Ўзбекистон | 12:30 / 10.08.2018
44008
2 дақиқада ўқилади

Бунёдкор кўчасидаги кўприк очилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Тошкент шаҳрининг Бунёдкор кўчасидаги янги қуриб битказилган кўприкни келиб кўрди.

«Маълумки, Бунёдкор кўчаси пойтахтимизнинг энг серқатнов йўлларидан бири. Бу кўчанинг Тошкент ҳалқа йўли, Фарҳод, Муқимий, Ислом Каримов, Навоий ва бошқа йирик кўчалар билан кесишган жойларида йўл ўтказгич ва туннеллар қурилган. 

Президентимиз топшириғига мувофиқ Бунёдкор ва Чўпон ота кўчалари чорраҳасида ҳам янги кўприк бунёд этилди. Бунинг натижасида энди Бунёдкор кўчаси бўйлаб тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракат таъминланади. Йўл ўтказгичда транспортлар 6 та қаторда ҳаракатланади. 

Шунингдек, бу ерда 124 метрлик иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилган. Ногирон ва кексаларга қулайлик яратиш мақсадида лифт ва эскалатор ўрнатилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбари ҳудудда амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Бундай иншоотларни қулайлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ақл билан лойиҳалаштириш, уларни сифатли ва замонавий қилиб қуриш зарурлиги таъкидланган. Ушбу майдон ва кўчаларда одамларга қулайликларни янада ошириш бўйича ўз фикрларини билдирган.

Шавкат Мирзиёев Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғини ҳам кириб кўрган. Боғни замонавий қилиб қайта қуриш, бу ерда очиқ ва ёпиқ аквапарк барпо этиш бўйича топшириқ берган, боғдаги бирорта ҳам дарахт кесилмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Мавзуга оид