Ўзбекистон | 20:37 / 31.05.2018
17912
2 дақиқада ўқилади

​Тошкентда яшовчи хотин-қизлар ОВИР стикерларини махсус суҳбатсиз олишлари мумкин

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрининг 18-35 ёш оралиқдаги хотин-қизлари хорижга чиқиш стикерларини ортиқча маълумотномалар ва машмашаларсиз, бошқалар сингари олишлари мумкин бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи в.б. подполковник Қудрат Йўлдошевнинг билдиришича, Ўзбекистон ИИВ ўринбосари, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев 2018 йил 25 май куни Тошкент шаҳрида доимий истиқомат қилувчи 18-35 ёш оралиғидаги аёлларни хорижга чиқиш стикерини олишларидан аввал профилактик суҳбатдан ўтказиш амалиётини бекор қилишга доир буйруқни имзолаган. 

Йўлдошевнинг айтишича, хорижий мамлакатларга бормоқчи бўлган ва махсус стикерни олиш учун ҳужжатларини топширган тошкентлик қизлар ва аёлларни махсус суҳбатдан ўтказиш 2011 йилдан буён амалда бўлиб келган. 

“Бундай кескин чоралар кўрилишига одам савдоси ва фоҳишаликка қарши курашиш истаги асос бўлган. Аммо бугунги кунда шаҳарда қўшимча бўлимлар ташкил этилди. Шу боис, аёл-қизларимиз стикер учун аариза топширганида турмуш ўртоғи ёки ота-онасининг розилиги билдирилган маълумотномаларни ҳам тақдим этишмайди. Мабодо, топширилган ҳужжатларда бирор маълумот шубҳа уйғотса, унга аниқлик киритиш борасида зарурий чоралар ҳудудларда ташкил этилган шаҳар ички ишлар бўлимлари ходимлари томонидан аниқланади. Қолаверса, ушбу буйруқ билан маҳалладан маълумотнома ва тиббий маълумотномалар тақдим этиш амалиётига ҳам чек қўйилади”, - деди Қудрат Йўлдошев. 

Унинг KUN.UZ мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, бундай ўзгаришларнинг барчаси давлат раҳбари томонидан фуқароларга турли соҳалардаа енгилликлар бериш, қоғозбозликларга барҳам бериш бўйича билдираётган кўрсатма ва ғояларининг амалий ифодасидир.

Таъкидлаш ўринлики, 2019 йил 1 январидан бошлаб, Ўзбекистонда 2 йиллик хорижга чиқиш стикерлари ўрнига 10 йил муддатга хорижий паспортни бериш тизими йўлга қўйилади. 

Мавзуга оид