Жаҳон | 22:08 / 23.08.2018
13963
2 дақиқада ўқилади

Расмий Кобул «Толибон» билан музокаралар учун шартини маълум қилди

© РИА Новости / В. Киселев

Афғонистон ҳукумати расмийлари Москвада ёки бошқа жойда «Толибон» ҳаракати вакиллари билан фақат тинчлик музокараларига тайёрлик намойиш этилгандагина учрашади. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Бундан аввалроқ Афғонистон ТИВ расмийси Сибғатулла Аҳмадий расмий Кобул «Москва формати»даги музокараларда иштирок этмаслиги, бу қарор АҚШ позициясидан мустақил равишда қабул қилингани ҳақида айтиб ўтганди.

«Афғонистон ҳукумати делегацияси «Толибон» ҳаракати тўғридан-тўғри тинчлик музокараларига тайёрликларини намойиш этишса, учинчи жойда музокараларда қатнашишга рози бўлади», дейилган баёнотда.

Қайд этилишича, «Толибон» ҳозирда тинчлик музокараларига тайёр эмас, улар халқаро ва минтақавий принципларга зид иш тутишмоқда.

Афғонистон томони «Москва формати»даги музокараларда «Толибон» ҳаракати вакиллари иштирок этишига зарурат йўқ, деб ҳисобламоқда.

Бундан аввалроқ Рейтер агентлиги ўз манбаларига асосланган ҳолда «Толибон» вакиллари 4 сентябрь куни Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Афғонистон бўйича музокараларда иштирок этиши ҳақида хабар тарқатганди.

РФ Ташқи ишлар вазирлиги эса «Москва формати» бўйича музокараларга жами 12 давлат вакиллари, жумладан, АҚШ ҳам таклиф этилганини билдирди. Қайд этилишича, музокараларга толибларнинг Доҳадаги ваколатхонаси таклиф қилинган.

АҚШ Давлат департаменти вакили маълум қилдики, АҚШ Москвадаги учрашувда иштирок этмоқчи эмас, чунки бундай формат самарали бўлишига ишонч йўқ.

Мавзуга оид