» - 0:2 (0:1).
Голлар: Жоау Мариу, 34 (0:1). Нобл, 64 (0:2).

 

Мавзуга оид