Жаҳон | 21:44 / 18.06.2018
17081
2 дақиқада ўқилади

Олимлар: Инсоният интеллекти авлоддан авлодга пасаймоқда

Норвегиялик олимлар Бернт Братсберг ва Оле Рожеберг Миллий фанлар академиясида ҳар бир авлод вакиллари IQ-тестлар бўйича аввалгиларига қараганда ёмонроқ натижаларни қайд этаётганига доир ҳисоботни тақдим этишди, дейилади flashnord.com порталида. 

Ўтган асрнинг биринчи ярмида қайд этилган илмий тараққиёт одамлар йил сайин янада ақлли ва билимли бўлиб боришига умид берганди. Бироқ маълум бўлишича, IQ ўсиш суръатлари қисқа муддатли бўлган ва бу, ҳойнаҳой, аксарият мамлакатларда тиббиёт даражаси ва озиқланиш сифатининг ошиши билан боғлиқ бўлган. Ҳозир эса акс таъсир кузатилмоқда. Инсоният ақлий салоҳияти пасайиб бормоқда.

Норвегиялик олимлар 1970 йилдан 2009 йилга қадар ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар ўртасида ўтказилган 730 минг IQ-тест натижаларига асосланиб, шундай хулосага келишган. Кузатувларга мувофиқ, ҳар бир авлод аввалгисига нисбатан ўртача 7 баллдан йўқотган. 

Ўтган асрдаги тенгдошларидан фарқли ўлароқ, замонавий ёшлар вояга етаётган оиланинг турмуш даражаси интеллект ривожига деряли таъсир кўрсатмаяпти. Ҳар тарафлама компьютерлаштириш кўпроқ салбий омил бўлиб хизмат қилмоқда: болалар китоб ўқиш ўрнига видеоўйинлар ўйнашмоқда. 

Олимлар интеллект даражасининг пасайишига атроф-муҳитнинг ёмонлашуви, ўрта статистик инсоннинг таомномасида балиқ миқдорининг камайиши ҳам таъсир қилган бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Мавзуга оид