Ўзбекистон | 20:36 / 28.07.2018
72787
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan яна машина нархларини оширмоқдами?

Фото: GM Uzbekistan

GM Uzbekistan томонидан Ўзбекистон бозори учун ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархи оширилади. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online»га «Ўзавтосаноат»дан манба маълум қилган.

Қайд қилинишича, янги нархлар кутилаётган янги ҳафтадан жорий қилиниши мумкин. Хабарда таъкидланишича, нархлар тахминан 10-12 фоизга қимматлашиши кутилмоқда. 

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган GM Uzbekistan расмий вакили Алишер Комилов айни маълумотни  на тасдиқлади, на инкор этди. 

«Бу масаладан бизнинг хабаримиз йўқ. Айни пайтда машина нархининг оширилиши борасида тарқатилган хабарни тасдиқлай олмайман, лекин инкор ҳам этмаймиз», дейди у. 

Аввалроқ, Россияда GM Uzbekistan’нинг барча автомобиллари нархи анча оширилганди.

Хусусан, Ravon Nexia седани барча комплектациясида 20 минг рубль (деярли 3 млн сўм)га қимматлашди. Энди у 499 000 – 599 000 рубль (тахминан 70 – 84 млн сўм)дан сотилмоқда.

Ravon R2 ҳэтчбеки нархи ҳам ошди, эндиликда унинг нарх диапазони 489 000 - 559 000 рубль (тахминан 69 - 78 млн сўм)ни ташкил этади.

2018 йил январь ойида эса GM Uzbekistan акциз солиғи туширилганига қарамай, машиналари нархини пасайтирмаслигини маълум қилганди

Ўзбекистонда жорий йилдан GM Uzbekistan АЖ енгил автомобиллари учун акциз солиғи 5,4 баробарга камайтирилган. Олдин акциз солиғи 27 фоизга тенг бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил этади. 

Шунга қарамай, корпорация бу ҳолат автомобиллар нархида акс этмаслигини маълум қилмоқда. Хабарномада бу чора курсдаги тафовут сабаб харажатларнинг ошиб кетишини қоплашга хизмат қилиши таъкидланган.

 «Ўзавтосаноат» ва GM Uzbekistan АЖ матбуот хизмати 2017 йил маҳаллий автомобиллар нархи ошиши ҳақида тарқаган хабарларни асоссиз, деб топганди. Бироқ, орадан 1,5 ой ўтиб, ҳақиқатан нарх сиёсатида ўзгариш бўлган. ​

Мавзуга оид