Ўзбекистон | 14:50 / 24.07.2018
177546
9 дақиқада ўқилади

Самарқандда мактаб-интернатдаги даҳшатлар. Болалар қамоқхонаси директори қўлга олинди

23 июль куни ОАВда Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактаб раҳбарлари ва тарбиячилар тарбияланувчиларни калтаклаб келаётгани ҳақида хабар пайдо бўлгач, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Халқ таълими вазирлиги вазиятни ўрганишга киришди.

Бугун Бош прокуратура Самарқанддаги мактаб-интернатда мансабдор ва масъуллар томонидан тарбияланувчилар тизимли равишда қийноққа солиб келинганига расман муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда.

«Мазкур ҳолат Бош прокуратура раҳбарияти алоҳида назоратига олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган текширув давомида аниқланишича, мактаб-интернат директори Ш. Садинов ва бошқалар мансаб ваколати доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиб, ўз фаолиятлари давомида мактаб-интернатининг ўқувчилари, вояга етмаган Х. (2001 й.т.), М. (2006 й.т.) ва Ў. (2003 й.т.)ларни мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганини рўкач қилган ҳолда таълим-тарбия давомида уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, қийнаб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказган.

Вилоят суд-тиббий экспертиза (СТЭ) бюросининг 23 июлдаги хулосаларига кўра, ариза берган М.Мирзаеванинг фарзанди М.нинг танасида қатор жароҳатлар мавжудлиги, улар «Енгил тан жароҳатлари» гуруҳига кириши аниқланган. Жиноят иши бўйича 89 нафар мактаб-интернати тарбияланувчиларига нисбатан вилоят СТЭ бюроси экспертлари томонидан гувоҳлантириш ҳаракатлари ўтказилди, тарбияланувчиларнинг амбулатор карталари баённомалар асосида олиниб, ўрганилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 23 июлда Самарқанд шаҳар прокурори томонидан 64-сонли мактаб-интернати директори Ш. Садинов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаганларга нисбатан муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш), 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактаб-интернати директори Ш. Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда. Жиноят иши тергови вилоят прокурори томонидан алоҳида назоратга олинган», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Айни вақтда Жиноят иши тергови Самарқанд вилояти прокурори томонидан алоҳида назоратга олинган.

23 июль куни «Газета.uz» нашри жабрланувчилардан бирининг онаси Муҳаббат Мирзаевага асосланган ҳолда Самарқанддаги махсус мактаб тарбияланувчиларига зўравонлик қилингани ҳақида материал эълон қилди.

Маълум бўлишича, мактаб ходимлари, директор ва унинг ўринбосари тизимли равишда болаларни калтаклаб, жисмоний ва руҳий босим ўтказиб, дарс ва машғулотлар ўтказмасдан, болаларни оғир жисмоний меҳнатга жалб қилган, ёмон овқатлантириб, тез-тез уларни оч қолдирган.

Хабарда мактаб-қамоқхонадаги калтаклардан тўйган болалар ўз жонига қасд қилишга уринаётгани келтириб ўтилганди.

Ўзбекистонда ягона бўлган ушбу ихтисослашган мактабда оғир хулқ-атворга эга, узоқ муддат ҳисобга турган, хавфли хатти-ҳаракатларни содир этган, бироқ жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмаган 11−16 ёшдаги вояга етмаган болалар жойлаштирилади. Бу ерга индивидуал профилактик ишлар олиб борилганига қарамасдан ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий ҳаракатларни содир этишда давом этувчи болалар ҳам келтирилади. Вояга етмаганлар ихтисослашган мактабда тузалишга қадар бир йилдан ортиқ муддат бўлади.

Мубина Мирзаеванинг айтишича, унинг 12 ёшли ўғли Элмурод Мирзаев шу йил апрель ойи бошида Тошкентнинг Сергели туманидаги 237-мактабдан Самарқанддаги махсус мактабга тез-тез дарс қолдиргани, ўқув жараёнлари вақтида ўқитувчиларга ҳалал бергани, синфдошлари билан жанжаллашгани ва уришгани учун келтирилган. Шундан сўнг бола директор Шуҳрат Садинов ва унинг тунги сменада тарбиячи бўлиб ишловчи жияни Шерзод Очилов томонидан калтакланган.

Онанинг тан олишича, ўғлининг хулқ-атвори ҳақиқатдан ҳам оғир, аммо куч ишлатиш йўли билан тарбиялаш нотўғри, деб ҳисоблайди.

Болаларни кечки смена вақтида кўп калтаклашган. Кундузги сменадаги тарбиячилардан бири ҳам болалар калтакланиши ҳолати ҳақида маълумот берган.

«Аввал шундай ҳолатлар бўлиб турарди, лекин бу йили калтаклашлар кўпайди. Исботлаш қийин, видеога олиб бўлмайди, моматалоқларни расмга олиш қолди», — дея тарбиячи Раъно Рўзметованинг (исм-фамилия суҳбатдошнинг илтимоси билан ўзгартирилди)  сўзларини келтирган «Газета.uz».

Унинг сўзларига кўра, Элмурод 19 июнда калтакланган. У боладан тилхат олиб, унинг онасига маълум қилган. Шундан сўнг раҳбарият ариза ва тарбиячининг суратлари ҳақида билиб қолиб, уни ишдан бўшатишга ҳаракат қилган.

«Уларга агар мени ишдан бўшатишса, ҳаммасини сўзлаб беришимни айтдим. Мени лавозимда сақлаб қолишди. Аниқроғи, мактаб директори менга тилхат олишга кечиккани, бир ой ўтиб бўлганини ва жавобгарликка тортиб бўлмаслигини айтди. Болалар қўрқиб қолган ва ҳақиқатни айтишдан жуда чўчийди. Комиссия ва ишчи гуруҳлар текширган вақтда улар ҳаммаси яхши, дейишади. Агарда уларни мактабдан олиб чиқиб, мактаб ходимлари, тарбиячи ва раҳбарият иштирокисиз яккама-якка суҳбат қилишса, улар ҳақиқатни сўзлаб беришади.

Кундузги сменада болаларга 20:00 га қадар қарашади. Шундан кейин биз сменани тунги гуруҳга топширамиз, улар эрталабки 08:00 гача қарашади. Улар болалар билан жуда қўпол муомалада бўлади. Директор ва унинг ‘зам’ларини айтмай қўяқолай, ҳатто психологлар болаларни калтаклашади. Яқинда психологлардан бири болани шланг билан калтаклаган. Унга моматалоқни кўрсатганимда, ҳеч нарса кўрмаяпман, бу шунчаки қуёшда қорайган, деди», — деган тарбиячи.

Унинг айтишича, Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига йўлланганган мурожаатлар шикоят қилинган инстанцияларга қайтарилади: «Биз виртуал қабулхонага ёздик, лекин мурожаат яна қайтиб мактабга келди. Директор 20 июль куни йиғилишда учта шикоят олганини маълум қилди. Яна қаерга мурожаат қилишимиз мумкин?».

Мактаб ходимасининг тан олишича, болалар тез-тез бир-бирлари билан уришади, чунки уларнинг кўпчилиги оила тарбиясини олмаган. «Биз уларни қайта тарбиялашимиз керак, бироқ бу уларни уришимиз мумкин, дегани эмас», — дея таъкидлаган у.

Бундан ташқари, тарбиячи болалар оғир жисмоний меҳнатга жалб қилинишини сўзлаб берган: «Мактабнинг бир қисмини буздик. Дастлаб болалар қўлда катта болға билан бетонларни бўлаклади. Энди улар темир ғалвир билан элаб, бетон бўлакларини қумдан ажратаяпти. Қанча чанг ютишди улар?! Кейин темир замбилларда хом ашёни бошқа жойга ташийди кичик гуруҳлар ғиштларни йиғмоқда. Белкуракларнинг дастаси ёғоч ўрнига темирдан».

Ихтисослашган мактабнинг собиқ ходими Марат Баратов (исм ва фамилия унинг илтимосига кўра ўзгартирилган) 2008 йилдан буён директор босими билан жорий ариза ёзгунига қадар шу ерда ишлаган. У интернат ходимлари ва раҳбарияти болаларга нисбатан қандай зўравонлик усуллари қўлланилганини сўзлаб берди.

Унинг таъкидлашича, маъмурият ходимлари, бухгалтердан ташқари, алкоголь ичимликлари истеъмол қилиб, кейин тарбияланувчиларга азоб беришган.

«Болаларни бокс қопига боғлаб қўйиб, уларни калтаклашган. Мен навоийлик Арслон Асламов ва меҳрибонлик уйидан бўлган етим бола Алексей Хайтуннинг калтакланишига гувоҳ бўлганман. Улар болаларни бепушт қилиш учун чов қисмига уришди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, носвой чеккан болаларни овқатдан сўнг дарҳол ушбу тамаки маҳсулотини ютишга мажбурлашган. «Болалар носвой чекишга мажбур бўлган, улар шунчаки чекишмаган, кечки овқатдан кейин уни чайнаб, кейин ютиб юборишган. Бир марта аввал нос чекмаган навоийлик Шахзод Жамоловга адашиб икки пачка носвойни ютишга мажбурлашган. Куни билан қалтираб чиқди у. Ҳеч ким шифокорга хабар бермади, уларнинг ўзлари ҳуқна ва бошқа усуллар билан даволашди», — деди собиқ ходим.

Марат Баратов, унинг фикрича болаларни калтаклаган мактаб ходимлари номларини санаб чиқди. Улар: директор Ш. Садинов, ўқув ишлари бўйича мудир У.Шукуров, маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари Э.Ворисов, тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Ж.Қўчқоров, катта тарбиячи Зуҳриддин, тунги смена тарбиячиси Ф.Рўзиқулов ва тарбиячи ёрдамчиси Ш. Очилов.

Шуҳрат Садинов

У санаб ўтилган ходимлар, жумладан омбор мудири И.Нишонова директор Садиновнинг яқин дўстлари ёки қариндошлари эканини маълум қилди.

Бундан ташқари, Марат Баратов 25 майдан буён мактабда иккинчи тушлик бекор қилиниб, уч марталик овқатланиш режимига ўтганини сўзлаб берди.

Собиқ ходимнинг тасдиқлашича, болалар ур-калтаклар сабабли болалар тез-тез таълим муассасасидан қочиб кетади. Уларни ортга қайтаришгандан кейин ўз ҳаётига нуқта қўйишга ҳаракат қилади.

Мавзуга оид