Фан-техника | 18:12 / 06.08.2018
5488
2 дақиқада ўқилади

«Ақлли» кўзойнак аутизмдан азият чекувчи болаларга ёрдам бериши аниқланди

Фото: REUTERS

Стэнфорд университети (Калифорния штати) олимлари Google "ақлли" кўзойнаклари ва махсус дастурий таъминотдан фойдаланиш аутизмдан азият чекувчи болаларга мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беришини аниқлашди. Атиги 10 ҳафта ичида смарт-кўзойнаклар иштирокидаги тадқиқотда қатнашган аутизм билан касалланган болалар атрофдагилар билан ўзаро муносабатларни янада яхшилашга ва уларнинг ҳис-туйғуларини яхшироқ англашга муваффақ бўлишган. NPJ Digital Medicine журналида шу ҳақида маълум қилинди. 

Тадқиқотда 3 ёшдан 17 ёшгача бўлган 14 нафар аутизмдан азият чекувчи бола иштирок этган, улар 10 ҳафта давомида Google Glass смарт-кўзойнаклари ва смартфон орқали Android'да ишловчи Superpower Glass System махсус иловасидан фойдаланишган.

Маълум бўлишича, аутик спектрда бузилиш аниқланган болаларда (РАС ёки ASD — autism spectrum disorder) атрофдагиларнинг ҳис-туйғуларини англаш ва улар билан мулоқот қилиш хусусиятларида муаммолар кузатилади. Бу эса бундай болаларнинг жамоатчилик билан мулоқот қилишига салбий таъсир қилади. 

Google'нинг "ақлли" кўзойнаги қуйидаги тартибда ишлайди: унга ўрнатилган видеокамера бола билан мулоқот қилаётган инсоннинг тасвир ёки овозини ёзиб олади ва уни махсус илова юкланган смартфон ёки планшетга узатади. Шундан сўнг илова ёрдамида кўзойнак дисплейида у ёки бу ҳиссиёт ҳақида маълумот (тегишли смайл ёки қисқа хабар шаклида) акс этади. Буларнинг бари автоматик равишда шифрланган шаклда тадқиқотчиларнинг ёпиқ серверига ёзилади, сўнгра улар аутизмга чалинган болаларнинг мулоқот натижаларини таҳлил қилишлари мумкин бўлади. 
 
Манбада таъкидланишича, илова саккиз базавий ҳиссиётни таний олади - хурсандчилик, маъюслик, ғазаб, ҳайрат, қўрқув, нафрат, бепарволик ва хотиржамлик. 

Тадқиқотлар натижасига кўра, аутизмдан азият чекувчи болаларнинг ота-оналари ва олимлар мулоқот кўникмаси ривожида ижобий динамикани қайд этишган. 

Мавзуга оид