Light | 00:47 / 05.08.2018
21899
4 дақиқада ўқилади

Мутолаа завқи. "Қумдаги хотин" хусусида

Япон халқи азалдан қатъиятли ва метин иродали халқ деб ҳисобланиб келинади.

Самурайлар ҳаракати, 200 йилдан ошиқ давом этган «ёпиқ эшиклар» сиёсати... жуда қизиқ халқ хуллас.

Тарихига қизиқсам-да, ҳеч адабиёти билан танишмагандим.

Шу сабаб XX асрда яшаб, ўзига хос йўналишда ижод қилган Кобо Абенинг «Қумдаги хотин» романини ўқиб чиқишга қарор қилдим.

Жуда қизиқ. Ўқувчи қум сўзига шунчалик кўп дуч келадики, китобни ўқиш давомида қаҳрамонлар ўрнида ўзини иссиқ «қафас»да яшагандек ҳис қилади. Масалан, «...сув очиб кетган оғзидаги сўлакни ютмоқчи эди, ютолмади – томоғига тиқилиб қолди... Сўлаги қўнғир, қуйқа кўпик бўлиб йиғилиб қолипти. Сўлагини тупуриб ташларкан, оғзида қолган қумнинг гўдирлигини яна ҳам кучлироқ сеза бошлади. У лабларининг ички томонларини тилининг учи билан ялаб, тупуриб ташламоқчи бўлган эди, иложи бўлмади. Қайтага оғзи қуриб, ҳамма ёғи яллиғланиб кетгандек бўлди».

Романда кўтарилган асосий ғоя шахс ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабат, манфаатлар тўқнашуви, инсон қадрига қаратилган.

Бош қаҳрамонни адашиб қолиб, кейин тутқунликда ушлаб турилган илк кунларда, у «солиқ тўлаб,текин медицина ҳизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган» одам сифатида полиция уни қидириши, газеталар у ҳақида тинмай ёзиши, ўқитувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи касаба уюшмалари уни қидиришига ишончи комил эди. Лекин уни қидиришмайди, вақт ўтиб ўлганлар рўйхатига қўшиб қўйишади ва хотирадан ўчиб кетади.

Ёзувчи бу билан ўша даврда инсоннинг қадри қанчалик жамият учун паст бўлганини кўрсатмоқчи, фикрлашга чорламоқчи бўлгандек.

Қум. Ҳамма жой қум. Унинг бағрида жойлашган, бош қаҳрамонни тутқунликда ушлаб турган қишлоқ. Қишлоқнинг ўзига хос жиҳати шундаки,учиб юрувчи қумларни вақтида тозалаб турмаса чуқурликда жойлашган қум нураб бораётган уйларни босиб қолади. Тозалаш вазифаси эса чуқурдаги кичик «қуллар» жамоасига юклатилган. Яъни жамиятнинг бутун оғир юки маълум тоифа инсонларга юклатилиб, қолганлар уларни устида «ҳайбаракалла»чилик қилади.

Бош қаҳрамонга шерик бўлган хотин ҳаётининг мазмуни – қумни тозалаш, уларни йиғиш, холос. Бу каби одамларни ёзувчи, фақат «бир тарафга бориш учун чиптаси бор» инсонлар деб таърифлайди. Бориш бор, қайтиш йўқ.

Фикримча, қумлар  бу - турмуш ташвишлари,бизга юклаб қўйилган бурч ва вазифалар. Ҳаётимизга бир қаранг, бир хил. Романдаги хотин каби қумлар (турмуш ташвишлари)ни тозалаш (бажариш)ни тўхтатиб, дўппини бошдан олиб, ҳаётдан мақсадим не, нима учун бу дунёга келдим деб ўйламаймиз. Уни ўрнига қумларни тозалаб, умримизни ўтказамиз...тозалаб, умримизни ўтказамиз...

Ўқишни тавсия этамиз: Қироллар ўқиган асар – «Ҳукмдор» ҳақида

Амир Темур ўз ўғлига нега ўлим ҳукми эълон қилган эди?

Болага китоб ўқиб бериш эмас, қандай китобни ўқиб бериш муҳим

Мавзуга оид