Ўзбекистон | 13:09 / 26.07.2018
36361
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов: бу каби тарихий имконият Ўзбекистонда яна бошқа бўлмаслиги мумкин

Фото: KUN.UZ

Ўтган ҳафтада ЮНИСЭФ ташкилотининг минтақавий директори ташрифи даврида Демографик дивиденд ҳақида тақдимот маросими бўлиб ўтди, деб ёзади халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида.

Вазирнинг билдиришича, Ўзбекистон дастлабки демографик дивиденд босқичида турибди, яъни демографик тенденцияларга кўра аҳолининг таркибида болалар ва қарияларга нисбатан меҳнат ёшидагиларнинг улуши ортиб боради. Уларга яхши таълим берилса ва тадбиркорлик муҳити яратилса ушбу демографик дивиденддан ижобий фойдаланиб олса бўлади ва мамлакатимизнинг келажакда юқори ўсиш суръатларига эришиш мумкин.

Масалан, дея таъкидлайди Шерматов, Корея иқтисодий ўсишида ҳам айнан демографик ўзгаришларнинг салмоқли улуши бор. 1960чи йилларда бир аёлга нисбатан 6,1 нафар бола туғиларди, ундан кейин бир неча ўн йилликлар давомида бу сон камайиб борган ва 1982 йилга келиб 2,26 га тенглашган. Ўзбекистонда эса айнан 2017 йилда шу рақам, яъни бир аёлга 2,26 фарзанд тўғри келяпти ҳамда прогнозларга кўра буёғига пасайиб боради. 

Вазирнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳозирги вақтда Кореядаги 80чи йиллардагидек демографик тенденциялар кузатилмоқда. Улар эса бу имкониятдан жуда яхши фойдаланганлар. Демографик дивиденддан бундай ижобий фойдага эришишнинг Кореядаги асосий сабаблари эса: таълимга эътибор, ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтирилиши ҳамда иқтисодни тўғри ислоҳ қилиш бўлган.

“ЮНИСЭФ экспертларининг изланишлари натижалари ҳозирги кундаги президент Шавкат Мирзиёев томонидан таълим тизимига эътиборни кучайтириш ташаббусининг нақадар тўғри эканлигини яна бир бор исботламоқда. Чунки бу каби тарихий имконият Ўзбекистонда яна бошқа бўлмаслиги мумкин”, - дейди вазир.

“Ёки биз Корея каби ушбу тарихий имкониятдан тўғри фойдаланиб таълимга эътиборни кучайтирамиз ва сармоя киритамиз ёки баъзи Лотин Америкаси давлатлари каби ушбу масалага эътибор қаратмасдан демографик дивиденд ўрнига мамлакат келажаги учун хавфни келтириб чиқарилишига йўл қўйиб берамиз”, - дея қўшимча қилиб ўтган у.

Мавзуга оид