Ўзбекистон | 09:11 / 07.06.2018
9540
3 дақиқада ўқилади

Педагогика университетининг Чет тиллар факультети биноси Маънавият ва маърифат марказига берилди

Фото: tdpu.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 9-уй манзилида жойлашган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Чет тиллар факультети бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Республика Маънавият ва маърифат марказига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги объектни белгиланган тартибда Республика Маънавият ва маърифат марказига топширилишини, Республика Маънавият ва маърифат маркази ушбу объектни қабул қилиб олишни ва ундан самарали фойдаланишни таъминлайди.

Объектни капитал таъмирлаш бўйича:

Республика Маънавият ва маърифат маркази буюртмачи этиб белгиланди;
бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда танлов савдолари (тендер) натижалари асосида аниқлайди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази белгиланган тартибда:

ишлаб чиқилган тендер ҳужжатларининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасида экспертизадан ўтказилишини;
бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар билан биргаликда объектда капитал таъмирлаш ишларининг амалга оширилишини таъминлайди.

Белгиланишича, Республика Маънавият ва маърифат марказига берилган бино ва иншоотларда “Тафаккур” ва “Маънавий ҳаёт” журналлари таҳририятлари ҳамда “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги объектда капитал таъмирлаш ишларини бажариш учун 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда зарур маблағлар ажратилишини назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги белгиланган тартибда объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати олиб борилишини таъминлайди.

Мавзуга оид