Ўзбекистон | 08:48 / 31.07.2018
25896
8 дақиқада ўқилади

Абитуриентларга имтиҳон олди эслатмалар

Фото: KUN.UZ

Айни пайтда абитуриентларнинг бор эътибори олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига қаратилган.  Бу йил тест синовларига қатор ўзгаришлар киритилган бўлиб, уларни билиш ота-оналар ва абитуриентлар учун қизиқ. Қуйида «Маърифат» газетасида эълон қилинган абитуриентларга эслатмалар билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади. Ҳар бир тест топшириғига 4 тадан ("А", "В", "С", "D") муқобил жавоблар берилади. 

Абитуриентлар танлаган таълим йўналишига қараб тегишли равишда бир, икки ёки учта фан мажмуаси бўйича тест синовини топширади. 

Тест топшириқлари китобидаги мавжуд ҳар бир фан 30 тадан тест топшириғини ўз ичига олади. 

Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт берилади. 

Абитуриент ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгилаши шарт. Тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас). 

Агар жавоблар варақасидаги «белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан, битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса, икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса, ушбу тест топшириғига балл берилмайди. 

Абитуриентнинг тест синовларини топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди. Тест материалларисиз, гуруҳ назоратчиси кузатуви остида гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно. 

Абитуриентларга «Абитуриент рухсатномаси», «Тест синовлари ўтказиладиган биноларнинг чизма нусхаси», «Абитуриентларга эслатма» ОТМ қабул комиссияси томонидан тарқатилади. 

Тест натижалари имтиҳоннинг эртаси куниёқ Давлат тест марказининг расмий сайти(dtm.uz)да эълон қилинади ва олий таълим муассасаларига етказилади. 

Абитуриентларга имтиҳон жараёнида қулайлик яратиш мақсадида тест синовлари катта сиғимдаги бинолар (жумладан, Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари)да ўтказилади. Бунинг учун энг кичиги 240 ва энг каттаси 1710 ўринли бўлган республикадаги 60та бино танлаб олинди. 

Абитуриентлар бино ҳудудига ва бино ичига фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти ҳамда шахсни идентификациялаш воситаси, видеофиксация қурилмаси, металлодетекторлар орқали текшириб киритилади. 

Ҳар бир абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади. Бошқа вақт ва санада тест синовларида иштирок этиши мумкин эмас. 

Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган куни тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена 13:00)гача, бинога эса соат 07:30 (иккинчи смена 13:30)гача кириши лозим. 

Имтиҳонлар ҳар куни икки сменада (биринчи смена соат 8:00 да, иккинчи смена 15:00 да бошланади) ўтказилиб, ҳар куни ўртача 57—60 минг нафар абитуриент тест синовларида қатнашади. Имтиҳон санаси ва вақти абитуриент рухсатномасида кўрсатилади. 

Имтиҳонга кеч қолган ёки бошқа сабаб туфайли вақтида келмаган абитуриент тест синовлари бошланганидан сўнг тегишли ҳудудга кира олмайди. 

Тест жараёнида абитуриент қуйидаги ҳуқуққа эга бўлади: 

Тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиш; 

Тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш, ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш ҳамда тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш; 

Имтиҳон жараёнини 4500 нафардан ортиқ назоратчи кузатиб боради. Бинода тест синовларини тўлиқ назорат қилиш мақсадида 30 нафар абитуриент учун битта видеокузатув тизими ўрнатилган. Тест жараёнини абитуриентларнинг ота-оналари ҳам онлайн тарзда кузатиб бориш имконига эга бўлади.   

Бинога кириш қоидаси:

Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда киради.

Абитуриент қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:

Жавоблар варақасини ҳаворанг пастали шарикли ручка билан тўлдириш; 

Жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўямаслик; 

Жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш; 

Белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш. 

Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20 августдан 30 августгача (11 календарь куни) муддатда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун пойтахтга келиш шарт эмас. Қаерда истиқомат қилса, ўша жойнинг ўзида Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин. 

Абитуриентнинг мажбуриятлари:

Тест топшириқлари китоби ва унга мос рақамли жавоблар варақаси рақамлари мослигини текшириш; 

Тест материаллари нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш; 

Жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш; 

Тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойга фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзо қўйиш; 

Титул варақасида кўрсатилган махсус код ва таълим муассасаси кодини жавоблар варақасида кўрсатилган жойга тўғри кўчириб ёзиш ва тегишли доирачаларни бўяш; 

Жавоблар варақаси рақамини абитуриент рухсатномаси ва титул варақасининг тегишли жойига тўғри кўчириб имзо қўйиш. 

Гуруҳ назоратчиларининг ҳам масъулияти оширилди. Энди қоидани бузаётган абитуриентга эътиборсиз бўлса, уларга нисбатан ҳам чора кўрилади. Назоратчилар ҳам видеокамералар орқали кузатиб борилади. Ҳар бир гуруҳ алоҳида 30 тадан стол билан таъминланиб, бирдан ўттизгача рақамланиши лозим. Гуруҳ назоратчиси учун тест материалларини тарқатиш ва қабул қилишга алоҳида стол-стул ажратилиб, стол узлуксиз видеокузатув остида бўлади. 

Бинода бир нафар абитуриентга қоида тариқасида 2 квадрат метрдан кам бўлмаган жой тайёрланади. Ҳудудлар бўйича тест синовлари ўтказиладиган бино ва гуруҳлар тартиб рақами такрорланмайдиган кетма-кетликда бўлади. 

Жавоблар варақасида абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида махсус кодлар соддалаштирилган, қайси чет тилидан тест синови топшираётганлигини белгилаш учун бўяладиган доирачалар пастки қисмга кўчирилди. Шунингдек, жавоблар варақасига четлаштириш далолатномаси киритилди. Агар абитуриент тақиқланган воситалардан фойдаланса, саволлар варағини йиртса ёки бошқа кўринишда тартибни бузса, гуруҳ назоратчилари ва бино раҳбарияти томонидан жавоблар варақасидаги далолатнома расмийлаштирилади ҳамда қоидабузар жараёндан четлаштирилади. 

Қуйидаги ҳолларда абитуриенти тест синовларидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмайди: 

Тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса; 

Тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса; 

Тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса; 

Тест синовлари жараёнида тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги видеокузатувлар орқали аниқланса; 

Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса; 

Тест вақтида мобиль алоқа компанияларининг хизматлари тўхтатилмайди. ​

Мавзуга оид