GM Uzbekistan Matiz ишлаб чиқаришни тўхтатмоқда
2018 йилнинг июль ойидан эътиборан GM Uzbekistan АЖ ишлаб чиқариш қувватларида Matiz русумли автомобилларни йиғиш якунланади. Ушбу қарор моделлар қаторини янгилаш борасидаги стратегияга мувофиқ ҳамда ушбу автомобилнинг техник эскирганлигини инобатга олган ҳолда қабул қилинди, деб хабар бермоқда компания ахборот хизмати.
Шу муносабат билан ушбу моделдаги автомобилларни етказиб бериш бўйича шартномаларга аризаларни рўйхатдан ўтказиш тўхтатилган.
GM Uzbekistan истеъмолчилар олдида ўзининг мажбуриятларини бажарилишини ва автомобилларни тузилган шартномалар бўйича ўз вақтида ва тўлалигича етказиб берилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Matiz автомобили Асака автомобиль заводида ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган тўртинчи модель бўлиб, 2001 йил август ойидан йиғила бошланган. 2004 йил декабрь ойида двигатель ҳажми 1 л бўлган Matiz Best хамда автоматик узатма қутили модификациялари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Matiz автомобиллари кичик ҳажмли автомобиллар синфига тегишли бўлиб, ушбу синфдаги автомобилларга бўлган эҳтиёж Spark автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш орқали қопланади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Андижондаги автомобиль заводини танқид қилганди.