Жамият | 20:28 / 15.06.2018
20196
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда почтальон Печкинга ёдгорлик ўрнатилди

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида машҳур мультфильм қаҳрамони почтальон Печкинга ёдгорлик ўрнатилди. 

Почтальон Игорь Иванович Печкин — болалар ёзувчиси Эдуард Успенский қаламига мансуб асарлар қаҳрамони бўлиб, кейинчалик бу асарлар асосида «Союзмультфильм» киностудияси томонидан бир неча серияли мультфильм ишланган («Простоквашинолик уч шоввоз», «Простоквашинода таътил», «Простоквашинода қиш», «Фёдор амаки, кўппак ва мушук: Матроскин ва Шарик»). 

Печкин ёдгорлиги Урганч шаҳрининг марказий ал-Хоразмий кўчасида, почта хизматларини кўрсатувчи компания олдида ўрнатилган. Бу тадбирдан мақсад - мижозларни жалб қилишга асосланган маркетинг ҳийласи экани кўриниб турибди. Бироқ бу воқеа шаҳарнинг сайёҳлар учун жозибасини ҳам бироз бўлса-да, ошириши шубҳасиз.

Ёдгорлик одам бўйи баландлигида, бронзадан ясалган. Унда почта сумкасини осиб олган ва велосипед миниб олган Печкин гавдаланган. Унинг елкасида эса мультфильм қаҳрамонларидан бири чумчуқча ҳам бор.

Қизиғи шундаки, бу Печкинга ўрнатилган дунёдаги биринчи ёдгорлик эмас. Айни пайтда, Россиянинг Луховици, Колпино, Раменское ва Цивильск шаҳарчаларида ҳам мультфильмнинг тиниб-тинчимас қаҳрамони ҳайкаллари бор. 

Россиянинг Луховици шаҳарчасидаги ёдгорлик
Россиянинг Колпино шаҳарчаси
Россиянинг Раменское ва Цивильск шаҳри

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид