Спорт | 15:45 / 29.08.2018
14599
2 дақиқада ўқилади

«Олтин медалсиз кетмайман, дегандим». Диёрбек Ўрозбоев чемпионлик таассуротлари билан ўртоқлашди

Бугун, 29 август куни Осиё ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон дзюдо жамоаси дастлабки олтин медални қўлга киритди.

Фото: Анвар Илёсов

Турнирга -60 кг вазн тоифасида ташриф буюрган Диёрбек Ўрозбоев финалда япониялик Тору Шишимега қарши татамига чиқиб, олтин очко эвазига ғалаба қозонди. Чемпион «KUN.UZ» мухбирига ўз таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.

«Машғулотларда мураббийларимиз билан қаттиқ ишладик. Индонезияга «олтин медалсиз кетмайман», деган мақсадда келгандим. Кўриб турганингиздек, орзуим ушалди. Бу – халқимизнинг медали. Мустақиллик байрами учун совға бўлди. Шу ўринда ота-онамга ҳам раҳмат деб қоламан.

Фото: Анвар Илёсов

Финал баҳсида ғалаба қозониш осон бўлмади. Чунки дзюдо ватани Япония ҳисобланади. Япониялик спортчилар дзюдо бўйича анча кучли бўлиб келишган шу пайтгача. Шу сабаб мен хато қилмасликка уриндим, чунки хато қилдингми, улар бундан унумли фойдаланишади. Шу пайтгача Осиё ўйинларида ўзбекистонлик дзюдочилардан фақат Ришод Собиров олтин медални қўлга киритган эди. Иккинчи бўлиб бу мукофотга эга чиқиш менга насиб этди. Икки йилдан кейин мана шу натижамни Олимпиадада ҳам кўрсатаман. 

Фото: Анвар Илёсов

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимни кириб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклайман. Ота-онамнинг олдига юзим ёруғ бўлиб бораётганидан жуда ҳам хурсандман», дейди Ўрозбоев.

Фото: Анвар Илёсов

 

Мавзуга оид