Жаҳон | 22:10 / 31.07.2018
8242
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда собиқ банкир қотиллик уюштиришда гумонланмоқда

Фото: РИА Новости / Владимир Третьяков

Қозоғистон бош прокуратураси БТА банкининг собиқ раҳбари Мухтор Аблязовни 2004 йилда бизнес ҳамкори Ержан Татишевга нисбатан қасддан қотиллик уюштиришда гумон қилмоқда, деб хабар берди бош прокуратура матбуот хизмати.

Татишев 2004 йилда бошига ўқ тегиши натижасида ҳалок бўлган. Суд 2007 йил сентябрда эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлгани учун бизнесмен Муротхон Токмадини бир йилга озодликдан маҳрум қилганди. 2017 йилда Токмади Мухтор Аблязовнинг буюртмаси билан Татишевни қасддан ўлдирганини, эвазига банк устидан назоратни қўлга киритганини тан олганди.

2017 йил июнда Олмаота туманлараро махсус суди Аблязовни жиноий уюшма тузиш ва БТА банки маблағларини ўғирлашда айбдор деб топган, у мол-мулки мусодара қилиниб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Суд узоқ йиллардан буён хорижда яшаётган Аблязов иштирокисиз ўтган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий бюронинг маълумотларига кўра, унинг давлатга етказган зарари 7,5 миллиард доллардан ортиқроқни ташкил этади.

Мавзуга оид