Ўзбекистон | 19:09 / 06.07.2018
23285
5 дақиқада ўқилади

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали қанча одам ишга жойлашганлиги маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Муҳокама давомида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев чиқиш қилиб, ҳудудларда аҳоли бандлиги масаласида йўл қўйилаётган расмиятчиликларни бартараф этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга атрофлича тўхталди. Шу билан бирга, шу кунга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали қанча одам ишга жойлашганига доир маълумотлар тақдим этилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ижтимоий-иқтисодий рағбатлантириш натижасида 2018 йилнинг январь-май ойларида 213 мингга яқин иш ўринлари ташкил қилинган. Ҳудудларда жорий йилнинг 5 ойида ўтказилган 584 та бўш (вакант) иш ўринлари ярмаркаларида 28,5 мингта иш берувчи ва 183,4 минг нафар иш қидираётган фуқаролар иштирок этди. Уларнинг натижасига кўра 32,6 минг нафар шахс, шу жумладан, 21,1 мингга яқин ёшлар – ўқув муассасалари битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар, қамоқ жазосидан озод этилганлар ва бошқалар ишга йўлланма олди.

Вазир ўз ахборотида ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича 2018 йилнинг 4 ойи давомида фуқароларнинг ташқи меҳнат миграциясини таъминлаш борасида амалга оширилган муайян ишларни алоҳида эътироф этди.

Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган “Бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш тўғрисида”ги Меморандумга асосан 2017 йилда 2613 нафар, 2018 йилнинг 5 ойида 1023 нафар – жами 3636 нафар фуқаро меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Корея Республикасига юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг апрелида Россия Федерациясига Давлат ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида “Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятларини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган тартибда танлаб олиш ва ишга жойлаштириш бўйича Ҳукуматлараро Битим” имзоланди ва ҳар икки давлат томонидан ратификация қилинди.

Ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги орқали 2017 йилда 922 нафар фуқаро Россияда ишга жойлаштирилган бўлса, 2018 йилнинг 5 ойи давомида 380 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди ва 12,5 мингга яқин фуқарога Агентлик, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда меҳнат органлари томонидан маслаҳат бериш, рўйхатга олиш ҳамда имтиёзли чипталар берилиши орқали Россияда меҳнат фаолиятини олиб боришига кўмаклашилди.

Фуқароларнинг ташқи меҳнат миграциясини такомиллаштириш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида 2018 йил 30 апрелида Ўзбекистон ҳукумати билан Туркия ҳукумати ўртасида Ҳукуматлараро Битим имзоланди ва бугунги кунда уни кучга киритиш бўйича амалдаги қонунчилик талаблари асосида тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш географиясини кенгайтириш мақсадида БАА, Қозоғистон, Польша, Япония, Чехия ва Уммоннинг ваколатли ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида музокаралар ўтказилмоқда.

Меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан фаол ҳамкорлик қилмоқда, ушбу ташкилотнинг 14 та конвенцияси ратификация қилинди, шундан 8 таси фундаментал болалар ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш конвенциялари ҳисобланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва унинг барқарор реал даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, бу борада қатор муаммоли масалалар аниқлангани, уларни ҳал этиш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди:

  • меҳнат бозорининг ягона информацион-таҳлилий тизимини яратиш;
  • ишсизларни касбга ўқитиш тизимини такомиллаштириш, касбий компетенция тизимини яратиш;
  • ташқи миграция фаолиятини такомиллаштириш;
  • иқтисодиётда юқори даражада сақланиб қолаётган норасмий бандлик улушини қисқартириш;
  • меҳнат органлари салоҳиятини ошириш;
  • фуқаролар, ходимларнинг кафотланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасини такомиллаштириш.

Мавзуга оид