Ўзбекистон | 19:08 / 23.07.2018
14781
5 дақиқада ўқилади

Божхоначиларга - имтиёзли ипотека ва ижара компенсацияси

Фото: Norma

Вазирлар Маҳкамасининг 18.07.2018 йилдаги 553-сон қарорида тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилган.

Маълумот учун: ипотека кредитлари якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйда квартира сотиб олиш учун тижорат банклари томонидан, буюртманома берилган кундаги ЭКИҲнинг 2 000 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда, 10 йил муддатга, ипотека кредити бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда амалда бўлган МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида берилади. Кредит миқдори сотиб олинадиган уй-жой қийматининг 75%идан ошмайди, ходим 25% миқдоридаги ўз маблағидан дастлабки бадални тўлаши керак.
 
Уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно), лекин:

• Тошкент шаҳрида – ЭКИҲнинг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;
• Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида – ЭКИҲнинг 3 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;
• бошқа шаҳарлар ва туманлар марказларида – ЭКИҲнинг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўланади.
 
Norma’нинг ёзишича, давлат божхона хизмати ходими дастлабки бадални ДБҚнинг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (Махсус жамғарма) маблағлари ҳисобидан олиши мумкин. Бунинг учун у иш жойи бўйича ҳудудий комиссияга (ДБҚ марказий аппарати ходими – ДБҚ комиссиясига) қарз бериш тўғрисида ариза бериши ва унга қуйидагиларни илова қилиши лозим:

• ходимнинг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий яшаш жойидан берилган маълумотномалар ёки уларнинг худди шу давр учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг яшаш жойидаги солиқ идораси томонидан тасдиқланган нусхалари;
• оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва ўз паспорти нусхаси;
• лавозимга тайинлаш тўғрисидаги тегишли буйруқнинг нусхаси.
 
Ҳужжатларни ҳудудий комиссия 10 кун муддатда, ДБҚ комиссияси бир ҳафта муддатда кўриб чиқади. Якуний ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ариза берувчи билан гаров таъминоти ёки кафиллик ҳужжати тақдим этилган ҳолда фоизсиз ва қайтариш асосида қарз шартномаси тузилади. Қарзни қайтаришнинг чекланган муддати – 10 йил. Қарзни иш ҳақи, пенсия, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва бошқа даромадлар, ш.ж. қимматли қоғозлар бўйича олинадиган даромадлар ҳисобига ёхуд банк омонатларидан пул ўтказиб қайтариш мумкин.  
 
Фақат 3 та ҳолатда маблағ ажратишни рад этишлари мумкин:

• зарур тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилиши;
• ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжудлиги;
• Махсус жамғарма маблағлари етишмаслиги.   
 
Компенсация олиш учун
 
Пул компенсациясини олиш учун вақтинча яшаш жойини ва уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун коммунал хизматлар қийматисиз амалдаги харажатлар суммасини кўрсатган ҳолда ариза бериш лозим. Унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

• лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси;
• никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
• қонун ҳужжатларига мувофиқ оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳужжатларининг нусхаси;
• уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномасининг нусхаси.
 
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида миқдорини кўрсатган ҳолда пул компенсацияси тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Бунда ижарага олинган уй-жойда яшаши ва яшаш жойини ўзгартириши доимий назорат остида бўлади.
 
Пул компенсацияси тўлаш тайинланган жойга келгандан (сайлангандан) кейин уй-жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномаси асосида амалга оширилади. Ходимга бола 2 ёшга тўлгунгача уни парвариш қилиш учун таътил берилган тақдирда, пул компенсацияси таътилнинг бутун даврига, бироқ ходим ушбу уй-жойда яшаши шарти билан берилади.
 
Ходимга хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда, унинг ваколатлари тўхтатилганда ва тугаганда пул компенсацияси тўлаш тўхтатилади. Дастлабки 2 ҳолатда ходим бухгалтерияга пул компенсацияси тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза бериши шарт.
 
Ҳужжат 19.07.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид