Жаҳон | 23:25 / 26.08.2018
7657
2 дақиқада ўқилади

Хитой такси хизмати ҳайдовчининг қотиллигидан кейин ўз хизмат турларидан бирини тўхтатди

Фото: AP Photo / Andy Wong

Хитойнинг энг йирик онлайн такси хизмати Didi ҳайдовчилардан бири аёл йўловчини ўлдиргандан кейин 27 августдан бутун мамлакат бўйлаб “йўл-йўлакай машина” хизматини тўхтатмоқда.

Шов-шувли қотиллик 24 августда Юэцин шаҳрида содир этилган. Маҳаллий вақт билан соат 14 атрофида 20 ёшли қиз такси хизматининг “йўл-йўлакай машина” хизматидан фойдаланган. Маълум вақт ўтгач ваҳимага тушган қиз дугонасига ҳайдовчи бирорта машина йўқ бўлган овлоқ тоғ йўли орқали кетаётгани ва ўзининг жойлашган ўрни ҳақида хабар жўнатган. Яна 5 дақиқадан кейин у “қутқаринг” деган хабар жўнатиб, сўнгра умуман алоқага чиқмай қўйган. Полиция қизни зўрлаб, ўлдирганини тан олган 27 ёшли ҳайдовчини қўлга олган. У қиз жасадини қаерга ташлаб кетганини кўрсатган.

Компанияда  таъкидланишича, хизмат ишга тушган 3,5 йил ичида ундан миллионлаб марта фойдаланилган. Такси хизмати хавфсизлик масаласи у учун катта синовга айланганини тан олган. “Биз тегишли идоралар ва жамоатчиликнинг танқидини самимий қабул қиламиз”, деб айтилган компания  баёнотида.

Ушбу қотиллик охирги бир неча ой ичида Didi ҳайдовчилари томонидан содир этилган иккинчи қотиллик бўлди. Май бошида Шаньдун вилоятида 21 ёшли стюардесса аэропортдан уйига қайтаётганда такси ҳайдовчиси томонидан ўлдирилган. Қотилликда гумон қилинган ҳайдовчининг ўзи ҳам бир неча кун ўтгач шаҳар каналида ўлик ҳолда топилган. Унинг ўлимига нима сабаб бўлгани маълум қилинмаган.

Такрор қотиллик такси хизматига нисбатан жамоатчиликнинг норозилигини келтириб чиқарган. Одамлар компанияни навбатдаги қотиллик учун жазолашга чақиришган.

Мавзуга оид