Ўзбекистон | 19:01 / 23.07.2018
7288
2 дақиқада ўқилади

Маъмурий ишлар бўйича судьялар сони оширилди, бошқа судларда эса қисқартирилди

Фото: Dreamstime

Президентнинг 19.07.2018 йилдаги ПФ–5487-сон фармони билан штатдаги суд ходимлари, шу жумладан судьялар сони қайта тақсимланди. Президентнинг 21.02.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–4966-сон фармонига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
 
Маъмурий судлар бошқарув ходимлари сонининг чекланган штати 22 бирликка, шундан судьялар сони 11 бирликка оширилди. Мазкур судларнинг туман (шаҳар) бўғинлари қўшимча ходимлар билан тўлдирилди. Шу тариқа, уларнинг қуйи даражадаги штат сони 440 бирликка, шундан судьялар сони 220 бирликка етди, деб ёзмоқда Norma.
 
Маълумот учун: Маъмурий судлар президентнинг 21.10.2016 йилдаги ПФ–4850-сон ва 21.02.2017 йилдаги ПФ–4966-сон фармонлари, шунингдек 12.04.2017 йилдаги ЎРҚ–428-сон қонун билан ташкил этилди. Улар қуйидаги тоифадаги ишларни кўриб чиқадилар:
 
а) давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари ҳаракати (қарорлари) устидан шикоятлар ва аризалар бўйича оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни – яъни муҳокама ташаббускори – ўз ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилаётган  хусусий шахс (1.04.2017 йилга қадар ФПКнинг 3-кичик бўлими билан тартибга солинади);
 
б) қонун билан уларнинг ваколатига киритилган  маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни (МЖТКнинг 245-моддасига қаранг) – бунда аксинча, ташаббускор давлат органи бўлади, хусусий шахс эса ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбланади ва уни жазолаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилади.
 
Маъмурий судларнинг штатдаги ходимлари сони туман (шаҳар) фуқаролик (10 бирликка, шундан судьялар сони 5 бирликка), жиноий (4 бирликка, шундан судьялар сони 2 бирликка) ишлар бўйича судлари ва иқтисодий (8 бирликка, шундан судьялар сони 4 бирликка) судлар ходимларини қисқартириш ҳисобига оширилди. Қисқартирилган бирликлар амалда маъмурий судларга ўтказилди.
 
Ҳужжат 20.07.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид