Жамият | 16:35 / 27.07.2018
33567
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева вафот этди

Таниқли пахтакор, уста деҳқон, “Дўстлик” ордени соҳибаси, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева 78 ёшида 2018 йил 27 июль куни вафот этди. 

Сиёсатхон Абдуллаева 1940 йил 5 ноябрда Андижон вилояти, Олтинкўл туманида туғилган. Андижон Пахтачилик институтини  тамомлаган. 

Ўз меҳнат фаолиятини 1959 йилда Олтинкўл туманидаги “Намуна” ширкат хўжалиги ишчиси сифатида бошлаган.  1972-1978  йиллар  Олтинкўл туманидаги “Намуна” ширкат хўжалиги болалар боғчаси тарбиячиси, 1978-2006 йиллар Олтинкўл туманидаги “Намуна” ширкат хўжалиги пудратчиси сифатида меҳнат қилди.

2006 йилдан шу кунгача Олтинкўл туманидаги “Олтинкўл водий гулшани” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келди.   

Сиёсатхон Абдуллаева ўз касбини улуғлаган, пахтачиликда ўзига хос “Андижон мактаби”ни яратган миришкор деҳқонлардан бири эди. У ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида кўплаб ёшларни тарбиялаган мутахассис, пахта илмининг устаси, деҳқончиликда замонавий технологияларни қўллаган олим сифатида намоён қилди.  

Бой билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган Сиёсатхон Абдуллаева жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, эл-юрт ўртасида катта обрў-эътибор қозонган эди.

Сиёсатхон Абдуллаеванинг кўп йиллик самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У 2005 йилда “Дўстлик” ордени, 2008 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони”  унвони билан мукофотланган эди.   

Мавзуга оид