Ўзбекистон | 08:24 / 12.06.2018
97121
2 дақиқада ўқилади

Швейцария Гулнора Каримованинг миллионларини Ўзбекистонга қайтариши мумкин

Фото: eurasianbusinessbriefing.com

Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатилиб қўйилган 800 миллион Швейцария франки (810 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги пулнинг бир қисмини Ўзбекистонга қайтариш масаласи ижобий томонга ҳал бўлаётганини ёзади EurAsia Daily. Бу ҳақда онлайн нашрга Тошкент ва Берн ўртасидаги музокараларга алоқаси бор швейцариялик мулозим аноним шартларда маълум қилган.

«Музокаралар анча узоқ давом этиб келмоқда. Мазкур пулларга бир неча даъвогарлар бор. Уларнинг энг биринчиси Ўзбекистон ҳукумати бўлса, иккинчиси — АҚШ ва учинчиси Zeromax кредиторларидир. Г.Каримова ва унинг гумашталари молиявий найрангларини АҚШ долларида олиб боргани, боз устига АҚШ банк тизимидан фойдаланганини даъво қилаётган Америка молия вазирлиги пулларнинг бир қисмига эга чиқиши мумкин. Zeromax кредиторлари ҳозирча терговга бу компаниянинг асл эгаси Г.Каримова бўлганини исботлаб бериша олгани йўқ, шу сабабли уларда амалда бу пулларнинг қандайдир бир қисмини бўлса-да қўлга киритиш учун имконият қолмаган», — дейди швейцариялик мулозим.

Швейцария прокуратураси жиноий иш доирасида ҳали тергов давом этаётганини важ қилиб, матбуот хизмати мазкур ишнинг тафсилотларини ошкор этишдан бош тортди. Швейцария ташқи ишлар вазирлиги федерал департаменти ҳам тергов тугамаганини рўкач қилиб, шарҳ беришни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 28 июлида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўзининг расмий сайтида Гулнора Каримованинг тақдири билан боғлиқ маълумотларни эълон қилган эди.

Ўшанда Г.Каримова аъзо уюшган жиноий гуруҳнинг активларини аниқлаш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилаётгани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид