Триллионлаб долларлик бизнес. Forbes АҚШнинг энг йирик компанияларини маълум қилди
Forbes талқинига кўра, Apple корпорацияси, Уоррен Баффетнинг Berkshire Hathaway холдинги ва JP Morgan Chase молиявий гуруҳи АҚШнинг энг йирик компаниялари рўйхатида етакчиликни қўлга киритди. Рейтингни тузишда даромад, фойда, активлар ва компаниянинг 2018 йил 17 апрель кунги ҳолатда бозордаги қиймати ҳисобга олинди. Ҳар бир кўрсаткич учун баллар берилди: улар қанчалик кўп бўлса – компаниянинг рўйхатдаги ўрни шунча юқори бўлди.
20. Morgan Stanley
Нью-Йорк
Даромад: $43,6 млрд
Фойда: $6,2 млрд
Активлар: $852,6 млрд
Бозордаги қиймат: $94,4 млрд
Morgan Stanley банг холдинги 1935 йилда Генри Морган ва Гарольд Стенли томонидан инвестицион амалиётларни бажариш учун ташкил этилган. Ҳозирги вақтда бу 42 давлатда 1300 офисдан иборат тармоққа эгалик қилувчи трансмиллий молиявий корпорация. Фаолиятнинг асосий йўналишлари – истеъмол кредити, корпоратив активларни бошқариш, биржа фаолияти, брокерлик хизматлари ва инвестицион маслаҳатлар.
20. IBM
Армонк (Нью-Йорк)
Даромад: $79,1 млрд
Фойда: $5,8 млрд
Активлар: $125,4 млрд
Бозордаги қиймат: $148,2 млрд
IBM компанияси – ускуналар ва дастурий таъминотнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳамда етказиб берувчиларидан бири. Компания ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан маслаҳат ва бошқа хизматларни ҳам кўрсатади; ҳозирги вақтда Global Services бўлинмалари IBM тузилмасида энг кўп даромад келтирувчи саналади. Бошқа муҳим бўлинмалар - Software Group (дастурий таъминот), Systems & Technology Group (ускуналар ишлаб чиқариш), Watson Group (когнитив ҳисоб-китоблар), шунингдек, IBM Research тадқиқот бўлинмаси.
19. Boeing
Чикаго (Иллинойс)
Даромад: $93,4 млрд
Фойда: $8,2 млрд
Активлар: $92,3 млрд
Бозордаги қиймат: $197,7 млрд
Boeing шу номдаги самолётлар, шунингдек, космик ва ҳарбий техникани ишлаб чиқаради. 2017 йилда компания Forbes авиасозлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Boeing модель қаторасида тижорат ва ҳарбий самолётлар ҳамда вертолётлар, ракеталар, сунъий йўлдошлар, ракеталарга қарши мудофаа тизимлари, алоқа тизимлари бор. Boeing космик қурилмаларни учириш, авиация техникасини таъмирлаш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича хизматларни ҳам таклиф этади. Boeing тузилмасига Boeing Engineering Operations & Technology ва Shared Services Group бўлинмалари ҳам киради, улар турли хил хизматларни кўрсатади. Компания ўз маҳсулотини 90та давлатга етказиб беради.
16. Procter & Gamble
Цинциннати (Огайо)
Даромад: $65,7 млрд
Фойда: $10,1 млрд
Активлар: $126,6 млрд
Бозордаги қиймат: $197,7 млрд
Procter & Gamble трансмиллий компанияси XIX асрнинг ўрталаридан бери фаолият кўрсатиб келади. Бу истеъмол товарлари бўйича жаҳон бозоридаги етакчилардан бири: P&G’га йиллик сотувлари ҳажми 500 млн доллардан юқори бўлган 40та бренд тегишли. Бу Tide ва Fairy ювиш воситалари, Pampers тагликлари, Gillette устаралари, Braun маиший техникаси ва бошқа кўплаб брендлар. Компанияда ҳаммаси бўлиб 80 давлатда 130 000 киши ишлайди.
16. Intel
Санта-Клара (Калифорния)
Даромад: $62,8 млрд
Фойда: $9,6 млрд
Активлар: $123,2 млрд
Бозордаги қиймат: $250,5 млрд
Intel микропроцессорларни ишлаб чиқариш бўйича энг йирик компаниялардан бири бўлиб, 2017 йилга қадар уларни чиқариш ҳажми бўйича етакчиликни ўз қўлида ушлаб турган. Компания маҳсулоти компьютерлар, планшетлар, смартфонлар, серверлар, автомобиллар, ишлаб чиқариш тармоқлари ва тиббий ускуналарда ишлатилади. 2005 йилдан бери Apple компанияси ўз қурилмалари учун Intel чипларидан фойдаланади. Бундан ташқари, Intel дастурий таъминот ишлаб чиқади, шунингдек, киберхавфсизлик ва технологик интеграция соҳасида маслаҳат хизматларини кўрсатади. Компания 60 давлатда ўз офисларига эга, ходимлари умумий сони – 106 000 киши.
16. Amazon.com
Сиэтл (Вашингтон)
Даромад: $177,9 млрд
Фойда: $3 млрд
Активлар: $131,3 млрд
Бозордаги қиймат: $728 млрд
1994 йилда китобларни онлайн сотиш учун асос солинган компания бугунги кунда дунёдаги энг йирик интернет-дўконга айланди. Morgan Stanley баҳолашича, Amazon Шимолий Америкада энг йирик кийим-кечак дўконлари орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, бу АҚШ тарихидаги энг тез ўсувчи компания: Amazon $1 трлн.лик рекорд капитализация томон ҳаммадан тез кетмоқда. 2017 йилда компанияда 560 000 киши ишлаган.
15. Pfizer
Нью-Йорк
Даромад: $52,5 млрд
Фойда: $21,3 млрд
Активлар: $171,8 млрд
Бозордаги қиймат: $216,1 млрд
Pfizer жаҳондаги энг йирик фармацевтик компаниялар сирасига кириб, энг биринчилардан бўлиб пенициллин ишлаб чиқаришни бошлаган: бу фирма ўтган йилнинг қирқинчи йилларида антибиотик чиқариш бўйича етакчига айланди. Бугунги кунда Pfizer кенг тарқалган дори препаратлари, вакциналар ва тиш пасталарини чиқаради. Компанияда тахминан 96 000 киши ишлайди.
14. Comcast
Филадельфия (Пенсильвания)
Даромад: $84,5 млрд
Фойда: $22,7 млрд
Активлар: $186,9 млрд
Бозордаги қиймат: $154,5 млрд
Comcast жаҳондаги энг йирик эфирга узатиш компанияси ҳисобланади. У АҚШда иккинчи энг йирик пуллик телевидение операторидир (АТ&T’дан кейин); бундан ташқари, компания Шимолий Америкадаги телефон алоқаси операторлари орасида учинчи ўринни эгаллайди.
12. UnitedHealth Group
Миннеаполис (Миннесота)
Даромад: $207,6 млрд
Фойда: $11,2 млрд
Активлар: $155,6 млрд
Бозордаги қиймат: $230,8 млрд
АҚШда тиббий суғурта хизматлари кўрсатиш бўйича энг йирик компанияси 100 млн.дан ортиқ мижоз билан ишлайди. Бундан ташқари, UnitedHealth Group активларни бошқариш, бизнес-жараёнларни аутсорсга олиш ва мижозларга ихтисослаштирилган дастурий таъминот етказиб бериш билан шуғулланади.
12. Chevron
Сан-Рамон (Калифорния)
Даромад: $134,8 млрд
Фойда: $9,2 млрд
Активлар: $253,8 млрд
Бозордаги қиймат: $232,1 млрд
Компания дунёнинг турли минтақаларида нефть ва газ қазиб олиш билан шуғулланади. Chevron АҚШ, Таиланд, ЖАР ва Канадаги нефтни қайта ишлаш заводларига эга, Жанубий Корея, Сингапур, Австралия, Янги Зеландия ва Покистонда маҳаллий ўйинчилар билан қўшма корхоналари бор. Chevron Американинг етакчи нефть-кимё компаниялари Chevron Phillips ва Chemical Company’нинг 50 фоизини назорат қилади.
11. Alphabet
Маунтин-Вью (Калифорния)
Даромад: $111 млрд
Фойда: $12,7 млрд
Активлар: $197,3 млрд
Бозордаги қиймат: $750,5 млрд
Alphabet – таркибига Google корпорацияси, шунингдек, Verily, Calico, X, Nest, GV, Google Capital ва Access/Google Fiber компаниялари кирувчи холдингнинг техник номи. Холдинг 2015 йилда ташкил этилди, бу интернет-компанияларни инвестицион ва илмий-тадқиқот бўлинмалардан ажратиш учун қилинди. 2016 йилнинг февраль ва майида Alphabet бозордаги қиймат бўйича Apple’дан ўтиб кетди. 2017 йилда холдинг Еврокомиссия томонидан қидирув тизимлари бозорида етакчи ҳолатини суиистеъмол қилгани учун 2,42 млрд евролик жаримага тортилди. Шунингдек, Alphabet бўлинмалари сунъий идрок ва ҳайдовчисиз автомобиллар билан шуғулланади.
10. Wal-Mart Stores
Бентонвиль (Арканзас)
Даромад: $500.3 млрд
Фойда: $9.9 млрд
Активлар: $204.5 млрд
Бозордаги қиймат: $259.4 млрд
Қўшма Штатларда Walmart гипермаркетлари жуда машҳур, уларда деярли барча нарсани топиш мумкин – тиш тозалагичдан тортиб музлатгичга қадар. Сэм Уолтоннинг тармоғи ультракатта дўконлар шаклини танлади, уларда бутун бир кунни ҳам ўтказса бўлади. Компания жаҳоннинг 28 давлатида чакана ва улгуржи савдо бўйича энг йирик тармоқни бошқаради, асосий минтақалар – АҚШ, Мексика, Канада, Жанубий Америка, Буюк Британия, ЖАР, Хитой ва Япония.
9. Microsoft
Редмонд (Вашингтон)
Даромад: $98,4 млрд
Фойда: $11,6 млрд
Активлар: $256 млрд
Бозордаги қиймат: $739,7 млрд
Microsoft компанияси Windows операцион тизими ва Office дастурий таъминоти билан машҳур, бироқ замонавий Microsoft – бу фақат компьютер софти эмас. Билл Гейтснинг компанияси Xbox ўйин қурилмалари, Microsoft Dynamics ташкилотлари учун CRM-тизимлар ва Lumia мобиль телефонларини сотади. Компания сўнгги йилларда IT билан боғлиқ бўлган кўплаб сервисларни сотиб олди: Skype ва Minecraft ўйини.
8. Verizon Communications
Баскин-Ридж (Нью-Джерси)
Даромад: $126 млрд
Фойда: $30,1 млрд
Активлар: $257,1 млрд
Бозордаги қиймат: $201,7 млрд
Verizon Communications телекоммуникация компанияси мобиль алоқа, интернет, кабель телевидениеси ва маълумотларни булутли сақлаш сервисини тақдим этиш билан шуғулланади. 2016 йилда Verizon Communications жаҳондаги телекоммуникацион компаниялар орасида бозордаги қиймат бўйича иккинчи ўринни эгаллади (Хитойнинг China Mobile’идан кейин).
7. Wells Fargo
Сан-Франциско (Калифорния)
Даромад: $103,2 млрд
Фойда: $22,5 млрд
Активлар: $1 трлн 915,4 млрд
Бозордаги қиймат: $246,6 млрд
Wells Fargo корпорацияси худди Bank of America, Citigroup ва JPMorgan Chase каби АҚШдаги банкларнинг «катта тўртлиги»га киради. Улар Америка депозитлари умумий ҳажмининг 45 фоизини ўзида сақлайди. Wells Fargo банк сифатида АҚШда 6000 бўлинмага эга, у ерда 150 000 киши ишлайди. Компания суғурталаш ва активларни бошқари билан ҳам шуғулланади.
6. Bank of America
Шарлотт (Шимолий Каролина)
Даромад: $102,9 млрд
Фойда: $20,3 млрд
Активлар: $2 трлн 328,5 млрд
Бозордаги қиймат: $307,1 млрд
Bank of America – 100 фоизга хусусий компаниядир. BofA’да кўплаб акциядорлар бор, улар орасида жисмоний шахслар ва халқаро инвестицион фондлар ҳам мавжуд. Bank of America 40 давлатда ишлайди, бироқ АҚШ муҳим бозор сифатида эътироф этилади: бу ерда банк ҳар бир штатда бўлинмаларга эга, америкаликларнинг камида 10 фоизи эса ўз пулларини BofA’да сақлайди. Банк умумий ҳисобда 46 млн мижозга хизмат кўрсатади, Bank of America бошқаруви остида 1 трлн доллардан ортиқ миқдордаги активлар жамланган.
5. AT&T
Даллас (Техас)
Даромад: $160,5 млрд
Фойда: $29,5 млрд
Активлар: $444,1 млрд
Бозордаги қиймат: $217,2 млрд
AT&T – дунёдаги энг йирик телекоммуникацион компания. Корпорация 1885 йилда ташкил этилган; XX асрда AT&T симли телефон алоқасига ихтисослашди, мобиль давр бошидан эса уяли алоқа ва интернет-хизматларни кўрсатишга ўтди. AT&T 120 млн абонентга эга бўлиб, кўп профилли корпорация саналади. У ҳаттоки энергия ресурсларни қазиб олиш билан ҳам шуғулланмоқда - AT&T хусусий нефть компанияларнинг жаҳон рейтингида 16-ўринда жойлашган.
4. ExxonMobil
Ирвинг (Техас)
Даромад: $220,4 млрд
Фойда: $19,7 млрд
Активлар: $348,7 млрд
Бозордаги қиймат: $331,8 млрд
Жаҳондаги энг йирик нефть компанияси бутун дунё бўйлаб қазиб олиш ишларини амалга оширади. Корпорация Mobil1, Esso, XTO ва бошқа кўплаб брендлар остида ёқилғи-мойлаш материалларини сотади, Канада, Австралия, Африка ва Россияда нефть ҳамда газ қазиб олинади.
3. JPMorgan Chase
Нью-Йорк
Даромад: $117,6 млрд
Фойда: $26,5 млрд
Активлар: $2609,8 млрд
Бозордаги қиймат: $375,9 млрд
Дунёдаги энг йирик ва қадимги молия ташкилотларидан бири. JPMorgan Chase жаҳоннинг 60 давлатида ишлайди, ходимлари сони 252 000 кишини ташкил этади, депозитар активлар эса триллионлаб долларга тенг. Компания хусусий мижозлар, бизнес ва ҳукумат тузилмалари учун банк хизматлари кўрсатади. Холдинг тузилмасидаги энг машҳур банк – Chase. Шунингдек, гуруҳга АҚШ, Европа, Австралия ва оффшор ҳудудлардаги (масалан, Кайман ороллари) инвестицион фондлар киради.
1. Berkshire Hathaway
Омаха (Небраска)
Даромад: $241,4 млрд
Фойда: $44,9 млрд
Активлар: $702,1 млрд
Бозордаги қиймат: $491,6 млрд
Уоррен Баффетнинг холдинги Berkshire Hathaway турли соҳаларда шўъба корхоналарни бошқаради: суғурталаш, темирйўл транспорти, кийим-кечак ишлаб чиқариш, қандолатчилик, заргарлик бизнеси. Бундан ташқари, Баффетга Coca-Cola, Wells Fargo, IBM ва Apple компанияларида улуш ҳам тегишли.
1. Apple
Купертино (Калифорния)
Даромад: $238,8 млрд
Фойда: $50,5 млрд
Активлар: $406,8 млрд
Бозордаги қиймат: $904,4 млрд
Apple – Дональд Трампнинг АҚШга капитал қайтариш бўйича энг севимли мисолларидан бири. Қўшма Штатлар президентининг ишонишича, Америкадаги ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича ўз сиёсати туфайли Apple мамлакатга хорижий юрисдикциялардан 252 млрд долларни қайтара олган. IT-гигант ўз акциядорларига дивидендларни фаол тўлайди ва смартфонлар, планшет компьютерлари ҳамда олиб юрилувчи электрон қурилмалар учун йўлбошчи мақомини ушлаб турибди. Apple маҳсулотини Apple Store чакана савдо дўконлари тармоғи орқали сотади ҳамда App Store ва ITunes Store онлайн-дўконларига эга.
Мавзуга оид
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
11:28 / 10.11.2024