Ўзбекистон | 22:20 / 31.07.2018
52486
2 дақиқада ўқилади

Қибрай туманининг узоқ йиллик ҳокими ишдан кетган. Туманга янги раҳбар тайинланди

Тошкент вилояти Қибрай туманига 2009 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Ниғмат Исроилович Муҳамедов ишдан олинди. 

27 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Қибрай тумани ҳокими, унинг ўринбосарлари, туман прокурори, туман ИИБ раҳбари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси ва «Маҳалла» жамғармаси туман бўлими раҳбарини лавозимдан озод этишга кўрсатма берганди.

«Kun.uz» манбаси хабар беришича, эндиликда туманга Олмалиқ шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётган Мирагзам Мирқосимов янги раҳбар этиб тайинланган.

У Тошкент вилояти ҳокимининг 2018 йил 30 июлдаги 604-сонли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, 2018 йил 31 июлдан Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Қибрай тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Фото: Мирагзам Мирқосимов

Мирагзам Мирозодович Мирқосимов 1975 йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий.

У 1997 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини (кундузги), 2008 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган.

У 2011-2013 йилларда Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг коммунал ҳўжаликни ривожлантириш, коммуникациялар ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган, кейинчалик Юнусобод туманига ҳокимлик қилган.

Мирагзам Мирқосимов 2017 йилнинг мартида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокимлигидан олинган, август ойида Олмалиқ шаҳрига раҳбар қилинганди.

Мавзуга оид