Ўзбекистон | 22:15 / 16.07.2018
12236
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги қўшинларида «Автомобилсиз кун» жорий этилди

Фото: Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳар ойнинг тўртинчи ҳафтасининг душанба куни “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинди. Эндиликда ҳарбий хизматчилар шу куни шахсий автотранспорт воситаларисиз ҳарбий хизматга келишади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мудофаа вазири вазирлик қўшинларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини ташкил этиш ва амалга ошириш тўғрисидаги Йўриқномани тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқни имзолади.

Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 19 майдаги 377-сон қарорлари ижросини, шунингдек, Мудофаа вазирлиги қўшинларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда йўл транспорт ҳодисалари профилактикаси тизимини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Эндиликда вазирлик тизимидаги ҳарбий автотранспорт воситалари видеорегистраторлар билан жиҳозланади, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида уларни қўллаш бўйича норматив тартиб белгиланади. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузганлар бўйича жавобгарлик кучайтирилади. Мудофаа вазирлигида йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотларни зудлик билан расмийлаштириш ва кўриб чиқишнинг электрон тизими яратилади.

Мавзуга оид