Light | 17:43 / 11.07.2018
7855
11 дақиқада ўқилади

Говард Шульц: «Мен ҳар бир финжонга меҳримни қўшаман»

26 июнда машҳур Starbucks қаҳвахоналари тармоғини икки марта ижрочи директор мавқеида бошқарган ва директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаган Говард Шульц компанияни тарк этди. Мазкур мақолада Шульцнинг “Starbucks финжонма-финжон қандай барпо этилди?” китобидан парчалар ва Starbucks ҳамда унинг афсонавий раҳбари тўғрисидаги мақолалар эътиборингизга ҳавола этилади.

Фото: HBR

1961 йилнинг совуқ январь тонгида ишхонада отамнинг оёғи синиб қолди. Мен ўша вақтда етти ёшда эдим ва онам еттинчи қаватда жойлашган уйимизнинг ойнасидан менга қўлини силкитган маҳал мактабнинг орқа ҳовлисида қорбўрон айни авжига чиққан эди. Уйга қараб югурдим. – Отанг билан бахтсизлик содир бўлди, - деди у.  – Касалхонага кетяпман.

Отам Фред Шульц тепага қаратиб осиб қўйилган оёғи билан бир ойдан ортиқ уйда ётди. Мен олдин ҳеч ҳам гипсни кўрмагандим, шунинг учун у менга ғаройиб алланарсадек кўринди. Бироқ янгиликнинг ажойиблиги тезда йўқолди. Отамга ҳам унинг дўстлари каби ижтимоий ҳолати бўйича ишга бормаган вақтда маош берилмасди. Бахтсиз ҳодисагача у плёнка йиғувчи ва ташувчи юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишларди. Узоқ ойлар давомида отам уларнинг бадбўй ҳиди ва ифлослиги устидан нолиб, бу дунёдаги энг ёмон иш эканини таъкидларди. Бироқ ишини йўқотгач, менимча яна ўз жойига қайтишни истарди.

Онам етти ойлик ҳомиладор эди, шунинг учун ҳам ишлай олмасди. Оиланинг даромади ҳам, суғуртаси ҳам, касаба уюшма қопламаси ҳам йўқ эди. Мен ва опам стол атрофида тушлик ердик, ота-онам эса кимдан қанча пул олишга тўғри келиши ҳақида баҳслашарди. Баъзида телефон жирингларди ва онам трубкани мен олишимни айтарди. Агар қарз тўғрисида қўнғироқ қилишаётган бўлишса, “Ота-онам уйда йўқ”, дея жавоб беришим керак эди.

Укам Майкл март ойида туғилди, касалхона харажатларини тўлаш учун улар яна қарз олишга мажбур бўлишди. Бу воқеага кўп бўлган бўлса-да, бир оёғи гипсда, диванда иложсиз ўтирган, ишлай олмайдиган отамнинг қиёфаси хотирамдан умуман ўчмаган. Ҳозир ўтмишга боқиб, ўз отамга чуқур ҳурматни ҳис этаман. У ўрта мактабни тугатмаган, бироқ ҳақгўй инсон бўлган ва ишдан қўрқмаган. Баъзида кечки пайт стол устига қўйишга бирор нарса келтириш учунгина икки ёки уч жойда ишлаган. Ўз фарзандларига яхши ғамхўрлик қиларди, дам олиш кунлари эса ҳатто улар билан бейсбол ўйнарди. У Yankeesни ёқтирарди.

Бироқ ҳаёт томонидан синдирилган одам эди. “Кўк ёқалар” учун мўлжалланган бир ишни бошқасига алмаштирарди: юк ташувчи машина ҳайдовчиси, фабрика ишчиси, таксичи, бироқ бир йилда 20 минг доллардан ортиқ пул ишлаб тополмади ва шахсий уй сотиб ололмади. Болалигим Бруклиннинг Канарси шаҳридаги давлат томонидан субсидия қилинадиган уйлар – Projectsда ўтди. Ўсмирга айлангач, бу қандай уят эканини англадим. Улғайгач, ота билан қарама-қаршиликларга дуч келдим. Мен унинг муваффақиятсизликлари, масъулияти етишмаслигига нисбатан сабрсиз эдим. Агар ҳаракат қилганида кўпроқ нарсага эришарди деб ўйлардим.

Фото: Pixabay

Вафотидан кейин унга нисбатан ноҳақ эканимни тушундим. У тизимнинг бир қисмига айланишга ҳаракат қилди, бироқ тизим уни эзғилаб ташлади. Ўз-ўзига нисбатан паст баҳога эгалиги сабаб жарликдан чиқиш ва ўз ҳаётини яхшилаш имконига эга эмасди. У(ўпка саратонидан) вафот этган кун, 1988 йилнинг январи ҳаётимдаги энг қайғули кун бўлди. У жамғармага ҳам, нафақага ҳам эга эмасди. Бундан ташқари, меҳнатнинг аҳамиятига ишонч билдириб, ўзи бажарган ишдан қониқиш ва фахрни бирор марта ҳис этмади. Болалигимда “Қачонлардир компания раҳбарига айланаман”, деб ўйламаганман. Бироқ агар вазият менга боғлиқ бўлса, одамни “борт ташқарисида” ҳеч қачон қолдирмаслигимни ич-ичимдан ҳис этардим.

Ота-онам Starbucks’га мени нима етаклаб келганини тушуна олишмасди. 1982 йилда мен обрўли, яхши ҳақ тўланадиган ишимни ўша вақтда Сиэтлда бешта қаҳвахонадан иборат кичик тармоқ учун ташладим. Бироқ мен Starbucksнинг ҳозирги кунини эмас, келажагини кўрардим. У иштиёқ ва ҳақиқийлиги билан мени дарҳол ўзига ром этди. Аста-секин бу тармоқ эспрессони тайёрлашнинг итальян санъатини романтикага айлантириб, қаҳва доналарининг янги қовурилган исини таклиф этиб, бутун мамлакат бўйлаб ривожланса, одамларга бир неча асрлардан бери таниш бўлган маҳсулот тўғрисидаги тасаввурни ўзгартириб, менга каби бошқа миллионлаб ташрифчиларга ҳам ёқиб қолиши мумкинлигини англадим.

1987 йилда Starbucksнинг бош директорига айландим. Чунки тадбиркор сифатида ўзимни намоён этдим ва инвесторларни компанияни келажакда қандай тасаввур этиш мумкинлиги фикрига ишонтира олдим. Кейинги ўн йил давомида жамоага ақлли ва тажрибали менежерларни тўплаб, Starbucksни 100 тадан кам ишчиси мавжуд бўлган, олтита қаҳвахонага эга маҳаллий фирмадан 1300 қаҳвахона ва 25 минг ишчи ишлайдиган миллий бизнесга айлантирдик.

Бугун бизни Шимолий Американинг барча шаҳарлари, Токио ва Сингапурда учратиш мумкин. Starbucks ҳамма жойда таниқли ва тан олинган брендга айланди. Бу эса бизга новаторлик маҳсулотларини синаб кўриш имкониятини беради. Олти йилда кетма-кет фойда ва савдолар ҳажми 50 фоиздан ортди.

Бироқ Starbucks — ўсиш ва муваффақият тарихигина эмас. Бу компанияни бошқача барпо этиш мумкинлиги тўғрисидаги ҳикоя. У отам ишлаган компанияларга ўхшамайди. Бу компания юрак амрига қараб яшаши ва руҳни эркалаши ҳамда шу орқали пул ишлаш мумкинлигига тирик гувоҳ. Бу компания ўз тамойилларини қурбон қилмай – ходимларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши узоқ муддат давомида акциядорларни барқарор даромад билан таъминлашини кўрсатади.

Starbucks одамлар қалбининг ҳиссий торини чертади. Улар бизнинг қаҳвахонага тонгги қаҳвани ичиш учун ташриф буюришади. Биз замонавий америкача ҳаётга хос бўлган рамзга айландик. 1990 йилларда Америка сўз бойлигига янги сўзларни, жамиятга янги анъаналарни олиб келдик. Баъзи туманларда Starbucks уй ва ишдан ташқари жойда тўпланиш учун “учинчи жойга” айланиб улгурди.

Одамлар фаолиятимиз уларга яқин бўлгани учун ҳам Starbucks’да учрашадилар. Бу аъло даражадаги қаҳвага қараганда кўпроқ нарса. Бу қаҳвадан олинадиган ҳислар романтикаси, илиқлик ва жамоа ҳиссиёти. Бар ходимлари бунга янада ўзига хослик беришади: экспрессо қайнагунига қадар улар қаҳванинг турли навлари пайдо бўлиш тарихи ҳақида сўзлайдилар. Баъзилар Starbucks’га отамнинг тажрибаси каби даража билан келишади ва айнан улар мўъжиза яратадилар.

Фото: WGN-TV

Starbucks’да мен энг кўп фаҳрланадиган нарса бу – компанияда ишлайдиган одамлар ўртасидаги ўзаро ишонч муносабатларидир. Бу бекорчи гап эмас. Биз саломатликни сақлаш дастури ёки ҳар бир ходимга компания эгаларидан бири ҳуқуқини берадиган дастурлар орқали уларни яқинлаштириш тўғрисида ғамхўрлик қилдик. Компаниянинг катта қисми раҳбариятга кўрсатадиган муносабатда омборхона ишчилари ва энг қуйи поғонадаги кичик сотувчи ҳамда официантларга мурожаат этамиз.

Бундай сиёсат ва муносабат анъаналарнинг ишбилармонларга хос дунёсидаги қоидаларга зид. Акция эгалари фойдасигагина йўналтирилган компания ўз ходимларини “ишлаб чиқариш материали”, чиқим деб ҳисоблайди. Лавозимларни фаоллик билан қисқартирувчи раҳбарлар ўз акциялари қийматини вақтинчалик кўтарилиши орқали мукофотланади. Бироқ истиқболда улар бу йўл билан аҳлоқ-одобга путур етказишади. Ўша одамларнинг компанияни юқори чўққиларга олиб чиқиши мумкин бўлган инновацияси, тадбиркорлик шижоати ва садоқатини қурбон қилишади.

Кўп тадбиркорлар бу ноль қийматга эга ўйин эканлигини англамайдилар. Ходимларга нисбатан ижобий муносабат қўшимча харажат сифатида эмас, компания раҳбари орзу қилмаган даражада ўсиш имкониятини берадиган қувват манбаи сифатида баҳоланиши лозим. Starbucks’даги одамларнинг кетишга мойиллиги камроқ, улар ўз иш жойлари билан фахрланишади. Қаҳвахоналаримиздаги кадрлар алмашинуви соҳадагига қараганда ўртача икки марта камроқ. Бу эса нафақат пулни тежайди, балки мижозлар билан муносабатларни мустаҳкамлайди.

Афзалликлар бундан-да кўпроқ. Агар одамлар ўзлари ишлаётган компанияга ҳиссий иплар билан боғлиқ бўлиб, унинг орзуларига шерик бўлишса, у ҳолда компанияни яхшилаш учун ўз қалбларини беришади. Ходимлар ўзаро ҳурмат ва қадр-қимматга эга бўлишса, ўз компаниялари, оила ва бутун дунё учун кўпроқ нарса қилишга қодир бўлишади.

Ўзим томонимдан қилинган ҳеч қандай интилишларсиз Starbucks отам хотирасининг рўёбига айланди.

Ҳамма ҳам тақдирини ўз қўлига олиш имконига эга бўлмагани сабабли, раҳбарлар содиқ меҳнати билан корхонанинг яшашига сабаб бўлаётганлар олдида масъулиятга эгалар. Улар компанияни нафақат тўғри йўналишда бошқаришлари, балки ҳеч ким борт ташқарисида қолмаганига ишонч ҳосил қилишлари лозим...

Фото: Pixabay

Бу корпоратив Америкада кам учрайдиган қадрият ва етакчи тамойиллар асосида муваффақиятли компания қурган одамлар жамоаси тўғрисидаги ҳикоя. Унда биз бизнес ва ҳаётнинг бир неча муҳим сабоқларини қандай қилиб ўзлаштирганимиз ҳақида гап боради. Умид қиламанки, улар ўз бизнесини барпо этаётганлар ва ҳаётий орзусини амалга ошираётганларга асқотади.

Менинг якуний мақсадим... ўзгалар сизни мазах қилишса ҳам ўз юрагингиз айтганини қилиш, қатъий бўлиш фикрини уқтириш эди. Имкониятингиз жуда оз бўлса ҳам ҳаракат қилиб кўришдан чўчиманг. Камбағал кварталдан бўлган болакай, яъни менда имконият бормиди?

Ишга нисбатан иштиёқ ва индивидуалликни йўқотмаган ҳолда ҳам катта компания барпо этиш мумкин. Бироқ бунинг учун даромадга эмас, одамлар ва қадриятларга йўналган бўлиш зарур. Юрак – асосий сўз. Мен ҳар бир финжон қаҳвага меҳримни қўшаман, менинг Starbucks бўйича ҳамкорларим ҳам айнан шундай қилишади. Ташрифчилар буни ҳис этишади ва айнан шундай жавоб қайтарадилар.

Агар бажараётган ишингиз ва ҳар қандай арзирли ишга меҳрингизни берсангиз, ўзгалар учун имконсиз туюлган орзуларни ҳам амалга ошириш мумкин. Мана шу нарса ҳаётнинг қимматини оширади.

Говард Шульц, “Starbucks финжонма-финжон қандай барпо этилди” (рус тилига «Альпина Паблишер» томонидан таржима ва нашр қилинди)

Мавзуга оид