Қаршидаги бозор дабдурустдан бузилмоқда: маҳсулотлар вайроналар остида қолди
KUN.UZ таҳририятига келиб тушган маълумотларга кўра, бугун, 24 май куни Қарши шаҳрида жойлашган Марказий деҳқон бозорининг кўча юзидаги дўконларини бузиш ишлари бошлаб юборилган.Таҳририятимиздан нажот истаб,тинимсиз қўнғироқ қилган бир гуруҳ тадбиркорларнинг таъкидлашича, бузилиш ишлари огоҳлантиришсиз, шаҳар ҳокимининг қарори кўрсатилмаган ҳолда, тадбиркорларнинг бузилаётган дўконларига товон пули тўлаш ёки янгидан қуриб олиш ҳамда фаолият юритиш учун тегишли жой кўрсатилмаган ҳолда амалга оширилмоқда.
Бугун Республикада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Эски бинолар ўрнида янгилари қад кўтармоқда, қайта таъмирланмоқда, шаҳар ва туманларнинг қиёфаси ўзгартирилиб, янги лойиҳалар асосида қайта тикланмоқда. Аммо,аксарият жойларда бузиш ва қурилиш ишлари мулк эгаларининг, хусусан, тадбиркорларнинг манфаатига зид тарзда, кўр-кўрона амалга оширилмоқда. Қаршида ҳам шундай бўлмоқда. Банкдан кредити бор, ишларини эндигина кенгайтираман, қўшимча иш ўринлари пайдо қиламан, деб турган тадбиркорга нисбатан бундай хатти-ҳаракатларни қандай оқлаш мумкин?
Ёдингизда бўлса, аввал ҳам «Қарши шаҳар ҳокимлиги бир тадбиркорни чирқиратмоқда — бу нима, фидойилик ё рейдерлик?» сарлавҳаси билан Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори» АЖга автомобиллар турар жойи зўрлик билан олиб берилган «Асилбек-Зиёда» савдо ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Исмоил Панжиев билан боғлиқ воқеа ҳикоя қилиб берилган эди. Қаршида яна шунга ўхшаш ҳолат юз бераётганга ўхшайди.
Марказий деҳқон бозорида фаолият кўрсатган тадбиркорлардан бири шундай ҳикоя қилиб бермоқда:
— Эрталаб келиб, дабдурустдан бузиш ишларини бошлаб юборишди. Ҳатто айрим тадбиркорлар дўкондан нарсаларини олиб чиқиб кетишга ҳам улгуришмади. Озиқ-овқат маҳсулотлари қулаётган дўкон вайроналари ичида қолиб кетди. Бу ҳақда мутасаддилардан изоҳ оламиз, десак ҳокимлик вакилларидан ҳеч ким келмади. Ободонлаштириш бошқармасидан аллақандай бир кишини қўйиб кетишган. Бузаётганлар ҳам ҳеч нарса билмайди, уларга буюришган — бузишяпти. Бозорда жанжал кўтарилиб кетмасин, деган мақсадда ички ишлар ходимларидан бир гуруҳини қўйиб кетишган. Нима қилишни билмай қолдик. Январь ойида огоҳлантириш хати беришувди, бозор реконструкция бўлиши, дўконлар ўрнига замонавий лойиҳа бўйича дўконларни тадбиркорларнинг ўзи қуришини ваъда қилинган эди.
— Қарши шаҳрининг тарихий «Эски шаҳар» қисмидаги тарихий обидалар билан уйғунлашиб турган, чет эл сайёҳларини жалб этиши мумкин бўлган биринчи тоифали ягона тарихий бозорни бузиш ва ўрнига замонавий конструкциядаги супермаркет қурилиши шу ҳудуднинг тарихий-маданий аҳамиятини йўқотади, деб ҳисоблаймиз, — дейди яна бир тадбиркор.
Президент қарорига кўра бозор бузилиб, унинг ўрнига супермаркет қурилиши керак экан, буни тушундик. Аммо ўттиздан зиёд тадбиркор ва уларнинг қўлида ишловчилар бундан нега жабр кўриши, нега улар ўз мулкидан мосуво бўлиб қолиши керак? Уларга барчасини ётиғи билан тушунтириш, дўкони фаолият кўрсатиш учун барча зарур ҳужжатлари бор бўлган тадбиркорларга етказилаётган зарар албатта ҳокимлик томонидан қоплаб берилишини айтиш керак эмасмиди?
Биз мазкур масалага холис ойдинлик киритиш мақсадида Қарши шаҳри ҳокими ёрдамчиси Шерзод Эшқулов билан боғландик.
— Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги 2853-сонли қарорга мувофиқ Қарши шаҳридаги Марказий деҳқон бозори қайта реконструкцияга тушган. Мазкур деҳқон бозорда фаолият юритаётган тадбиркорларга мансуб дўконларнинг кадастр ҳужжати бўлса, уларга дўконлар берилади, йўқларига эса берилмайди. Улар янги қурилган бозорда ижара асосида ишлашлари мумкин. Қарши шаҳри ҳокими Жамшид Фозилов ҳафтанинг ҳар икки куни — душанба ва жума кунлари соат 14:00дан бошлаб фуқароларни қабул қилади. Шу кунлари мурожаат қилиб келган тадбиркорларнинг муаммоси ҳал этилади.
«Бу гапларнинг бари сафсата, — дейди биз билан суҳбатда бир гуруҳ тадбиркорлар. — Мана, қаранг, йўлнинг нариги бетида бундан олти ой муқаддам бузилган бозор («Тўлқинбозор» номи билан халқ ўртасида танилган) тадбиркорларининг муаммоси ҳалигача ҳал этилгани йўқ. Биздан тепада буюм бозори бор, у ер ҳам қайта таъмирланди, фақат тадбиркорларнинг ўз ташаббуси ва маблағи эвазига. Бизга ҳам шундай имконият беришсин, лойиҳа тақдим этилсин, ўзимиз чиройли қилиб қайта таъмирлаймиз. Аммо бундай қилишмайди. Бозорда фаолият юритаётган барча тадбиркорларнинг кадастр ҳужжатлари бор».
«Хўп, тасаввур қилинг, ҳозир бу бозор ҳам бузилса, аҳоли қаердан бозорлик қилади? Рўзаи рамазон кунлари, иссиқда сарсон бўлишади-ку?! Сотувчилар-чи? Яна кўча-кўйда, тупроқ ва бетонлар ичида савдо қиладими? Майли, бозорни бузишмоқчи экан, ҳокимнинг ўзи, ўринбосари, имом-хатиб, нуроний ва бошқа мутасаддилар келиб, тадбиркорларни йиғиб, бор гапни тушунтириб, халқ билан маслаҳат қилган ҳолда бу ишларни қилмайдими? Бу раҳбарнинг оёғи ердан узилиши, халқ билан мулоқотдан юз ўгириши эмасми? Тадбиркор — одам ўрнида эмасми? Биз ўғри ё муттаҳам эмасмиз-ку?! Бугун бизнинг бозор бузилса, нариги бузилган бозор тадбиркорлари билан қўшиб ҳисоблаганда 550–600 тадбиркор ишсиз қолмайдими?»
Бу борада меъёрий ҳужжатлар нима дейди? Бозор муаммоларига тааллуқли масалалар юзасидан 2017 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси президентининг ПҚ-2853 сонли қарори чиқарилган. Қарорга кўра, миллионлаб маблағ сарфланиб таъмирланган, қайта қурилган бозорлар бузилиши мумкин. Шу вақтгача ўйланмасдан сарфланган маблағларга жавобгар ва мансабига совуққонлик билан қараётган мансабдор шахслар эса Жиноят Кодексининг 207-моддасига кўра, жавобгарликка тортилишади.
Хўш, бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланиши қандай амалга оширилади? Ёки тадбиркорлар икки қўлини оғзига солиб қолаверадими?
Жавоб: Албатта,президент қарорида бу жараён ҳисобга олинган. Қарорнинг 16-бандига назар ташласак, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратилишини, шунингдек, уларнинг ҳудудлари тайёрланишини ҳамда бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланишини таъминлашлари шартлиги равшан қилиб ёзиб қўйилган.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш 21-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплексининг раҳбари З.Мирзаев зиммасига юклатилган.
Хуллас, Қаршидаги нотинчликнинг бор тафсилоти шу. Тадбиркорлар куйиб қолишдан чўчишяпти. Шу кунларда биттагина бўлса ҳам иш ўрни яратиш, ҳар бир хонадонни тадбиркорликка ўргатиш, аравани бирга тортиш давримизнинг, замонимизнинг энг долзарб масаласи бўлиб турибди. Президентимиз Ш.Мирзиёев айтганидек,«Бугун биз шу ишларни қилмасак, эртага четдан келиб биров бизга бир нарса қилиб бермайди, ҳеч қачон!»
Kun.uz таҳририяти мазкур вазиятни кузатишда, ўрганишда давом этади ва яқин кунларда Қарши шаҳрига бориб, воқеа жойида тадбиркорлар ва шаҳар мутасаддилари билан учрашади.
Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
08:00 / 07.10.2024