Жаҳон | 02:08 / 10.05.2018
8111
4 дақиқада ўқилади

Помпео: Дональд Трамп ва Ким Чен Иннинг учрашув жойи аниқ

Фото: ТАСС

АҚШ президенти Дональд Трамп ва КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг учрашув жойига келгуси ҳафтанинг бошида аниқлик киритилади, деган АҚШ давлат котиби Майкл Помпео журналистларга ўзининг Шимолий Кореяга иккинчи сафари якунларига бағишланган чиқишида. Бу ҳақида РИА Новости хабар бермоқда.

«Сана, жой ва вақтга аниқлик киритилган. Биз буни келгуси ҳафта бошида (эълон — таҳ.) қилишга умид қилиб турибмиз», — деган у ўзининг Япониядаги Йокита ҳарбий базасига қўнган самолёти саҳнида.

Помпео шунингдек, муҳокама этилиши талаб этиладиган қўшимча ҳолатлар пайдо бўлса, Трамп ва Ким Чен Иннинг учрашуви бир кундан ҳам ортиши мумкинлигини айтиб ўтган.

«Биз учрашувни бир кунга режалаштирганмиз, яна муҳокама этишга лойиқ нарсалар чиқса уни иккинчи кунга ҳам узайтиришимиз мумкин», — деган у.

Помпеонинг журналистлар билан мулоқотини Давлат департаменти тарқатган.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўзи ҳам чоршанба куни Оқ уйда бўлиб ўтган ўз ҳукумати йиғилишида икки давлат раҳбарларининг учрашув жойига уч кун ичида аниқлик киритилишини айтиб ўтган ва гап КХДР ва Жанубий Корея ўртасидаги қуролланишдан холи Панмунжом чегара пункти ҳақида кетмаётганини алоҳида таъкидлаган, деб ёзади ТАСС.

Трамп америка-шимолий корея саммитини ўтказиш бўйича режалар барбод бўлиши мумкинлигини ҳам рад этмади. «Ҳар қандай нарса барбод бўлиши мумкин. Кўп нарса юз бериши мумкин, яхши нарсалар ҳам, ёмон нарсалар ҳам», — деган у.

Лекин АҚШ етакчи «ҳар икки тараф келишувларга эришишни истаётгани»ни таъкидлаб ўтган. «Менимча бу жуда муваффақиятли келишув бўлади. Фикримча, бизда уни муваффақиятли якунлаш учун ҳамма имкониятлар бор. Лекин кўп нарсалар ҳам рўй бериши мумкин», — деган президент.

Трамп шунингдек, Ким Чен Индан АҚШнинг уч нафар фуқаросини тутқунликдан озод этганлиги учун миннатдор эканлигини ҳам айтиб ўтган.

АҚШ президенти Корея Республикаси президенти Мун Жэ Ин билан ҳам америкаликларнинг озод этилишини муҳокама қилган. «У ҳам бизга катта ёрдам берди», — деган Трамп.

У АҚШ ва КХДР алоқаларини жиддий ва позитив деб баҳолаган. «Одамлар бизнинг Шимолий Корея билан жиддий ва позитив мулоқотларимизни бошлаб берувчи вазият етилишига ҳеч қачон ишонишмаган, лекин бу рўй берди», — деган у.

Илгарироқ The Associated Press агентлиги Трамп ва КХДР раҳбари Ким Чен Ин ўртасидаги учрашув Сингапурда бўлиб ўтишини тахмин қилган эди. Агентлик маълумотларига кўра, май ойи охири ёки июнь ойи бошларида бўлиб ўтадиган икки давлат раҳбарларининг учрашув жойи бўлиш учун Сингапур энг эҳтимолли номзод бўлиб турибди.

Мавзуга оид