Жамият | 10:51 / 06.08.2018
90429
6 дақиқада ўқилади

«Андижон «Жаҳон бозори»га «СЭС» бориб турармикан?..»

Баъзи муаммолар ҳақида билиб турсанг ҳам ёзишга истиҳола қиласан. Арзимаган, майдалашиш зарур эмас нарсадек туюлади. Лекин аҳоли томонидан тушган мурожаат унинг жуда долзарб ва кўтариб чиқиш ўринли эканлигини кўрсатиб беради.   

Андижон вилояти маркази бўлмиш Андижон шаҳрида тўртта катта бозор бор. Булар - “Деҳқон бозори”, “Холис” бозори, “Янги бозор” (ҳозир бузилиб, ўрнига янги савдо мажмуаси қурилмоқда) ва шаҳар четидаги “Жаҳон бозори”.

Юқоридаги савдо мажмуаларининг бири фақат кийим-кечак, рўзғор буюмларига ихтисослашган бўлса, яна бирида фақат мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади.

Автомашиналардан ташқари, бошқа жуда кўп турдаги нарсалар сотиладиган, ҳудуди ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари улкан савдо майдонига айланиб, водийнинг барча бурчакларидан харидорлар лак-лак оқиб келадиган энг гавжуми эса “Жаҳон бозори”. Майдони ҳам шунга яраша.

Kun.uz таҳририятига Андижондан мурожаат келиб тушди. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Мен водийнинг энг катта бозорларидан бири бўлган – “Андижон жаҳон бозори"даги ҳолат ҳақида ёзмоқдаман. Бозорда кўп йилардан бери ишлаб келаётган ҳожатхоналар умуман талабга жавоб бермайди. 10-15 йил олдин қурилган мазкур бинолар аллақачон ўз хизматини ўтаб бўлган. Савдо мажмуасига кўп миллионлаб тушум бўлсада, ички, ташқи йўллари таъмирталаб. Бозор ўртасидан ўтган катта ариқ атрофи ва ичи ахлатга тўла, негадир вилоят бозорлар уюшмаси, “бозорком”, шаҳар СЭС (ДСЭНМ) ходимлари бу аҳволга эътиборсиз бўлмоқда. “Жаҳон бозори”га замонавий биотуалетлар зарур. Илтимос, шу мурожаатимни ўрганиб эълон қилсангизлар. Шояд бозорга келган харидорлар учун кўнгилдагидек шароитлар яратилса...”.

Ҳақиқатда, ўринли мурожаат. Одамлар кўп тўпланадиган жойларда энг зарур, энг керакли ва энг долзарб бўлган қулайликлардан бири – ҳожатхона ва покизалик!

Биз “Жаҳон бозори”да бўлдик ва шароит билан танишдик.

Бозор атрофидаги транспорт ҳаракати, ташқи ва ички йўллар ҳолати, мажмуадаги тартиб, сотувчи ва харидорлар учун яратилган шароитлар алоҳида мавзу. Шунинг учун бошқа муаммоли жиҳатларга тўхталиб ўтмадик.

Бозорда ҳожатхоналар бор ва ишлаб турибди. Биз ҳудуднинг турли жойларида беш - олтита ана шундай иншоотни санадик. Ҳаммасига пул тўлаб кирилади. Нарх бир хил белгиланган - 500 сўм. Фақат бир жойда кириб-чиқиш минг сўм экан.

Энди ҳожатхоналар ҳолати ҳақида. Деярли барчасида аҳвол чатоқ. Бинолар эски, таъмирсиз. Қулайликлар яратилмаган. Иложсизликдан кириладиган жойлар. Оддий санитария ҳолати ҳам йўқ. Қўл ювиш ва таҳорат олиш учун бу жойга таъби нозик одам кирмайди ҳисоб. Бир сўз билан айтганда уларнинг ҳеч қайсиси бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек адибларидан бири ўзининг Америка томон сафари ҳақидаги мақоласида: “У ерларда ҳатто ҳожатхоналар ҳам пуллик экан!”, деб ёзганида ҳамма ёқа ушлаган эди. Ҳа, унда дунёқарашимиз ўзгача бўлган. Ўша пуллик ҳожатхоналарнинг ҳолати ҳам хизмат ҳақига яраша эканлигини кейин билдик. Ҳозир бизда ҳам ҳожатхоналар пуллик. Лекин...

Бозорга янги келган инсон ҳожатхоналарни топа олиши қийин. Чунки керакли жойни кўрсатиб турувчи белгилар деярли йўқ. Бу ерга кам келган киши, албатта, кимдандир уялмаса сўраб топади. Мутасаддилар савдо мажмуасига кўпчилик фойдаланиши учун замонавий қулай ҳожатхоналар, биотуалетлар қуриш масаласини кўриб чиқишлари керак.

Ҳақиқатда, бозорнинг тенг ярмидан бўлиб турган, халқ “Қорасув бозор” деб атовчи иккинчи ярмига ўтиш жойидаги зовур турли ахлатларга тўлган. Атрофга ундан ёқимсиз ҳид тарқалиб турибди. Ифлос сувдан кимлардир челакда сув олаётганига гувоҳ бўлдик (ишқилиб, ерга сепгани олаётган бўлсин...). Бозор ҳудудида бир дона - катта дарвозадан кириш жойдагина оқиб турган сув тизими кранини кўрдик. Унга ҳам турнақатор навбат. 

Биз фақат энг кўп харидорлар келадиган асосий бозорни ўргана олдик. Мазкур ҳудудда бундан ташқари - улгуржи, мева-сабзовот, мебель жиҳозлари билан савдо қилувчи алоҳида бозорлар ҳам бор. Айтишларича, у жойларда ҳам аҳвол ҳаминқадар.    

Ишонаверинг, водийнинг аксар бозорларига чет элдан меҳмон келса, мана шу ҳолатдан ўсал бўлишимиз тайин.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, аҳолига замон билан ҳамнафас ҳолда шароитларни яратиш учун жамоат жойларида покизаликка эътибор қаратиш пайти аллақачон етиб келган.

Аждодларимиз қадимдан тозалик, орасталик, покизаликка катта эътибор бериб келган бўлсада, сўнгги пайтларда умумий овқатланиш жойлари, ахлатхона ва ҳожатхоналарда санитария ҳолатларига жиддий қарамай қўйилган. Ўзбекистонга келган туристлар ҳам айнан мана шу жиҳатга салбий фикр билдиришмоқда.

Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда Давлат санитария эпидемиология Марказлари иш олиб боради. Лекин самарасини кўрмаяпмиз. Жарималар солиш керакдир, лекин бу билан иш битмайди. Жойлардаги шу соҳада иш олиб борувчи тадбиркорларга қандай иш ташкил қилишни кўрсатиб бериш, жаҳоннинг етакчи давлатлари андозаларини татбиқ қилиш тизимини яратиш керак.

Андижон вилоят бозорлар уюшмаси мутасаддилари, вилоят ва шаҳар ДСЭНМдан мазкур муаммоли жиҳатга эътибор қаратишини сўрар эдик.

Яна ўша мақола якунида кўп такрорланадиган гап: “Биз мазкур мавзуга яна қайтамиз..”.  

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид