Ўзбекистон | 12:20 / 06.07.2018
23130
11 дақиқада ўқилади

Замонавий журналистика муаммолари: бугунги кун журналистига талаблар

«Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби».

Шавкат Мирзиёев.

Бутун дунёда, ҳурмат ва эҳтиром юзасидан оммавий ахборот воситаларини кўпинча «Тўртинчи ҳокимият» деган атама билан аташади, бу абстракт ва лирик тушунча. Чунки оммавий ахборот воситаларида кимнингдир қилган хато-камчиликларини тузатиш учун қўлланадиган буйруқ механизми ёки ваколати йўқ. Масалан, қайсидир ташкилот одамларнинг ойлик иш ҳақини бермаётган бўлса, меҳнат кодексидан четга чиқиб кетган бўлса ёки кимдир қонунни бузаётган бўлса уни жазолай олмайди, хато-камчиликни тузатиш учун буйруқ ҳам бера олмайди. Лекин муаммога, масалага ёки қандайдир воқеага қонунчилик ҳокимияти, ижро ҳокимияти, суд ҳокимиятининг диққатини жалб қилишга матбуотнинг ҳақи бор.

«Тўртинчи ҳокимият» атамаси жамиятдаги ижтимоий фикрга матбуотнинг қанчалик таъсир кўрсата олишини ифодалайдиган абстракт ва лирик атама ҳисобланса-да, оммавий ахборот воситалари жамиятимизда бўлаётган сиёсий-ижтимоий жараёнга нисбатан жамоатчиликнинг диққатини жалб қилиб, унда дахлдорлик туйғусини уйғота олади, бу унинг вазифаси ва бунга ҳақ-ҳуқуқи ҳам етарли даражада мавжуд. Айнан мана шу эгаллаб турган ҳақ ва ҳуқуқи эвазига давлат бошқарув тизимидаги уч ҳокимиятни ўзига, яъни матбуотга қарам вазиятда ишлашини талаб қилади. Агар, аксинча матбуот уч ҳокимиятга қарам вазиятда бўлса, унда давлатда ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди. Бу аҳволда давлат тизими коррупция ботқоғидан чиқа олмай, пароканда бўлиши мумкин. Бунга тарихдан мисоллар жуда кўп.

Масаланинг нозик томони ҳам бор. Том маънода мустақил матбуот ҳеч қачон бўлмаган. Дунёнинг барча давлатларида оммавий ахборот воситалари белгиланган сиёсий ёки иқтисодий кучларга қарамлик аҳволида иш юритади. Ҳеч бўлмаганда эгасининг дунёқарашига кўра ёки маблағ берувчининг истагига кўра иш тутади ва масалани талқин қилади.

Масалан, ўзларининг шахсий адоватини, қандайдир деструктив фикрларини, ҳеч қандай қадр қийматга эга бўлмаган, ҳар хил бўлмағур негатив хулосаларини, гўё Ўзбекистон ичкарисидаги халқнинг оммавий ижтимоий фикри каби кўрсатишга ҳаракат қилаётган ОАВ ҳам йўқ эмас. Бундай ахборот агентликларининг иш фаолияти натижасида «Ҳақиқат иштонини кийгунча ёлғон дунёни ярмини айланиб улгуради» (A lie can travel half way around the world while the truth is putting on its shoes).

Ҳақиқат ва ёлғон нима эканини энг қисқа ва аниқ шаклда ифодалаб берадиган ушбу ибора кўпчилик сиёсатчи-жамиятшунослар учун жуда керакли тушунчага айланиб улгурган бўлса-да, унинг ўзи катта ёлғон ва шубҳа ўртасида аросатда қолган ибора бўлиб қолди. Масаланинг қизиқ томони шундаки, бу иборанинг асл муаллифи америкалик буюк ёзувчи Марк Твен бўлиб, бу аниқ ҳақиқат бўлишига қарамай бу маълумот ҳам ёлғонга айлантирилди. Айримлар бу иборани биринчи марта Британиянинг машҳур сиёсатчиси сэр Уинстон Чёрчилл айтган, деган ёлғон маълумотни дунёга тарқатиб юборишди. Энди эса ёлғон, сохта ва нотўғри хабар тарқалиб кетган ва буни тузатишнинг иложи бўлмай қолди, қуруқ рад қилиш билан хатони бартараф қилиш жуда мушкул.

Бутун дунёда янгиликларни ким ёки қайси ахборот агентлиги биринчи ёритгани жуда муҳим. Бизнинг ватанимизда мавжуд бўлган ички сиёсий-ижтимоий муаммоларимизни қандайдир бошқа давлатнинг журналистлари ўзларининг ўлчамларига кўра талқин қилиб, ташқаридан дод-вой қилиб турса кимга ёқарди? Нафрат, баъзида ғазаб билан «деструктив нарсалар берувчи», «ғоявий хуруж яратувчи», «кўролмайдиганлар», деган гаплар билан «Озодлик», ВВС, «Америка овози», CNN ва бошқа хабар агентликларига хафа бўлиб, уларга қарата норозиликлар соча бошлаймиз.

Шунинг учун Ўзбекистондаги янгиликни ёки қандайдир хабарни биздан олдин ҳеч бир давлатнинг ахборот агентлиги чиқаришга улгурмаслиги шарт. Акс ҳолда ёлғон, нотўғри хабар тарқалиб кетиши эҳтимоли юқори. Бунинг оқибатларини тасаввур қилишни ва ҳар хил ёлғон маълумотлар қайсидир шахсга ёки умуман жамиятимизга қанчалик зарар келтиришини олдиндан билишни ўрганишимиз зарур.

Ҳозирги пайтда, шу кечаю кундузда ҳам, Ўзбекистон президенти шунча тушунтириш ишларини олиб боришни талаб қилса ҳам бари бир чет элдан ватанига қайтиб келган қайсидир ватандошимизни аэропортдан ёки уйидан куч ишлатар тизимда ишлайдиган ходимлар қаергадир олиб кетиб сўроққа тутгани, ёки милиция ходими фермерни калтаклагани ёки гумондор аёлни таҳқирлаб, ечинишга мажбур қилгани ҳақидаги хабарни дастлаб Ўзбекистонда фаолият юритаётган сайтлардан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ёки чет эл ахборот агентликларидан биламиз. Ўз навбатида бундай аҳвол ўзбек миллий матбуотига нисбатан жамоатчиликнинг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкин.

Албатта, жамиятимизда бўлаётган баъзи бир воқеаларга ўзларимиз эътибор бермаганимиз учун ташқаридан бошқа давлатнинг ахборот агентлиги хабар бериб, сўнг бу хабарни ўзларича талқин қилиб, таҳлил қилиб оммага ёритиши турган гап.

Ҳозирги замонавий дунёда ахборот вакууми бўш қолмайди. Янгиликлар ҳам тижорат маҳсули ва унинг ҳам ўзига яраша бозори мавжуд. Бу масалада журналистиканинг ва ахборот алмашинувнинг ўз қонун-қоидалари бор. Олдин яшин тезлигида ўзимизнинг журналистлар янгиликларни тарқатиб, ҳамкасб таҳлилчиларга «масаллиқ» тайёрлаб бериши зарур. Тезкорлик масаласида бошқа давлатларнинг ахборот агентликларига иш қолдирмаслик шарт. Биз ўз юртимизда бўлаётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга олдин ўзимиз баҳо беришни ва тафсилотларини кенг оммага етказишнинг уддасидан чиқишимиз зарур.

Ўзимизда шунча талантли журналистлар бўлатуриб, Ўзбекистонда содир бўлган воқеанинг хабарини, тафсилотини, таҳлилини қандайдир чет эллик журналистларнинг қаламидан ёки тилидан, чет эл ахборот агентликлари орқали хабардор бўлиш, бир ўзбек ватандош учун қанчалик оғир.

Ҳозирги кунга келиб Ўзбекистонда кўпчиликнинг эътиборини ўзига жалб қилувчи муаммонинг ёки воқеанинг хабари матбуотда чиққанидан сўнг омма ичида қандай ижтимоий резонанс яратганини талқин қилиш жараёни журналистларимиздан улкан касбий маҳорат талаб қиладиган энг муҳим ишлардан бири бўла бошлади.

Ўзбекистонлик журналистлар томонидан мустақил журналистик тадқиқотлар олиб борилиб, жамиятимиздаги мавжуд муаммоларнинг тафсилоти мутасаддилар олдига кўндаланг қўйиш ишлари қандай амалга оширилишини оммага ёритиш эвазига аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонлик ривожланиши турган гап. Натижада жамиятимиздаги вазият ҳозиргидан мутлақо бошқача ижобий тус олиши аниқ.

Айниқса, журналистик тадқиқот жараёнини ҳам мунтазам равишда оммага ёритиб борилса, жуда ажойиб натижа бўлар эди. Энг асосийси — халқимиз намоёндалари ичида уларнинг ўзларининг шахсий фуқоралик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилган бўлар эди, бу эса ўз навбатида жамоавий фикрни ўртага чиқаради, ёшларимизнинг онгига ижобий таъсир кўрсатади, эзгу фикр ривожланади, лаёқатсизликни иллат сифатида кўпчилик аниқ сеза бошлар эди. Чунки бугунги кунга келиб журналистиканинг моҳияти ҳам, унга қўйилган талаблар ҳам ўзгарди.

Турли сиёсий-ижтимоий вазиятлар ҳақида ёзилаётган мақолалар нафақат ўзбекистонликларнинг, балки дунёнинг турли хил давлатларида истиқимот қилувчи ўзбекларнинг диққат марказига айланмоқда. Мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда ва чет элдаги нашрларда омма эътиборида баҳс ва мунозаралар ташкил қилинмоқда. Ўзбекистон матбуотида чиқаётган мақолаларнинг мазмуни ва моҳияти олдингилардан тубдан фарқ қиладиган шаклда ёзилаётганини яққол кўрса бўларди.

Масалан, яқиндагина бўлиб ўтган сенатор ва тўй кортежи можароси ҳақида журналистларимиз ёзиб чиқди. Президент ҳам журналистлар тарафида бўлди. Бу воқеа Ўзбекистонда ўзига яраша оммавий ахборот воситалари майдони шаклланаётганини кўрсатди. Афсуски, олдин бизда бундай майдон йўқ эди. Баъзи бир сабабларга кўра Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўғилган эди. Бирор журналист жамиятимиздаги иллатлар ва муаммолар ҳақида айта олмас эди. Ўша эски «Правда Востока», «Известия» ва «Комсомольская правда» каби газеталарнинг шаблонида ижод қилишни давом эттиришар эди.

Жамиятимизда содир бўлаётган воқеаларга муносабат кўрсата оладиган журналист эканлигини ўз ижоди билан тасдиқлай оладиган қанчадан қанча ёш журналистлар яқиндагина бўлиб ўтган Блогерлар чемпионатида қатнашишди. Бу воқеа нафақат иқтидорли ва салоҳиятли ёш журналистларнинг ғалабаси эди, балки ўзбек журналистикасининг байрами бўлди, десак ҳам бўлади. Чунки, аввалги мусобақалардаги мақолалардан кескин фарқ қиладиган мазмундаги материалларнинг оммага тақдим қилинишининг ўзи, аслида ўзбек журналистикасининг зафари ҳисобланади. Ўз мақолалари билан мусобақада қатнашган йигит-қизларимиз эътиборга олинди ва мукофотланди.

Хурсандчиликлар, табриклар ва мақтовлардан сўнг навбат танқидга ҳам етиб келади. Танқид қилувчиларнинг фикрига кўра, бу блогер-журналистлар чемпионати эмас, «иншолар танлови» бўлган эмиш, баъзи бир танқидчиларнинг фикрига кўра блогерлик фаолияти ва улар ўртасида ўтказиладиган мусобақалар дунёда бундан 10 йил олдин долзарб бўлганлиги сабабли ҳозирги кунда ривожланган давлатларда унчалик эътибор қилинмайдиган анжуманга айланиб қолган.

Албатта, журналистика ёки матбуотни танқидсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳозирги замонавий журналист, фақатгина янгиликларни хабар қилиб тарқатувчи «жарчи» бўлмай қолди. Бу ишни диктор ҳам, мухбир ҳам бажараверади. Жарчилик ҳам, даракчилик ҳам журналистиканинг бир қисми ҳисобланади.

Содир бўлган қандайдир воқеа, ижтимой-сиёсий ёки маданий-иқтисодий муаммо ҳақида хабар берилганидан сўнг юзага чиққан ижтимоий резонансни шарҳлаш, таҳрир, талқин, таҳлил, муҳокама, мубоҳаса, муноқаша, баҳс-мунозара қилиш каби ишлар публицистнинг иши ҳисобланса ҳам, публицистиканинг ўзи айнан журналистика деган пойдевор устида қад кўтариб турганлигини эсдан чиқармайлик.

Матбуотда чиққан ҳар қандай хабар ёки қайсидир янгилик таҳлил талаб қилавермайди. Чунки, оммага тарқатилган бўлса ҳам жамоатчилик эътиборидан четда қолган бўлиши мумкин. Лекин, қайсидир хабар янги тарқатилган вақтда кўпчиликнинг эътиборидан холи қолгани билан кейинчалик қандайдир бошқа бир воқеа ҳақидаги хабар таъсирида оммада кучли резонанс яратиши мумкин. Ижтимоий резонанс тафсилоти эса оммага оддий халқ тилида ҳар хил ахборот воситалари орқали тушунтириб берилиши шарт.

Шуҳрат Саломов

Мавзуга оид