Ўзбекистон | 16:03 / 27.06.2018
22712
6 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: ОАВ сўзда эмас, амалда «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилиши зарур

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Авваламбор, сиз, азизларни, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган муҳтарам фахрийларимизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этиш, барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди», - дейилади табрик аввалида.

«Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида сиз, матбуот аҳлининг фидокорона меҳнат қилаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Сизлар каби минг-минглаб олижаноб касб эгаларининг саъй-ҳаракатлари, истеъдод ва маҳорати билан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқимиз ҳаётига, унинг қувонч ва ташвишларига тобора яқин бўлиб, Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфасини шакллантиришда ғоят муҳим роль ўйнамоқда», - деган президент.

Қайд этилишича, мустақиллик йилларида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг сони қарийб 4 баробар кўпайиб, 1500 тага етгани ушбу тармоқда ўсиш, ўзгариш жараёнлари изчил давом этаётганидан далолат беради.

Энг муҳими, соҳа ривожида ана шундай миқдор ўзгаришлари билан бирга сифат ўзгаришлари ҳам юз бермоқда. Бунинг тасдиғини миллий медиа майдонимизда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи кенгайиб, самарали фаолият кўрсатаётгани, интернет журналистикаси жадал ривожланиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Кейинги пайтда  оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини, маҳаллий газеталар, теле-радиоканалларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг асосийси, матбуотда фикрлар, қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича жиддий ишлар амалга оширилгани сизларга яхши маълум, албатта.

«Газеталаримиз, теле-радиоканалларимизда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайгани, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бораётганини биз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Бугун биз дунёдаги узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби», - дейилган матнда.
 
Таъкидланишича, биринчи навбатда медиа тармоқлари фаолияти самарасини ошириш, уларни халқ билан мулоқотнинг ишончли воситасига айлантириш, замонавий ахборот хизматлари бозорини, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш сингари долзарб масалалар доимий эътиборимиз марказида бўлиши керак. 

Шу мақсадда парламент томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига ахборот соҳасини янада демократлаштириш ва ривожлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича фаол иш олиб борилаётгани айниқса эътиборлидир.

«Бу борада Ўзбекистон  Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш, қалам ҳақи миқдорини ошириш, ижодий жамоалар билан йирик компаниялар ва хўжалик бирлашмалари, банклар ўртасида “дўстлар клублари”ни ташкил этишга қаратилган амалий ишларимизни таъкидлаш лозим.

Оммавий ахборот воситалари учун замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида яқинда катта умидлар билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этганимиздан хабарингиз бор.

Ушбу олий таълим маскани соҳада эришилган ютуқларни ҳар томонлама ўрганиш, журналистика фани, унинг илмий-назарий асосларини, замонавий медиатехнологияларни чуқур ўзлаштириш, халқаро стандартлар даражасидаги юқори малакали кадрлар тайёрлаш имконини беради.

Ҳеч шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари соҳасида амалга оширилаётган ана шундай ишларнинг барчаси Ўзбекистон журналистикасининг жаҳон ахборот майдонида муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам пойдевор яратади», - дейди президент.

Билдирилишича, ҳозирги вақтда ҳаётимизда амалга оширилаётган модернизация ва янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказиш, одамларни янги марралар сари сафарбар этиш, олдимизга қўйган вазифаларни сифатли амалга оширишда сизларнинг таъсирчан сўзингиз, фаол гражданлик позициянгиз сув билан ҳаводек зарур.

Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга, аввало, сизлар каби маънавий жасорат эгаларигина қодир бўлади. 

«Биз жамиятимизда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлашда сизларга, сизларнинг билим ва истеъдодингизга таянамиз. 

Айниқса, ҳаёт ва касб тажрибангизни ёшларга ўргатиш, уларни замонавий фикрлайдиган, Ватан ва халқ манфаатини муқаддас деб биладиган, соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашда кўпчиликка ўрнак ва намуна бўласизлар, деб ишонаман.

Ўз-ўзидан равшанки, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, соҳа ривожига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш бундан буён ҳам биз учун устувор вазифа бўлиб қолади.

Азиз ва муҳтарам дўстлар!

Сизларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан яна бир бор самимий табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман», - дея якунланган табрик.

Мавзуга оид