Ўзбекистон | 09:30 / 15.07.2018
120089
3 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов Самарқандда. Каттақўрғондаги воқеа юзасидан яна 7 ходим ишдан бўшатилди

Каттақўрғондаги ҳолат юзасидан бир қатор ходимлар ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди. ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабарида Каттақўрғондаги воқеа бўйича вазирлик томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижалари маълум қилинди.

Бугунги кунда текширув якунланган бўлиб, натижасига кўра, хизмат вазифаларини ижро этишда қўпол камчиликларга йўл қўйиб, ходимларнинг хизмат олиб бориш фаолиятини тегишли тартибда назорат қилмаган ҳамда шахсий таркиб билан якка тартибдаги тарбиявий ишлар олиб борилишини етарли даражада ташкил этмаганликлари учун Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров, унинг биринчи ўринбосари Иззатилло Хўжамқулов ҳамда кадрлар бўйича ўринбосари Зафар Шералиев, шаҳар ИИБ ЖҚБ бошлиғи Алишер Шукуров Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди. Вилоят ИИБ ва шаҳар ИИБнинг бир қатор раҳбар ходимларига нисбатан бошқа интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, юқоридаги воқеа содир этилиши билан боғлиқ ҳолатларда хизмат вазифаларини бажармаган Каттақўрғон шаҳар ИИБ катта инспектор навбатчиси Насим Алиев ва навбатчи ёрдамчиси Жаҳонгир Шодиев эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди, ушбу ИИБ профилактика инспектори Шамшод Тўхтаев эса ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Юқоридаги видеолавҳани тасвирга олган ва унда акс этган ҳолатларни келтириб чиқарган Санъат Умаров ички ишлар органлари сафидан бўшатилиши билан бирга, унга нисбатан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган. Жиноят иши бўйича ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Келгусида бу каби салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган хизмат текшируви хулосаси барча даражадаги ички ишлар органлари шахсий таркиби орасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, бундай ҳолатларга қатъиян йўл қўймаслик ҳамда ички ишлар органларида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг аҳволини ҳар томонлама ўрганиш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш ва тегишли чора-тадбирлар кўриш мақсадида Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма фармойиши билан ишчи гуруҳ тузилди.

Бугунги кунда Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ушбу ишчи гуруҳ Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганмоқда. Мазкур ўрганишлар республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ўтказилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Фарҳод Жўраев Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид