Жамият | 23:30 / 17.06.2018
184096
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ўқитувчи ва шифокор Остонани ҳам тозалайди

2018 йил 15 мартдан бошлаб расман «Қозоғистонда Ўзбекистон йили» бошланди. Тан олиб айтиш керакки, гавжум Олмаота ва гўзал Остона шаҳарлари Марказий Осиёда кейинги ўн йилликнинг энг қудратли шаҳарлари рўйхатида пешқадам бўлишга тўла имконияти бор.

Остонага ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳ ўша машҳур Байтерек монументига чиқишга ҳаракат қилади. Ривоят қилишларича, бу қадимги Ҳаётбахш дарахт қозоқ тилида Бәйтерек деб аталган. Унинг илдизлари ер остини, новда устидаги тож эса осмонни тутган. Ҳар йили афсонавий Самруқ қуши унинг юқори шохлари орасига тилла тухум қўяди. Айдаҳар (аждарҳо) эса уни ейди. Шундай қизиқ ривоят билан йўғрилган дарахт монументини қуриш ишлари 1996 йил бошланди. Бу воқеа пойтахтнинг Олмаотадан Ақмолага кўчирилиши билан боғлиқ.

Байтерекнинг атрофи Дубайни эслатувчи осмонўпар, ойнаванд бинолар билан қуршалган. Ишбилармонлик марказлари-ю, кўнгилочар емакхоналардан иштиёқим ортиб, айланиб юрганимда ўзбек тилида суҳбатлашиб турган уч нафар ўзимизнинг қоракўзларни учратдим.

«Ассалому алайкум, ўзбекмисиз?», Остонада ўзбекларни кам учратганим учун беихтиёр сўрадим.

«Ҳа, келинг, ука. Ўзбекистонданмисиз? Ёки шу [Қозоғистон] ерликмисиз?», деб сўради уларнинг орасида энг ёш кўринганлардан бири.

Кийимидан улар шу яқин атрофдаги бинода ишласа керак, деб ичимда гапира бошладим. Аслида ишчиларнинг формасига қараб дарҳол ажратмайман-ку, аммо қурувчининг бош кийимига ўхшаган бош кийим шубҳага ўрин қолдирмади. Ўзимни таништирдим. Кейин билсам, Собир аканинг (учовлоннинг энг кичиги) асл касби муаллимлик бўлиб чиқди.

«Очиғи, Ўзбекистонда ҳам ҳеч ким оч қолмайди. Бир киши фарзандлари, ота-онаси ва рўзғоридан ортиниб машина ҳам оляпти, уй ҳам қуряпти. Аммо, сиз ўқитувчи бўлсангиз, бу гапларни айтган инсоннинг юзига ҳам қарамай сўкиб ташлайсиз. Мен анча йилдан буён хорижда ишлайман. Профессионал альпинист бўлиб, ҳужжатлар олдим. Аммо, ўқитувчи бўлиб юрган пайтимдек, юрак сиқилмайди: пулим етарли, оиламга ҳам юбораман. Шу катта биноларда ойна артувчиман. Ишим битса, қўноққа кетаман, бинога қоровул бўлиб қолмайман. Ойлигимдан ҳеч ким ушлаб қолмайди, мажбурий обуна, пахта йиғими, темир топ, деган гапнинг ўзи йўқ. Беҳудага қоғоз тўлдирмайман, пластик картамни кўтариб, қандай нақдлаштирай, демайман», дейди ўзбекистонлик собиқ ўқитувчи.

Нима дейишни ҳам билмай мум тишладим. Чунки, Собир аканинг шериги Дилмурод ака ҳам бинойидек касб эгаси бўлган.

«Болалар шифокори бўлиш менинг азалий орзум эди. Негаки, ёшлигимдан болаларни йиғлатган шифокорларни кўрсам, ўзимча ўйлардим: »Мен меҳрибон шифокор бўламан«. Тиббиёт ходимларининг муаммоси ва дарди шундаки, уларнинг меҳнатини ҳеч ким қадрламай қўйди. Мен кишиларни даволашга эмас, соғлиғини сақлашга ўқиганман. Лекин, қабулимга келган ҳар қандай ота-она ҳам буни тўғри англамай, барча аламини биздан олади. Дастлаб, тез ёрдамда ишладим. Қанча маош олганимни айтмай, куласиз. Шунчаки қандай ишлаганимни билсангиз етарли: бир сутка иш! Бемор боланинг онаси давлат бюджетидан фойдаланишга бир тонна дори-дармон берилмаганини қайдан биларди. Дашном берса, жон аччиғида, деб мамнун кетардим. Ўйлаб қарасам, ҳаётим ўтиб боряпти. Фарзандларимга тўй қиламан, бирини уйлаб, бирини чиқараман. Мен ҳам ота-онамни Ҳажга олиб борай, деб шу юртга келдим», дейди шифокор-альпинист.

Остона шаҳрининг қоқ юрагида дам осмонга қараб, дам улар тозалашга тараддуд кўраётган бинога қарайман. Нафас етмагандек, айтгим келади: «Ҳаммаси яхши бўлади. Ўзгаряпти». Айтолмаган сўзларимга ўзим ҳам ишонмадим.

«Фақат бир нарса қийнайди, буни [шерикларнинг учинчиси] оиласи ҳам шу ерда. Мен эса ҳар йили бир марта фақат 20 кун уйда бўламан. Бўлмаса, ҳар куни интернет орқали суҳбатлашамиз. Барибир, тезроқ Ўзбекистонга кетишим керак. Унгача бир ишни бошлаш учун пул жамғариб ҳам олиш зарур», деб учовлон ҳам ишга отланди.

Кўнглим сал тинчиди, ҳар қалай уларда ватанпарварлик тилда ё қоғозда эмас, юракда бор. Минг қилса-да, Ўзбекистонга қайтиб, ўзини бошқа соҳада синаб кўрмоқчи. Лекин ҳақли савол туғилади: қолган ўқитувчи ва шифокорлар ичига ютиб юрган дардни ким эшитиб, масалаларни ҳал қилади?

PS: мен фикрлар тўзонида қанча қолиб кетдим билмайман, бошимни юқорига кўтарсам ўзбекистонлик ўқитувчи ва шифокор, яна бир меҳнат муҳожири ғайрат билан ойна артишга тушганини кўрдим.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид